Болаларга ғамхўрлик дунёнинг барча мамлакатида давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Жумладан, юртимизда ҳам эртамиз эгаларининг жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб камол топиши учун барча имконият ишга солинмоқда. Айниқса, болалар ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг қонуний асослари яратилди.
Бу янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам мустаҳкамланди. Жумладан, Бош қонунимизда ота-оналарнинг фарзандлари олдидаги мажбурияти алоҳида кўрсатилди. Давлат ва жамият ота-она васийлигидан маҳрум бўлган ва етим болаларга ғамхўрликни ўз зиммасига олиши қайд этилди. Оналик ва болалик давлат муҳофазасида экани таъкидланди. Бу халқимизнинг нечоғлиқ болапарвар эканига яна бир далилдир.
2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ўтказишнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий механизмларни кучайтириш вазифаси белгиланган. Бу борада янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) Сурайё РАҲМОНОВА билан суҳбатимиз шулар хусусида бўлди.
— Болалар ҳуқуқини таъминлаш дунёдаги долзарб масалалардан биридир. Айтинг-чи, болалар ҳуқуқи таъминлангани бўйича жаҳон рейтингида қайси давлатлар етакчилик қилади? Мамлакатимиз нечанчи ўринда турибди?
— Ҳақиқатан, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш дунёдаги муҳим масалалардан. Шу боис, давлатимиз мустақил бўлганидан кейин ратификация қилинган дастлабки ҳужжатлардан бири Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциядир. Ўзбекистонда айнан болалар ҳақ-ҳуқуқини таъминлаш жараёнида халқаро стандартларга риоя қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Бутун дунёда, хусусан, ривожланган демократик давлатларда бу масалага алоҳида эътибор қаратилади. Бу борада бир қанча рейтинглар мавжуд. Масалан, Болалар тараққиёти бўйича глобал индекс болаларнинг фаровонлиги, таълими ва овқатланиши, атроф-муҳит шароити каби параметрларни ўз ичига олади. Ушбу рейтингда Норвегия 1-ўринда туради. Шу билан бирга, етакчи 10 таликдан Нидерландия, Франция, Ирландия, Дания, Бельгия, Исландия, Буюк Британия, Жанубий Корея ва Япония ҳам ўрин олган.
Яна бир халқаро рейтинг — “Save the Children” вояга етмаганлар никоҳи, эрта ҳомиладорлик, чақалоқлар ўлими ва болалар меҳнати каби омилларни инобатга олган ҳолда тайёрланади. Ушбу рейтингда етакчи ўринларда Сингапур, Швеция, Финляндия, Норвегия, Словения, Германия, Ирландия, Италия, Жанубий Корея ва Бельгия туради. Болалар фаровонлиги бўйича глобал индексда Ўзбекистон ўзининг позициясида юқорилаб бормоқда. 2017 йилда мамлакатимиз ушбу рейтингда 78-ўринни эгаллаган бўлса, 2021 йилда 62-ўринга кўтарилди. Бу ниҳоятда катта ютуқ, халқаро эътироф, дейиш мумкин. Бунда нималар инобатга олинди? Аввало, чақалоқлар ўлими камай гани, болалар меҳнатига йўл қўйилмаётгани, вояга етмаганлар никоҳи бартараф этилгани мамлакатимизнинг рейтингдаги кўрсаткичи яхшиланишида катта аҳамият касб этди. Шунингдек, эрта ҳомиладорлик ва қатор бошқа нохуш ҳолатлар билан курашиш борасида давлат ўзининг қатъий позициясини, сиёсий иродасини кўрсатгани айнан шу рейтингда ўрни юқорилашига омил бўлди.
Бу масалаларга бошқа давлатларда ҳам эътибор катта. Мисол учун, Скандинавия давлатларида болалар ҳуқуқлари ҳимояси ҳамиша энг устувор вазифалардан бири саналган. Швеция, Норвегия, Данияда ижтимоий ҳимоя ва болалар манфаатини ҳимоя қилишга оид қонунлар ниҳоятда яхши ишлайди. Нафақат бегоналар, ҳатто ўз ота-онаси ва васийлари ҳам боланинг шахсий ҳудудига дахл қилишига йўл қўйилмаслиги, вояга етмаганларни ҳар қандай нохуш ҳолат, зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида айнан Швецияни энг намуна бўладиган давлат, деб айтиш мумкин.
— Халқимиз болажонлиги билан танилган. Бироқ кейинги пайтларда учраётган айрим нохуш ҳолатларни кўриб, кишида савол пайдо бўлади: болажонлик билан болапарварлик моҳиятан бир-биридан узоқ тушунчами?
— Бу ниҳоятда чуқур ёндашув талаб этадиган савол. Тўғри, болажонлик миллий қадриятимиз, менталитетимиз ва халқимизга хос хислат. Бироқ ўзаро яқин бўлса-да, болажонлик ва болапарварлик турли тушунчалардир. Чунки болажонлик кўпроқ болаларни севиш, ардоқлаш, яхшилик қилишга интилишда кўринади. Бу бироз мавҳум тушунча. Болапарварлик эса аниқ, конкрет хатти-ҳаракатларда намоён бўлади. Яъни болапарварлик ҳар қандай вазиятда болани ҳимоя қилиш, манфаатларини устун қўйиш, катталарга нисбатан заифлиги, шахс сифатида ҳали тўла шаклланмагани, ўз ҳуқуқларини англамаслиги нуқтаи назаридан уни парваришлаш, ҳимоя қилиш ёндашувида бўлишни билдиради.
— Болаларни ота-онасининг зарар етказувчи хатти-ҳаракатидан ҳимояловчи нормативлар қандай ишлайди?
— Айни пайтда болаларни ҳимоя қилиш жамиятимиз диққат марказидаги масала бўляпти. Ачинарлиси, улар нафақат бегоналар, балки ўзига яқин муҳитдаги яқинлари, қариндош-уруғи, ҳатто ота-онасидан озор кўраётган, зўравонлик қурбони бўлаётган ҳолатлар кўпаймоқда. Бундай вазиятларга йўл қўймаслик учун давлатимизда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш юзасидан қатор ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар қабул қилинган, муайян таъсир чоралари белгиланган. Улар болани парваришлаш, ота-она сифатида зиммасига юкланган мажбуриятларни бажаришдан тортиб, боланинг шахсий дахлсизлиги, ҳаёти ва соғлиғига оид ҳуқуқларни бузганлик учун жавобгарлик кабиларни ўз ичига олади.
Охирги пайтда турли сабаблар, ижтимоий мураккаб вазиятлар оқибатида болаларни қаровсиз қолдириш, ота-оналар томонидан етарлича таълим-тарбия бермаслик, парваришламаслик ҳолатлари кўпайган. Қонунчиликда бундай хатти-ҳаракат ёки ҳаракатсизлик учун қатъий жавобгарлик белгиланган. Масъулиятини бажармаган ота-оналар, васийларга қонунда кўзда тутилган жазо, албатта, муқаррар. Охирги пайтда Болалар омбудсмани бевосита шундай мурожаатлар билан ишлаяпти. Болаларга нисбатан нафақат жисмоний, балки жинсий зўравонлик кузатилмоқда. Бунга давлатнинг қонуний, қатъий жавоби бор. Яъни бундай жиноятларга йўл қўйган шахслар ким бўлишидан қатъи назар, қонун олдида жавоб беради. Давлатнинг айнан болаларни ҳимоя қилиш бўйича иродаси ва позицияси қатъий, болаларга зўравонликка нисбатан ниҳоятда муросасиз.
— Болалар омбудсмани охирги пайтларда учраётган мана шундай зўравонликларнинг қанчасини назоратга олди?
— Болалар омбудсмани сифатида фаолият бошлаганимизга кўп бўлмади. Бироқ ўтган қисқа вақтда бундай ҳолатлар кутилганидан кўп учради. Болаларга нисбатан мудҳиш жиноят содир этган ҳар қандай шахс қонун олдида жавоб бериши шарт.
Бевосита Болалар омбудсманига келиб тушган, шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали келаётган турли мурожаатлар билан ҳам шуғулланяпмиз. Болаларга қўпол, нолойиқ муомалада бўлганларни тоифаларга бўлиб айтиш мумкин. Жумладан, қатор ҳолатларда яқинлари, яъни ота-оналари болага нисбатан зўравонликка йўл қўйган бўлса, таълим-тарбияга масъул шахслар, дейлик, ўқитувчилар ёки мактабгача таълим муассасаси тарбиячилари, энагаларнинг нолойиқ, қўпол муомаласи ёки озор бериши оқибатида болаларга турли даражадаги жароҳат ёхуд эмоционал-психологик таъсир кўрсатиш ҳолатлари учрамоқда. Бундай ҳолатларни Болалар омбудсмани зудлик билан назоратга олмоқда. Жиноий ёки маъму рий тартибдаги иш бўлишидан қатъи назар, масъул давлат органлари билан ҳамкорликда жазо муқаррарлиги таъминланяпти.
— Болалар омбудсмани жойлардаги ота-она қарамоғидан маҳрум, етим болалар тарбияланаётган хонадонларга бориб турадими? Улар билан юзма-юз мулоқот ўтказадими?
— Мамлакатимизда болаларга оид халқаро стандартларга риоя қилинаётганини муҳим қадам, дейиш мумкин. Меҳрибонлик уйлари, ота-она қарамоғидан маҳрум ёки етим болалар сақланадиган махсус муассасалар жиддий равишда қисқартирилди. Яъни болаларни Меҳрибонлик уйлари ёки шу шаклдаги муассасалардан оилавий муҳитга жойлаштириш, имкон қадар жамиятга интеграциясини таъминлаш, оилани юрагидан, қалбидан сезиши ва шу муҳитда улғайиши учун катта ишлар қилинди. Бунинг натижасида бугун 600 дан ортиқ шундай ўғил-қиз оилавий болалар уйларида яшаб, таълим-тарбия олмоқда. Жараён изчил, ҳол. Фаолиятимиз давомида ҳатто ота-оналар ўртасидаги низолар, турли ажрим ҳолатларида ота ҳам, она ҳам ўзининг ҳақиқати, муносабати билан ишга ёндашувига гувоҳ бўлдик. Лекин Болалар омбудсмани учун боланинг манфаати ҳамиша устун. Унинг ота-онаси ёки бошқа васийлари эмас, биринчи навбатда, боланинг манфаати биз учун устувор аҳамиятга эга. Айнан шу ёндашувдан келиб чиқиб, бугун қатор қонун ҳужжатларига киритиш учун таклиф ва тавсияларимизни бериб бормоқдамиз. Қонунчилик ҳокимияти, парламент палаталари йиғилишлари ва муҳокамаларида бевосита Болалар омбудсмани иштироки кўзда тутилган. Яқин кунларда иккинчи ўқишда қабул қилиниши режалаштирилаётган Болалар омбудсмани тўғрисидаги қонунда ҳам айнан ана шу ваколат ва имкониятлар баён этилган. Яъни Болалар омбудсманининг Сенат ҳамда Қонунчилик палатаси муҳокамаларида иштирок этиш, турли масалалар юзасидан фикрини баён қилиш, таклифлар киритиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, Конституциявий суд, Олий суд пленуми мажлисларида бевосита Болалар омбудсмани иштироки таъминланади.
— Охирги пайтларда юз бераётган, қалбларни ларзага солаётган воқеаларга қарамай, мамлакатимизда болалар ҳақ-ҳуқуқи тўла кафолатланган, дея олишимиз учун асос қай даражада?
— Бундай ҳолатлар фақат Ўзбекистонда эмас, барча давлатларда, ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам кузатилади. БМТ тадқиқотларига кўра, бугун ўзига яқин муҳитда болаларнинг 40 фоиздан ортиғи турли шаклдаги зўравонлик қурбони бўлган. Бу маълумот болаларга турли шаклда тазйиқ ўтказиш фақат Ўзбекистонга хос эмас, балки глобал долзарб муаммо эканини англатади. Албатта, ҳозир жамиятимиздаги очиқлик, давлат органлари фаолиятининг шаффофлигини инобатга олган ҳолда бундай ҳолатларга қарши кураш қандай кечаётганини кузатиш имконияти жуда кенг. Эътибор берсангиз, бундай ҳолатлар ошкор бўлгани заҳоти тезкор муносабат билдириляпти. Бу ўринда, биринчи навбатда, болага нисбатан зўравонлик ҳолатига асло йўл қўйиб бўлмаслиги, давлатнинг муросасиз муносабати акс этса, иккинчидан, бу каби ҳар қандай ҳолатга жазо муқаррарлиги ҳамда бола қонун ҳимоясида экани жамоатчиликка етказиляпти. Мана шу ёндашувни юртдошларимизнинг тафаккурига сингдириш бўйича саъй-ҳаракатлар кетмоқда. Албатта, турли оилавий мураккаб вазиятлар бўлади. Лекин асло унутмаслик керакки, бундай вазиятларда бола қурбон бўлиши мумкин эмас. Ота-онанинг ўзаро қандайдир келишмовчилиги бўлса, масалани маданиятли одамлардек беозор йўл билан ҳал қилиши керак. Болалар ота-онанинг бир-биридан қасд олиши учун ёки бир-бирини турли шаклда азоблаши учун восита бўлиши мумкин эмас. Охирги пайтларда шундай вазиятларда болалар ота-оналар ўртасидаги низолар қурбони бўляпти. Айнан улар кўпроқ жабр кўряпти.
Сўнгги вақтларда болаларга нисбатан ота-онаси ёки васийлари томонидан зўравонлик ҳолати ошаётганини ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган кўплаб хабарлар, Болалар омбудсмани котибиятига келаётган мурожаатлардан кўряпмиз. Мурғак болаларга бундай шафқатсиз ва аёвсиз муомалани кўриб, ҳар қандай инсоннинг юраги ларзага келади. Ваҳоланки, ҳар бир бола ўз уйини энг хавфсиз ва севимли маскан, ота-онасини эса ҳаётнинг турли синовларидан ҳимоя қилувчи посбон деб билади. Зўравонликни ташқарида бегоналардан эмас, балки энг яқинларидан — унга меҳр-муҳаббат кўрсатиши керак бўлган инсонлардан кўраётган боланинг кўнглидан нималар ўтишини энди тасаввур қилиб кўринг! Бундай ўғил-қизнинг дунёси остин-устун бўлади, ҳаётга, эртанги кунга, инсонларга ишончи буткул сўнади. Ота-оналик бурчини тўғри англаган ҳеч бир шахс, руҳан ва қалбан соғлом инсон фарзандига бундай ҳолатни раво кўрмайди.
Фарзанд — ота-онанинг “шахсий мулки”, деган қараш билан яшашни бас қилайлик. Ота-оналар болага эгалик қиладиган эмас, аксинча, унга ғамхўрлик ва меҳр кўрсатадиган, фарзандининг жисмонан, руҳан ва ақлан камол топиши учун барча зарур шарт-шароит яратадиган инсонлардир. Ҳар бир боланинг ҳуқуқ ва манфаати қонун ҳимоясида. Мана шу қоида юртдошларимиз тафаккурига сингиши керак.
— Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганларнинг фарзанди қаерда яшайди?
— Ота-оналикдан маҳрум қилиш — мураккаб жараён. Бундай қатъий қарорга келиш бирданига, шошма-шошарлик билан бўлмайди. Қатор талаблар бор. Дейлик, ота-она бола ҳақ-ҳуқуқларини муттасил бузса, унга нисбатан зўравонликка йўл қўйса, фарзандини боқиш, тарбиялашдан воз кечса, жиддий наркологик ёки алкоголик касалликка йўлиқиш туфайли вазифасини бажаролмайдиган ҳолатга келса, ота-оналикдан маҳрум қилиш масаласи қўйилади. Бу масала фақат суд қарори асосида ҳал этилади. Шундай ҳолатларда отаси ҳам, онаси ҳам бирдек ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса, болани бошқа яқини, унинг манфаатини устун биладиган шахсларга топшириш масаласи суд томонидан ўрганилади. Бунда энг асосий ўринни васийлик ва ҳомийлик органи белгилайди. Ҳар бир вазият манзилли, индивидуал ўрганилади. Шу ҳолатда бола учун маъқул, энг муносиб бўлган васий ким? Унинг бобо-момоларими ёки бошқа яқин қариндоши ёхуд болани боқиб олиш учун ташаббус кўрсатган инсонларми? Мана шу масала тўлиқ ўрганилади. Шундан кейингина бола бошқа ота-она ёки васийларга топширилиши мумкин.
— Мамлакатимизда болалар ҳуқуқларига доир қонунчилик базаси мустаҳкам. Лекин уларнинг амалда қўлланиши ва қатъий устуворлигини таъминлаш ҳолати сизни қониқтирадими?
— Бугун, албатта, қонунчилигимизда болаларни ҳимоя қилиш борасида муаммолар кўп, деб айтолмаймиз. Холис эътироф этиш зарур: Ўзбекистон Марказий Осиёда гендер тенглик ва болалар манфаатлари таъминлангани бўйича энг илғор мамлакат. Чунки болаларга нисбатан содир этилган жиноятлар, шу жумладан, жинсий жиноятлар юзасидан жазолар қатъийлаштирилган ва ниҳоятда қаттиқ кўринишда, енгиллик берилмайдиган тарзда қонунда белгиланган. Бу эса кўплаб мамлакатлар, ҳатто демократик ривожланган давлатларда ҳам ҳали-ҳануз қилинмаган иш. Шу нуқтаи назардан айтиш керак: қонунчилигимиз мустаҳкам ва болаларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилади. Шу билан бирга, қонунни бевосита таъминлаш жараёнида турли масалалар, муаммолар юзага келиши мумкин. Бунинг асосий сабаби нимада? Ҳуқуқи бузилганида боланинг бевосита мурожаат қилиш имконияти чекланган. Ўзининг ҳуқуқи бузилганида катталар Инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсман ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи турли органларга мурожаат этади. Лекин бу бола учун жуда нозик вазият: у отаонасига тобе, ота-онасининг тарбиясида. Шундай экан, у қандай қилиб ота-онаси ёки бошқа қариндошларининг зўравонлигига учраётганини айтади? Бу масалада болалар чекланган ва заифдир. Вазифамизнинг мураккаблиги шундаки, бундай ҳолатларни ўзимиз аниқлашимиз зарур. Шу каби вазиятлар ҳақида кичкина сигнал бўлса ҳам аниқлаш, унга тезкорлик билан муносабат билдириш, айбдорнинг жавобгарликка тортилиши ва бундай нохуш ҳолатлар бошқа қайтарилмаслигини тизимли таъминлаш фаолиятимизнинг устувор йўналишларидан. Масалан, охирги пайтда таълим муассасаларида болаларга нисбатан зўравонлик қилиш, қадр-қимматини ерга уриш ҳолатлари учрамоқда. Бундай ҳолатлар тизимли бўлиб қолиши мумкин эмас. Ўқитувчи ёки тарбиячилар — бола таълим-тарбияси зиммасига юклатилган шахслар вазифасининг тескарисини қилиб, ўғил-қизларга зуғум ўтказса, ҳолат педагогни ишдан бўшатиш билан тўхташи керак эмас. Бундай ҳолатларга муросасиз бўлмоғимиз зарур, токи бошқа қайтарилмасин. Нафақат болаларни ҳимоя қилиш, балки ўқитувчи ва тарбиячиларни тегишли вазифа, лавозимга тайинлаётганда психологик кўрикдан ўтказиш, яъни бола билан мулоқот қилишга қанчалик тайёрлиги, эмоционал жиҳатдан ва соғлиғи барқарорлиги текширувдан ўтказилиши шарт.
— “Мультииндикатор кластер кузатуви”га кўра, Ўзбекистонда 1 ёшдан 14 ёшгача бўлган 3 боладан 2 нафари зўравонлик билан тарбияланишни бошдан кечирган, деган хабар тарқалди. Бунга муносабатингиз қандай?
— Бу масалага чуқурроқ ёндашиш зарур. Унинг негизида миллий қадриятлар билан бирга миллатга хос ёндашувлар, фарзандга муносабат, боланинг қадрқиммати кабилар туради. Масалан, ўзбек оилаларини олайлик. Одатда болага нисбатан ота-она ўзини ҳукмрон ҳис қилади. Отанинг, онанинг айтгани-айтган, деганидеган. Фарзанд фақат рухсат берилган пайтда ўз фикрини баён қилиши мумкин. Ёки ҳаётимизда кузатувларни бир эслаб кўринг: “Сен жим тур”, “Аралашма”, “Сендан ҳеч ким сўрагани йўқ”, “Фикрингни кейин айтасан”, деган муносабатга дуч келасиз. Болага мукаммал, ҳақ-ҳуқуқли инсон сифатида қаралмайди. Яъни фарзанд — ота-она қўл остидаги одам, ота-она нима деса, шу бўлади. Тўғри, тарбия, миллий қадриятларимиз нуқтаи назаридан бунинг ижобий тарафлари ҳам бордир, эҳтимол. Лекин мустақил инсон сифатида ўзини англаши ва шахс сифатида шаклланиши жараёнида болани мана шундай бўғиш, чеклаш ҳолатлари кўпроқ кузатилади. Табиийки, бу ҳолат фарзанднинг психологик ривожланишига жиддий зарар етказади. Болалар ўзининг мана шундай зўравонлик остида улғайганини кейин англаб етади.
Зўравон ота-оналар қаердан пайдо бўлади, деган савол туғилиши табиий. Улар ҳам зўравонликка асосланган тарбия маҳсули. Жараён эса давом этмоқда. Уни тўхтатиш учун эса фарзандларимизга инсон сифатида қараш, уларни ҳурмат қилиш, эъзозлаш керак. “Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат” деган мақолнинг ғояси ҳам, ақидаси ҳам тўғри. Бола кичик бўлса-да, ҳурмат-эъзозга, фикри тингланишига муносиб. Кўп масалаларда шаклланган ғалати одатимиз бор: ота-она ҳамма масалани бола учун ўзи ҳал қилади. Фарзанднинг ўзига тааллуқли масалаларни ҳал қилиш, қарор қабул қилишда боланинг ўзи иштирок этмаслиги ҳам зўравонликнинг бир тури, аслида. Чунки болага эркинлик берилмаяпти. Фикрини баён қилиш, ўзига тегишли масалаларда бевосита иштирок этишга изн йўқ. Ҳатто вояга етган ўғил-қизининг қаерда ўқишигача ота-оналар ҳал қилади. Бундай ёндашув бугун ўзини оқламаяпти. Сиз айтган “Мультииндикатор кластер кузатуви”нинг тадқиқоти натижалари ҳам мана шундай ёндашувлар натижаси. Бундай қарашни, албатта, ўзгартиришимиз зарур.
— “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши кун тартибидаги муаммоларни еча оладими?
— Болаларни турли зўравонликлардан ҳимоя қилиш масаласи тизимли равишда кун тартибига қўйилаётганининг ўзи катта ютуқ. Чунки шу пайтга қадар “Зўравонлик ўзи нима?” деган саволга жавобимиз йўқ эди. Сиз айтган қонун лойиҳаси билан болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига изоҳ берилмоқда. Одатда, болага жисмоний, жинсий ёки психологик зўравонлик ҳақида гапирамиз. Лекин зўравонликнинг бундан ташқари яна қатор турлари бор. Болани эксплуатация қилиш, турли ғайриижтимоий вазиятларга, мисол учун, тиланчиликка мажбурлаш ҳам зўравонлик. Ёки боланинг таълим-тарбияси учун зарур муҳит, шарт-шароит яратмаслик ҳам зўравонликнинг бир туридир. Нима учун? Чунки бола заиф. Бундай шарт-шароитни ўзига-ўзи яратолмайди. Шу боис, ҳар бир ота-она ёки васий зиммасига ўз фарзандини ёхуд тарбияси топширилган болани вояга етказиш, унинг учун маънавий, жисмоний, психологик соғлом муҳит яратиш мажбурияти юклатилган. Ана шу масъулиятни уддаламаслик ҳам болага нисбатан зўравонлик.
Бундай ҳолатга тушган болага қандай ёрдам бериш, уни вазиятдан олиб чиқиш масаласи ҳам ўрин олган. Хўш, зўравонлик манбаси боланинг яқинлари, ота-онаси бўлса, қандай йўл тутилади, деган саволга жавоб топиш мумкин. Керак бўлса, зўравонлик қилаётганлардан муҳофаза этиш мақсадида болага ҳимоя ордери бериш ҳам мана шу қонун доирасида тартибга солинади. Бу қонун кучга киргандан сўнг кўзда тутилган барча масалалар бажарилиши, ихтисослаштирилган давлат органлари белгиланган вазифалар ижросини таъминлашига ишонаман.
“Янги Ўзбекистон мухбири
Рисолат МАДИЕВА суҳбатлашди.