Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 17-моддасида Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти эканлиги баён этилган.

Юртбошимизнинг “...Ташқи савдо билан боғлиқ назорат тизими ва инфратузилмани яхшилаш зарур. Жумладан, хорижий тажрибадан келиб чиқиб, божхона постларида назоратни амалга оширадиган божхона, санитария, карантин, ветеринария ва бошқа идоралар фаолиятини ислоҳ қилиш лозим. 2020 йилда 3 мингга яқин стандартларни қабул қилиш, уларнинг сонини 10 мингтага ва халқаро стандартлар билан уйғунлашиш даражасини 40 фоизга етказиш даркор...” - деган фикрлари ТИФни ривожлантиришда халқаро стандартлар имплементацияси асосий масала эканлигини англатади.

Ҳозирга келиб ISO (International Standard Organization) ташкилоти маҳсулот ва хизматларга доир 23512 та халқаро стандартни ишлаб чиққан бўлиб, божхона соҳасига оид стандартлари мавжуд. Шунингдек, Жаҳон божхона ташкилоти ҳамда Жаҳон савдо ташкилоти доирасида қабул қилинган “Жаҳонда савдони енгиллаштириш ва хавфсизликнинг ҳадли стандартлари (SAFE дастури)” (2018 й. таҳрири), “Чегарани кесиб ўтишда    Е-тижорат ҳадли стандартлари” (2018 й.), “Божхона процедураларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро Киото конвенцияси” (2018 й. таҳрири) ва бошқа бир қатор норматив ҳужжатларда белгиланган божхона ишини тартибга солувчи стандартлар халқаро савдода тартиб-таомилларни бирхиллаштириш ва уйғунлаштиришга хизмат қилади.

Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда 5893 та (йил якунига режа 2900 та) янги халқаро талаблар асосида ишлаб чиқилган стандартлар қабул қилинди, шу билан бирга тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида, бозор иқтисодиёти механизмларига салбий таъсир кўрсатадиган ва маънан эскирган 5981 та стандарт амалиётдан чиқарилди ва 3736 та стандарт қайта кўриб чиқилди. Бугунги кунда меъёрий ҳужжатлар фондидаги 30661 та стандартнинг 14521 таси ёки 47,4 % халқаро стандартлар билан уйғунлашган. Техник регламентлар ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга жорий қилиш мақсадида 2020 йилда 4 та умумий ва 4 та махсус техник регламентлар қабул қилинди. Жами техник регламентлар сони 48 тани ташкил этди (36 та умумий, 12 та махсус). Жорий йил якунига қадар 6 та техник регламент ишлаб чиқиш белгиланган (2020 йил 1 ноябрь ҳолатига). Бугунги кунда стандартлаштириш бўйича 135 та халқаро техник қўмиталарга аъзо бўлинди. Божхона Иттифоқида амалда бўлган 52 та техник регламентдан 25 таси мамлакатимизда тасдиқланган техник регламентлар билан уйғунлаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 29-бобида, яъни Хавфни бошқариш тизими келтириб ўтилган бўлиб, унга асосан, ББТ «Биринчи таянч» стандартларидаги 4-стандарт — Хавфни бошқариш тизими,
6-стандарт — Дастлабки электрон информация, 9-стандарт — Хавфсизликни баҳолаш каби стандартлар ўз аксини топган бўлиб, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида амалиётда қўлланиб келинмоқда.

2020 йил 9 ойлик якунларига кўра давлатимиз божхона постларида экспорт божхона расмийлаштирувига сарфланган ўртача вақт 59 дақиқадан, импорт божхона расмийлаштирувига эса ўртача 3 соат 42 дақиқадан иборатлигини кўрсатмоқда.  2019 йилда расмийлаштирув учун сарф этилган ўртача вақт экспортда 53 дақиқани, импортда 3 соат 36 дақиқани  ташкил этган. Бу эса “COVID-19” пандемияси инқирози божхона соҳасини ҳам четлаб ўтмаганини англатади.

Норматив ҳужжатларни халқаро ҳужжатлар билан уйғунлаштириш     ёки унификация қилишда ундаги тушунча ва атамаларнинг бир хиллаштирилиши муҳим роль ўйнайди. Шу боисдан, Жаҳон божхона ташкилотининг 2018 йилда нашр этилган барча божхона соҳасига оид ҳужжатлар учун умумий бўлган “Халқаро божхона атамалари луғати” асосида миллий божхона қонунчилигимиздаги Божхона кодекси ва бошқа ҳужжатлардаги терминларнинг изоҳига мувофиқлаштириш лозимлиги асосланган.

Ҳозирги кунда халқаро стандартларни имплементация қилиш Киото конвенциясига аъзо бўлгач, ҳуқуқий базани такомиллаштириш йўналишида унинг стандартлари ва тавсиявий стандартларини ҳам миллий қонунчиликка жорий қилиш долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Хосиятхон АБДУРАҲМОНОВА,

Божхона институти божхона хизмати капитани,

“Умумҳуқуқий фанлар” кафедраси профессори в.б.,

юридик фанлар доктори (DSc), доцент