Мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасида туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги ислоҳотларнинг самарали ҳаётга татбиқ этилиши, биринчи навбатда, давлат хизматчиларига боғлиқ. Шу боис, замонавий эҳтиёжларга жавоб берадиган давлат хизмати аппаратини шакллантириш устувор вазифага айланди.

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойилни тўла рўёбга чиқариш, давлат фуқаролик хизматининг ташкилий-ҳуқуқий механизмини тартибга солиш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлди.

Қонунда белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш мақсадида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, бугунги кунга келиб давлат органлари ва ташкилотларидаги раҳбарлик лавозимлари учун кадрлар захирасини шакллантириш ишлари амалга оширилди. Жумладан, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Давлат бошқаруви академияси томонидан ишлаб чиқилган махсус дастур асосида миллий кадрлар захирасига киритилган номзодлар учун қисқа муддатли малака ошириш курси ташкил этиляпти.

Навбатдаги курсда Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳридан миллий кадрлар захирасига олинган номзодлар малака оширди.

Ўқув давомида ҳам назарий, ҳам амалий машғулотлар ташкил этилди. Машғулотларни тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Давлат бошқаруви академияси профессор-ўқитувчилари олиб борди.

Тингловчиларга “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳияти, замонавий раҳбар қиёфаси, ҳокимлик институтининг институционал ва функционал жиҳатлари, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш ва бошқа ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар хусусида билим ва кўникма берилди. Давлат хизматида жамоатчилик билан алоқалар ва медиа саводхонлик каби бир қатор муҳим йўналишларда бугунги кун раҳбарлари учун зарур маълумотлар тақдим этилди, масъул раҳбарлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилди. Конструктив руҳда ўтган очиқ мулоқотларда тизимдаги мавжуд муаммолар ҳақида фикрлашилди, тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, таклифлар берди.

– Мазкур ўқув жараёнида тингловчиларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизими, коррупцияга қарши кураш, давлат хизматини рақамлаштириш, бошқарув маҳорати йўналишларидаги интеллектуал ва профессионал салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди, – дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бош инспектори Темур Абдуллаев. – Ушбу ўқув курсини якунлаган номзодлар келгусида вазирлик ва идораларда тажриба орттириш мақсадида амалиёт ўтайди. Бу тадбирлардан кўзланган мақсад – республика, тармоқ ва ҳудудий даражаларда профессионал тайёрланган самарали раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш.

– Давлат фуқаролик хизматида, айниқса, раҳбарлик лавозимида ишлаш катта масъулиятли вазифа, – дейди малака ошириш курси тингловчиси, Сергели тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Акмал Жумабоев. – Юртимизда бундай шарафли ишда муносиб фаолият юритиш учун барча шароитлар яратилган. Аммо муайян масалалар ҳам борки, уларнинг оқилона ечимини топиш раҳбар зиммасига катта масъулият юклайди. Малака ошириш курси бу борада бўлажак раҳбарлар учун катта маҳорат мактаби бўлди. Олимлар ва кўп йиллик тажрибага эга раҳбарлар бизга ўз билим ва тажрибасини ўргатди. Иш фаолиятимизда учраётган муаммоли вазиятлар юзасидан саволларимизга атрофлича жавоб олдик. Бу ерда орттирган билим ва тажрибамиз келгусида ҳудудларни ривожлантириш бўйича ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни ишлаб чиқиб, амалга оширишимизда ниҳоятда асқотади.

Малака ошириш дастуридан нафақат назарий, балки амалий машғулотлар, маданий-маърифий тадбирлар ҳам ўрин олди. Жумладан, тингловчилар Ўзбек миллий академик драма театрида Усмон Азим асари асосида саҳналаштирилган “Адолат фасли” тарихий драмасини томоша қилди.

Баҳор ХИДИРОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири