Бугун жамиятимизда аёлларнинг ўрнини мустаҳкамлаш учун бир қатор муҳим ишлар олиб борилмоқда. Оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб қўйилди. Гендер тенгликни таъминлаш, жамиятда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасиз муҳитни яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатини таминлаш давлат сиёсатининг муҳим вазифаларидан бирига айланди.
Хотин-қизлар бугун оилада, жамиятда ва сиёсий доирада катта роль ўйнамоқда. Аёлларнинг азалий меҳрибон қиз, ғамхўр опа ёки сингил, садоқатли умр йўлдош, ўз фарзандлари учун жонини ҳам фидо қилгувчи она, содиқ сирдош, маслаҳатгўйлик вазифаларига бугун яна тажрибали ходима, ишбилармон аёл, инноватор бошловчи каби сифатлар ҳам қўшилмоқда.
Лекин айни пайтда жаҳон хотин қизлар ҳаётига назар солиб, аёллар тақдири билан боғлиқ кўнгилни хира қиладиган ҳолатлардан ҳам кўз юмолмаймиз. Аксарият мамлакатларда (баъзан ўзимизда ҳам учраб турибди) аёллар, хотин-қизлар саводсизлик, зўравонлик, турли хил ҳақоратлар, эрта турмуш, камситишлар, четлатишлар, тазйиқлар остида кун кечиришади.
Хўш, биз ўз аёлларини ҳимоя қилолмайдиган миллатмизми? Албатта, йўқ. Бизда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва уларнинг турмуш тарзини яхшилаш учун кўплаб ташкилотдар тузилган:
- Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси;
- Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси;
- Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси;
- “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти шулар жумласидан.
Ҳар бир қиз хавфсиз, билимли ва соғлом ҳаёт кечириш ҳуқуқида эга. Агар ёшлик давриданоқ улар қўллаб-қувватланса, қизлар бугунги куннинг кучли инсонлари ва эртанги куннинг меҳрибон оналари, тадбиркорлари, мураббийлари, уй бекалари ва сиёсий раҳбарлари сифатида дунёни ўзгартириш имкониятига эга бўлишади.
Тошкент давлат юридик университетида “Халқаро қизлар куни” муносабати билан “Талаба қизлар форуми” ўтказилди. Тадбир ўз доирасига кўплаб истеъдодли қизларни қамраб олди. Қизлар спорт, санъат, мусаввирлик, рақс маҳорати, мушоира, бадиий ижод, миллий либослар намойиши каби бир қанча лойиҳалар бўйича ўз маҳоратларини намоён қилдилар. Якунда ғолиблар муносиб тақдирланди.
Муниса Абдуваҳобова,
ТДЮУ талабаси