10 декабрда Ҳамдўстликка аъзо давлатлар божхона хизматларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари раҳбарлари қўмитасининг навбатдаги 21-мажлиси бўлиб ўтди.
Видеоконференция тарзида ўтказилган мажлисда Арманистон, Беларусь, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, ва Ўзбекистон божхона хизматларининг масъул вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда МДҲга аъзо давлатлар божхона хизматларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш йўналишидаги фаолиятини ривожлантириш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган Стратегияси лойиҳасини кўриб чиқилди.
Мазкур ҳужжат ўзида божхона хизматларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш йўналишидаги фаолиятини ривожлантиришнинг умумий мақсадлари, асосий йўналишлари ва вазифаларини акс эттиради.
Шунингдек, МДҲга аъзо давлатлар божхона хизматларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари раҳбарлари қўмитасининг янги таҳрирдаги Низоми, қўмитанинг 2021 йилга мўлжалланган иш режаси видеоконференция давомида атрофлича муҳокама қилинди.
30 банддан иборат Режа нафақат ўзаро ҳамкорликнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, божхона соҳасида жиноятчиликнинг олдини олишда ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади, балки мазкур мақсадда божхона қонунчилиги бузилишини аниқлаш ва олдини олиш бўйича аниқ ташкилий ва амалий тадбирларни ҳам ўз ичига олади.
Шунингдек, режада томонларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилишга доир маълумотларни ўзаро алмашиши, божхона текширувлари ва суриштирув соҳасида ходимларнинг малакасини ошириш, кинология хизматини такомиллаштириш каби масалалар ҳам устувор аҳамият касб этади.
Бир сўз билан айтганда, бугунги тадбир келгусида мазкур йўналишда ўзаро ишончли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бу эса нафақат ҳар бир аъзо давлатларда, балки бутун МДҲ бўйлаб божхона қонунчилиги бузилишининг олдини олиш, айниқса наркотик моддалар савдоси, товарларнинг ноқонуний олиб ўтиш ва контрабандага чек қўйишда ҳал қилувчи роль ўйнайди.
Йиғилиш якунида тегишли қарорлар қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, МДҲ аъзо давлатлар божхона хизматларининг контрабанда ва божхона қонунчилигининг бузилишига қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳаракатларини мувофиқлаштириш мақсадида ташкил этилган қўмита доимий коллегиал орган бўлиб, 2008 йилдан буён фаолият юритади.
Қўмита таркибида гиёҳванд воситаларининг халқаро савдосига, иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш, божхона текширувлари ва суриштирув масалалари, кинология, ходимларнинг малакасини ошириш, ахборот-таҳлилий ҳамкорлик, интернет майдонидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш каби масалалар билан шуғулланувчи 6 та ихтисослашган ишчи гуруҳлар мавжуд, деб хабар беради Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.