Жорий йилнинг 10 март куни Божхона институти курсантлари Тошкент шаҳрида жойлашган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабга ташриф буюрдилар. Ташриф курсантларни мактаб ўқувчиларига яратилган шароитлар билан таништириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича бешта муҳим ташаббуси доирасида бўлиб ўтди.
Ташриф чоғида курсантлар мактаб фаолиятига оид маълумотлар билан таништирилиб, фан кабинетларидан ташқари дарслар ҳамда факультатив машғулотларни инновацион усулларда ўтиш учун қўшимча имкониятлар яратилганлиги ва “Artel”, “Ucel”l, “ZTE” ва “Huawei” компанияларининг махсус синфлари очилганлиги, мактабда ўқувчилар замонавий мобил ва компьютер дастурларини ўрганиши, ўз устида ишлаб, тажриба ошириши учун робототехника ва санотехника хоналари, инновацион ва виртуал лабораториялар ташкил этилганлиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиларига ҳам Божхона институти ва унда яратилган шароитлар, ўқув жараёнининг ташкил этилиши, институтда таҳсил олаётган бўлғуси божхоначилар мамлакат иқтисодий хавфсизлиги соҳасида фаолият кўрсатиши тўғрисидаги маълумотлар бериб ўтилди.
Курсантлар мактаб бўйлаб экскурсия қилдилар, улар билан мактаб ўқувчилари ўртасида спортнинг шахмат йўналиши бўйича ўртоқлик учрашуви ҳам бўлиб ўтди.