Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси, Боғдод тумани ҳокимлиги билан ҳамкорлигидаги мазкур очиқ турнирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва қўшни Қирғиз Республикасидан 150 га яқин полвонлар ғолиблик учун кураш тушди.
Юқори савияда ташкил этилган турнирда полвонлар белбоғли курашнинг классик йўналишида 60, 70, 80, 90, +90 кг. вазн тоифаларида иштирок этди.
Муросасиз ва қизғин баҳсларга бой тарзда ўтган беллашувларнинг сўнгги натижаларига кўра, қуйидаги полвонлар ўз вазн тоифаларида барча рақибларидан устун келиб, шоҳсупанинг энг юқорисидан жой эгаллашди.
60 кг. – Ҳусниддин Ваҳобов (Фарғона)
70 кг. – Нусрат Султонбоев (Андижон)
80 кг. – Бекзод Абдуғаниев (Фарғона)
90 кг. – Ҳусниддин Рўзиев (Андижон)
+90. – Обидали Мавлонов (Фарғона)
Шунингдек, қирғизистонлик полвонлардан бир нафари - 60 кг. вазнда иштирок этган Раман Сапаров ҳам учинчи ўринни банд этди.
Кучли учликдан жой олган полвонлар турнир ташкилотчилари томонидан медаль, диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан мукофотланишди.
Эслатиб ўтамиз, Боғдод туманида 8-9 октябрь кунлари 2003-2004 йилларда туғилган ўғил болалар ва қизлар ўртасида мамлакат кубоги баҳслари ҳам ўтказилган эди.
Мираншоҳ РЎЗИЕВ,
Фарғона вилоят белбоғли кураш федерацияси бош котиби,
мусобақа бош ҳаками:
– Боғдод туманида ташкил этилган беллашувлар юқори савияда ўтишида аввало Фарғона вилояти ҳокимлигига, туман ҳокимлигига, Республика белбоғли кураш федерациясига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Туманда уч кундан буён спорт байрами, десак муобалаға бўлмайди. 8-9 октябрь кунлари ўсмирлар ўртасида мамлакат кубоги баҳсларини, бугун эса очиқ турнирни чиройли тарзда ўтказдик. Албатта, бу каби мусобақалар ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни, хусусан, миллий спорт туримиз бўлган белбоғли курашни янада ривожланишига хизмат қилади. Қолаверса, терма жамоаларимиз учун иқтидорли полвонларни саралаш вазифасини ҳам ўтаб беради.
Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади