Айниқса, таътил режаси аввалдан тузиб қўйилади. Кимдир шаҳардан қишлоққа бориб, бобосини уйида, кимдир оромгоҳларда ва яна кимдир қишлоқдан шаҳардаги қариндошиникида, хуллас, турли жойларда таътилни ўтказиш ҳаракатига тушади.

Жорий ўқув йили якунланиши билан ёзги таътилга чиққан ўқувчилар аллақачон режаларини тузиб бўлишган.

Болажон халқмиз. Улар учун доимо барча имконият ва шароитларни яратиб беришга ҳаракат қиламиз. Чунончи, айни пайтда мамлакатимизда ёз фаслида болаларнинг бўш вақтини мароқли ўтказишлари учун соғломлаштириш оромгоҳлари мавсумга шай ҳолатга келтирилди.

Президентимизнинг 2022 йил 18 ноябрдаги “Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси тизимида Болалар соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклашиш жамғармаси ҳамда Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти ташкил этилди. Қарор билан ушбу ташкилотларга бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Айни вақтда Навоий вилоятида ҳам Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси вилоят Кенгаши ва Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти ходимлари томонидан вилоятдаги мавжуд оромгоҳларнинг мавсумга шайлигини таъминлаш учун барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.

– Вилоятда 126 мингдан зиёда 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар бор. Айни вақтда уларни оромгоҳларда хавфсиз дам олишини ташкил этиш бўйича чоралар кўрилди. Оромгоҳларнинг мавсумга шайлиги тўлиқ ўрганилди ва аниқланган камчиликлар баратарф этилди. Болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш учун графиклар ишлаб чиқилди, – дейди Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Тоҳир Абдураҳмонов.

Болалар ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида ўқувчи ёшларни маънан баркамол, етук инсон қилиб тарбиялаш мақсадида миллий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизни қамраб олган ҳолда турли маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш ҳам энг муҳим вазифлардан биридир. Бунинг учун барча оромгоҳларга мавсум давомида фаолият олиб бориши учун 900 нафарга яқин педагоглар жалб қилинди. Улар билан махсус дастур асосида ўқувлар ташкил этилиб, оромгоҳларда ишларни тўғри ташкил этиш бўйича малакалари оширилди.

Бугунги кунда вилоятда 18 та оромгоҳлар мавжуд бўлиб, шундан 11 таси стационар, 5 таси кундузги, 2 таси меҳнат ва дам олиш оромгоҳларидир. Ушбу масканлар 4 мавсумда фаолият олиб боради. Биринчи мавсумда оромгоҳларда 4050, 2-мавсумда 4050, 3-мавсумда 3950, 4-мавсумда 3390 нафар – жами 15440 нафар болани жорий йилда дам олдириш режалаштирилган.

Вилоятдаги “Ишонч” болалар соғломлаштириш оромгоҳи болаларнинг севимли масканига айланган. Ушбу оромгоҳ мавсумнинг бир оралиғида 300 нафар болани бағрига олиш имкониятига эга. Бу ерда етарли тажриба ва малакага эга педагоглар, тарбиячилар, тиббиёт ходимлари жалб этилган.

“Шаббода” болалар соғломлаштириш оромгоҳи Навбаҳор туманининг сўлим манзилида жойлашган. Табиати ўзига хос бу сўлим гўшада ҳам жорий мавсумда болаларнинг вақтини самарали ташкил этиш учун қизғин ҳозирлик кўрилди. Бу жараёнда ўқувчи-ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот-технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

– Оромгоҳимиз тўлиқ мавсумга шай ва болаларни соғломлаштириш, дам олдиришга барча имкониятлар бор. Масканимиз майдони 13 гектар бўлиб, дарахтзорлар, тарихий обидалар шаҳарчаси ташкил этилган. Ажойиб табиат ҳавоси болаларни мароқли дам олишида алоҳида аҳамият касб этмоқда, – дейди оромгоҳ директори Гулноза Жўрақулова.

Оромгоҳда мутахассислар томонидан санитария-гигиена талаблари бўйича тозалаш ишлари олиб борилган ва тиббий пунктлар ташкил этилиб, улар зарур дори-дармонлар захираси билан таъминланган. Шунингдек, жорий йилда оромгоҳ ҳудудига 100 киловаттли қуёш панели ўрнатилиб, масканни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, сарфи ва харажатини тежаш  имконияти яратилди.

Албатта, ҳар бир ота-она ёзги таътилда фарзандларини яхши шароитга эга бўлган ёзги дам олиш масканларига жойлаштириш ҳаракатида бўлади. Боиси, таътилда мириқиб дам олган болажонлар янги ўқув йилини юқори кайфиятда, ўзгача иштиёқ ва янги орзу-мақсадлар билан бошлайди. Қувонарлиси, айни вақтда юртимиздаги барча оромгоҳларларда болалар учун барча зарур шароитлар яратилган.

“Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси” давлат муассасасига қарашли “Офтобжон” болалар соғломлаштириш оромгоҳининг майдони 17 гектар бўлиб, ўзининг хушманзаралиги билан ажралиб туради. Бу масканда ҳам ҳар йили болаларнинг ёзги таътилини мароқли ташкил этиш учун мавсумга пухта тайёргарлик кўрилади. Ҳар йили оромгоҳ бир оралиқда 320, мавсум давомида 1300 га яқин болаларни қабул қилади. Бу ерда 60 дан зиёд ишчи-ходимлар бўлиб, уларнинг 42 нафари педагоглардир.

Жорий йилги ёз мавсумида “Навоий кон-металлургия  комбинати жамғармаси” давлат муассасаси тасарруфидаги 13 та болалар соғломлаштириш оромгоҳи фаолият олиб боради. Уларнинг 6 таси шаҳардан ташқаридаги стационар, 5 та кундузги ҳамда 2 та меҳнат ва дам олиш оромгоҳи бўлиб, 4 босқичда 12 минг нафардан ортиқ ўғил-қизлар соғломлаштирилади.

Албатта, ёзги болалар оромгоҳларида болаларнинг мириқиб ҳордиқ чиқариши учун қулай шароит яратиш билан бирга фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, жумладан, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, стационар оромгоҳлар шаҳар ва туман марказларидан олисроқда ва тоғли ҳудудларда жойлашганлиги учун бу масканларда турли фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш алоҳида масъулият талаб этади.

– Ҳар йили оромгоҳларга Фавқулодда вазиятлар ва Ички ишлар вазирлигининг соҳавий хизмат ходимлари бириктирилиб, улар ушбу объектларда ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига риоя этишлари ва болаларнинг хавфсиз дам олиши учун туну кун навбатчилик қилишади. Бу йил ҳам мавсум олдидан вилоятдаги оромгоҳлар ўрганиб чиқилди ва турли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича чоралар амалга оширилди. Оромгоҳлар ходимларига ҳам йўриқномалар берилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди. Оромгоҳлар болаларни хавфсиз дам олдириш учун шай ҳолатда ва бу борада кунлик назорат ҳам олиб борилади, – дейди Навоий вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъул ходими Азиз Таниев.

Шунингдек, мавсум давомида бу ишларнинг самарасини янада ошириш мақсадида оромгоҳларга бириктирилган ходимлар томонидан кўргазмали тарғибот материаллари ҳамда махсус техникалар ёрдамида болалар билан турли учрашувлар, тушунтириш ишлари, викториналар, кўрик-танловлар ва давра суҳбатлари ўтказиб борилади. Бу эса, ўз навбатида, ёш авлодни ёнғин-қутқарув соҳасига қизиқтириш, уларни фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланишга ўргатиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини ўзлаштиришларига, махсус техникаларнинг тактик имкониятлари, жиҳозларнинг вазифалари ҳақида маълумотларга эга бўлишларига имконият яртади.

Албатта, ёзнинг иссиқ кунларида енгил шабада эсган, хушманзара, соя-салқин дам олиш масканларида мароқли дам олган болалар ҳар жиҳатдан соғлом бўлиб, янги ўқув йилига ўзгача куч ва шижоат билан боради. Бунинг учун айни вақтда оромгоҳларда барча имкониятлар яратилган ва болажонларни бағрига олиш учун тайёр.

Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири