Шу билан бирга, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида яна кўплаб муҳим ва долзарб масалаларни ҳал этишни бугун даврнинг ўзи талаб этмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2024 йил 19 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг парламент сайловидан кейин ўтказилган биринчи мажлисидаги нутқида таъкидлаганидек, маданиятимизга хос бўлмаган иллатларга қарши муросасиз муносабатда бўлишимиз ва аёвсиз курашишимиз шарт. Боланинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қиладиган, жисмоний ва руҳий азоб етказиши мумкин бўлган барча ҳолатларда давлат томонидан тегишли ҳуқуқий ва ижтимоий чоралар кўрилиши қонун билан мустаҳкамлаб қўйилди.

2024 йил 14 ноябрда соҳада тарихий аҳамиятга эга ҳужжат — “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун билан болаларга нисбатан зўравонликнинг 6 та шаклига таъриф берилиб, уларни содир этишни тақиқлаш ҳамда қонунан таъқиб қилишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга доир чора-тадбирлар ва уларни самарали амалга ошириш механизми белгиланди.

БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига кўра, иштирокчи-давлатларга болани жисмоний ва руҳий зўравонлик, ҳақоратлаш ва суиистеъмолликлар, ғамхўрлик қилмаслик ёки бепарволик билан муомалада бўлиш, қўпол муомала қилиш, ота-она, қонуний васийлар ёки бола ҳақида ғамхўрлик қилувчи ҳар қандай бошқа шахс томонидан эксплуатация қилиш, жумладан, шаҳвоний суиистеъмолликлар содир этишнинг ҳар қандай шаклларидан ҳимоя қилиши шартлиги белгиланган.

Мазкур халқаро мажбуриятнинг Ўзбекистонда қай тарзда бажарилиши таҳлили ­нуқтаи назаридан болага нисбатан зўравонликка оид хабарлар Болалар омбудсмани томонидан алоҳида назоратга олинган ҳолда ўрганилмоқда. Мутасадди идоралар билан бирга бундай мазмундаги ҳар бир ҳолат индивидуал ва ҳар томонлама ўрганиляпти ҳамда зарур чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, 2024-2025 йилларда жами мурожаатларнинг 21 фоизини болага нисбатан содир этилган зўравонлик бўйича қонуний чора кўриш тўғрисидаги мурожаатлар ташкил этди. Яъни Болалар омбудсманига йўлланган ҳар бешинчи мурожаат болага нисбатан турли шаклдаги зўравонликка оид бўлмоқда.

Мана шу контекстда ушбу йўналишда фаолиятни самарали ва таъсирчан ташкил қилиш учун асос бўладиган ҳужжат — 2024 йилда қабул қилинган қонунга тўхталиш жоиз. Зеро, мазкур қонун билан болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилди.

Қонуннинг асосий мақсади зўравонликнинг олдини олиш, ундан жабр кўрган болалар билан ишлаш тизимини яратишдан иборат. Унга кўра, боланинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ҳамда қонун билан ҳимояланадиган бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовуз қиладиган, жисмоний ёки руҳий азоб етказаётган ёки етказиши мумкин бўлган ва унинг асосий эҳтиёжларига зид ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик, жумладан, интернетдан фойдаланган ҳолда содир этилган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) болаларга нисбатан зўравонлик деб эътироф этилади.

Ҳужжатда зўравонлик шакллари илк бор аниқ белгилаб берилди. Жисмоний зўравонлик, жинсий зўравонлик, руҳий зўравонлик, ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация қилиш ва таъқиб этиш (буллинг) болаларга нисбатан зўравонликнинг шаклларидир. Булар қонун билан тақиқланиши ва таъқиб қилиниши қатъий белгиланди.

Боланинг асосий эҳтиёжлари деган тушунча қонунан мустаҳкамланди. Бунда боланинг тўлақонли ривожланиши, жисмоний ва руҳий саломатлиги учун озиқ-овқат, уй-жой ва бошқа зарур шароитлар билан таъминлаш, хавфсизлик, таълим олиш, ижтимоий алоқаларни ўрнатиш, ҳаётий кўникмаларни ривожлантириш ва имкониятларни рўёбга чиқариш учун шарт-шароитлар — болага таъминланиши шарт бўлган асосий эҳтиёжлар доираси белгилаб берилди.

Ушбу қонун давлат болаларни зўравонликнинг барча шаклидан ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий, маъмурий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа чоралар, жумладан, бола ва унинг оиласини қўллаб-қувватлаши ҳамда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш, зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар бериш, ушбу ҳолатларни тергов қилиш, айбдорларни жавобгарликка тортишнинг муқаррарлигини таъминлаш, зўравонлик қурбонларини реабилитация қилиш, уларнинг ҳуқуқларини тиклаш ва ижтимоий мослаштириш механизмининг ҳуқуқий асосидир.

Хусусан, ҳар қандай турдаги зўравонликдан жабр кўрган бола зўравонлик қурбони деб тан олинади ва у зўравонликнинг барча шаклидан ҳимояланиш, зўравонлик ҳолати юзасидан давлат органлари ёки судга мурожаат қилиш, бепул ҳуқуқий, ижтимоий, руҳий ва тиббий ёрдам олиш, ҳимоя ордери талаб қилиш ҳамда етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплатиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, қонун билан болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш учун умумий ва индивидуал чоралар белгиланиб, ҳимоя ордери бериш, жабрланган ёки хавф остидаги болага комплекс ёрдам кўрсатиш, боланинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилганда уни қонуний вакиллари қарамоғидан олиб қўйиш каби таъсирчан механизмга асос солинди.

Шу тариқа давлатимиз раҳбарининг соҳага алоҳида эътибори ва қатъий сиёсий иродаси туфайли юртимизда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш жараёни янги, тарихан муҳим ҳуқуқий-институционал босқичга ўтмоқда.

“Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ижросини тизимли таъминлаш, болаларнинг хавфсизлиги ва қўллаб-қувватланишини кафолатлайдиган барқарор механизмларни шакллантириш мақсадида жорий йил 17 декабрда Ўзбекистон Президентининг “2026-2030 йилларда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси тўғрисида”ги фармони имзоланди.

Стратегия болалар учун зўравонликдан холи муҳит яратиш, хавф остидаги болаларни эрта аниқлаш ҳамда жабрланган ёки зўравонликка гувоҳ бўлган болаларга комплекс ёрдам кўрсатишни устувор вазифа сифатида белгилаб, соҳада юритиладиган изчил, тизимли ва идоралараро фаолият учун асосий дастуриламал ҳужжатдир.

Унда болалар ва уларнинг оилаларига ижтимоий, психологик, таълим ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатишни кенгайтириш, болалар билан ишлашда индивидуал ёндашувни жорий этиш, шунингдек, болалар билан ишлашда ижтимоий ёндашувга асосланган кичик ҳажмли, очиқ форматдаги марказлар фаолиятини йўлга қўйиш назарда тутилган.

Бундай шаклдаги марказларнинг ташкил этилиши бола учун хавфсиз ва дўстона муҳитни таъминлайди. У бошдан кечираётган мураккаб вазиятда махсус ва малакали ёрдам кўрсатиш имконини яратади. Шунингдек, болалар манфаатларини тергов ва суд жараёнларида ишончли таъминлаш, соҳада фаолият юритувчи мутахассисларни махсус ­тайёргарликдан ўтказиш ва идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини ягона электрон тизим орқали ҳисобга олиш ва мониторинг қилиш чоралари муҳим йўналишлар сифатида белгиланди.

Болалар ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини мустақил ҳимоя қилишда катталарга нисбатан заифлиги туфайли иш юритувининг барча процессуал босқичида уларга самарали юридик ёрдам, вакиллик ҳамда ижтимоий ва психологик қўллаб-қувватлаш кафолатланиши шарт. Стратегия билан айнан ана шу кафолатлар таъминланиши механизми йўлга қўйилмоқда.

Жумладан, болага қарши жиноятлар содир этилганда жабрланувчи болага руҳий зиён етказмайдиган шароит яратиш, зўравонликка гувоҳ бўлган болаларга алоҳида ёндашувни қўллаш, шунингдек, малакали адвокат, психолог ва қонуний вакилларни ўз вақтида жалб этиш ва тезкор идоралараро ўзига хос амалиётни шакллантириш талаб этилади. Бу эса бола манфаатлари билан ишлашга ихтисослашган кадрлар корпусини шакллантиришни талаб этади.

Стратегиянинг яна бир аҳамиятли жиҳати, ҳужжатда таълимдан четда қолган ва ижтимоий хавф остидаги болаларни қўллаб-қувватлаш, уларни касбга йўналтириш, жамиятга мослаштириш, оилалар билан ишлаш йўналишида болага нисбатан зўравонлик хавфини камайтириш, ота-оналарни қўллаб-қувватлаш қамраб олинган. Яъни ижтимоий хавф остидаги болалар бўйича ишлашда нафақат қатъий чоралар кўриш, балки ота-оналарни ижтимоий мураккаб вазиятларда қўллаб-қувватлаш орқали оиланинг бола учун фаровон ва барқарорлигини таъминлаш ёндашувига таянилмоқда.

Зеро, бугун фарзанди учун хавфсиз, жисмонан ва руҳан соғлом муҳит яратиш ота-онанинг бирламчи вазифаси эканини тушунтириш, бу борада ота-оналарнинг билими ва кўникмаси, асосийси, болани босим ва тазйиқдан холи усулларда тарбиялаш тафаккурини шакллантириш ниҳоятда муҳим.

2026-2030 йилларда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш ­стратегияси Ўзбекистонда сўнгги йилларда бола манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишидаги прогрессив ва ортга қайтмас ислоҳотларнинг кейинги босқичига асос яратувчи ҳужжат сифатида соҳада мутлақо янги форматдаги тарихий даврга асос солмоқда. Умуман, ҳужжат болалар учун зўравонликдан холи, фаровон ҳаёт яратиш нафақат давлат, балки бутун жамиятнинг бирдек вазифаси эканидан далолат беради. Шунинг учун ҳам болалар манфаатларини таъминлаш йўлида барча саъй-ҳаракатимиз муштарак бўлиши зарур.

Сурайё РАҲМОНОВА,

Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили,

юридик фанлар доктори, профессор