Австралия тажрибаси оммалашмоқда

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ижтимоий тармоқларда кунига уч соатдан кўпроқ вақт ўтказиш депрессия ва хавотир ҳиссини икки баравар оширади. Бу болаларда диққатни жамлаш, уйқу сифатининг бузилиши ва ўзига бўлган ишончнинг пасайиши каби муаммоларга олиб келади. Шунингдек, бундай платформалар ўқиш, жисмоний фаоллик ва реал ҳаётдаги мулоқотлардан чалғитади.

Айрим давлатлар болалар ва ўсмирларни руҳий саломатликнинг жиддий хавфларидан, руҳий тушкунлик, хавотир, кибербуллинг ва зарарли контентдан ҳимоя қилиш учун ёш чекловларини жорий этиш билан боғлиқ чораларни кўрмоқда. Асосий мақсад – экранга қарамликни чеклаш, зўравонлик, беҳаёликни тарғиб қиладиган контентларга киришни олдини олишдан иборат.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг ёшини чекловчи, 16 ёшга тўлмаган шахсларнинг уларга киришини тақиқловчи биринчи қонун Австралияда қабул қилинди. Мазкур қонун ўтган йилнинг 10 декабрида кучга кирди. У мамлакатнинг амалдаги интернет хавфсизлигини тартибга солувчи қонунчилигига ўзгартиришлар киритди, бу ёш австралияликларни ривожланишнинг муҳим босқичларида янада ишончли ҳимоя қилишни таъминлайди. 

Австралия Бош вазири Энтони Альбанезе мамлакат ҳукумати технология компаниялари ва ижтимоий тармоқ маъмуриятларидан 16 ёшгача бўлган фойдаланувчилар аккаунт ва саҳифалар ярата олмаслигини таъминлаш учун оқилона чоралар кўришни талаб қилди. “Ҳукумат янги қонунни бузганлик учун қаттиқ жазо чораларини қўллайди, рақамли платформалар эса 49,5 миллион Австралия долларигача [32 миллион доллардан ортиқ] жаримага тортилади”, деди у ва янги қоидалар Snapchat, TikTok, Instagram ва X (олдинги Twitter) ижтимоий тармоқлари татдиқ этилишини таъкидлади. Болалар Google Classroom ва YouTube, шунингдек, хабар алмашиш воситалари ва онлайн ўйинлардан фойдаланишлари мумкин бўлади.

Францияда ҳам болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришини тақиқлаш бўйича ташббус илгари сурилди. Франция Миллий Кенгаши (парламентнинг қуйи палатаси) 15 ёшгача бўлган ўсмирлар учун ижтимоий тармоқларни тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллади.

Ушбу қонун лойиҳаси муаллифи Франциянинг Уйғониш партиясидан депутат Лаура Миллердир. Ушбу қонун лойиҳаси ижтимоий тармоқларнинг тобора ортиб бораётган таъсири фонида “француз ёшларининг руҳий саломатлигини ҳимоя қилиш” мақсадида қабул қилинди.

Парламент аъзолари томонидан тасдиқланган қонун лойиҳаси ёшларнинг фақатгина ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлашни назарда тутмайди, у Франциядаги ўрта мактабларда мобил телефонлардан фойдаланишни тақиқлашни ҳам ўз ичига олади.

Испания 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларга киришни тақиқлаш чораларини кўриб чиқмоқда. Энди платформалар ёшни текшириш тизимларини жорий этиши шарт бўлади. Бу ҳақда Испания Бош вазири Педро Санчес маълум қилди ва хавфсиз рақамли муҳитни таъминлашга қаратилган бир қатор чоралар кўрилишини айтди.

Мамлакат ҳукумати ижтимоий тармоқларда нафрат туйғусини уйғотадиган гаплар, порнографик контент ва дезинформациянинг тарқалиши ҳақида бир неча бор шикоят қилди, бу ёшларга салбий таъсир кўрсатишини таъкидлаб, бу борада чора кўришга қарор қилди.

“Фарзандларимиз ҳеч қачон ёлғиз қолишлари учун мўлжалланмаган маконда бўлиб қолишяпти... Биз энди бунга тоқат қилмаймиз”, деди Педро Санчес Дубайда бўлиб ўтган Жаҳон ҳукумати саммитида нутқ сўзлаб. У бошқа Европа давлатларини ҳам шунга ўхшаш чораларни кўришга чақирди.

Испания Бош вазири ижтимоий тармоқ раҳбарларини ноқонуний контент ва нафратни қўзғатувчи гаплар учун жавобгарликка тортиш, шунингдек, алгоритмларни манипуляция қилиш ва ноқонуний контентни тарқатишни жиноят деб ҳисоблашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси тақдим этилишини эълон қилди.

Чехияда ҳам болалар учун ижтимоий тармоқлар тақиқланиши мумкин. Чехия Бош вазири Андрей Бабиш Франция мисолида 15 ёшгача бўлган болалар учун бундай платформаларни тақиқлашни қўллаб-қувватлади. У бу баёнотни Facebookда эълон қилинган видеомурожаатда билдирди.

“Мен шуни тарафдориман, чунки, таниш мутахассислар айтганидек, бу жуда зарарли ва биз фарзандларимизни ҳимоя қилишимиз керак”, деди у.

Кейинроқ Бош вазир ўринбосари Карел Гавличек ҳукумат мутахассислар билан тақиқлаш имкониятини муҳокама қилаётганини ва шу йил бундай таклифни тақдим этиш ниятида эканлигини қўшимча қилди.

“Вақтни беҳуда сарфлашнинг ҳожати йўқ. Ижтимоий тармоқлар болалар ҳаётини барбод қилмоқда, у ҳақиқатан ҳам вабога айлана бошлаяпти”, деди Гавличек CNN Prima News телеканалидаги чиқишида.

ЖССТ ёндашуви

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус Испания Бош вазири Педро Санчеснинг ёшларни ижтимоий тармоқларнинг “заҳарли олами”дан ҳимоя қилиш ғоясини қўллаб-қувватлади ва ёш чегараларини жорий этишга чақирди.

“Платформалар болалар хавфсизлиги ва соғлиғини ҳимоя қиладиган тарзда ишлаб чиқилиши ва бошқарилиши керак”, деб ёзди ЖССТ Бош директори X ижтимоий тармоғида. Унинг қўшимча қилишича, бунинг учун, бошқа нарсалар қатори, “реал ёш чегараларини жорий этиш” керак.

Гебрейесус Испания Бош вазири фикрига қўшилиб, “ижтимоий тармоқларни тартибга солиш ва жавобгарлик жуда муҳим” деб қўшимча қилди. ЖССТ Бош директорининг сўзларига кўра, далиллар болаларга етказилган зарар нафақат ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш билан, балки уларнинг қандай яратилгани билан ҳам боғлиқлигини исботлайди. Шу муносабат билан у ижтимоий тармоқларнинг “зарарли ва ўзига қарам қилувчи тузилиши”га қарши курашишга ва уларни “мустақил назоратга олишга” чақирди.

Тақиқ – ечимми?

Бир қатор давлатлар болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш чораларни кўриб чиқаётган бир пайтда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (UNICEF) ёш чекловлари болаларнинг онлайн хавфсизлигини таъминлаш учун етарли эмаслиги ҳақида огоҳлантирмоқда.

“Биз рақамли муҳитда болаларни ҳимоя қилишга қаратилган глобал мажбуриятнинг ортиб бораётганини қўллаб-қувватлаймиз, бироқ бундай тақиқлар янги хавфларни келтириб чиқариши ва акс таъсир кўрсатиши мумкин”, дейилади ташкилот баёнотида.

Кўпгина болалар, айниқса ташқи дунёдан узилиб қолган болалар учун ижтимоий тармоқлар алоқа ўрнатиш, ўрганиш ва ўзини юзага чиқаришни осонлаштирадиган воситадир, деб ҳисоблайди жамғарма. Бундан ташқари, уларнинг кўпчилиги тақиқни четлаб ўтиш йўлларини излаб топишади, хоҳ VPN орқали бўлсин, хоҳ камроқ тартибга солинган платформалар орқали бўлсин, улар ижтимоий тармоқларга киришга ҳаракат қилишади, бу уларнинг ҳимоясини янада қийинлаштиради.

UNICEF жамғармасига кўра, “Ёшга оид чекловлар болаларни зарардан ҳимоя қиладиган, уларнинг махфийлик ҳуқуқини ҳурмат қиладиган ва уларни назорат қилинмайдиган, камроқ хавфсиз рақамли маконларга суриб чиқармайдиган кенг қамровли стратегиянинг бир қисми бўлиши керак”.

Жамғарма ҳукуматлар, тартибга солувчилар ва технология компанияларини болалар ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган хавфсиз ва инклюзив рақамли макон яратиш учун болалар ва уларнинг оилалари билан бамаслаҳат ишлашга чақирди.

Болалар жамғармаси мамлакатларга ота-оналарнинг рақамли саводхонлигини оширишда ёрдам беришни тавсия қилмоқда. Боиси, “бугунги кунда ота-оналдардан имконсиз нарсалар: улар ишлаб чиқмаган платформаларни ва улар тушунмайдиган алгоритмларни назорат қилиш сўралмоқда.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк ҳам бу ҳақда шундай дейди: “Биз жамиятлар учун болаларни онлайн режимда ҳимоя қилишда мувозанатни топиш қанчалик қийинлигини биламиз. Ижтимоий медиа платформалари ишга туширилганда, ҳеч ким уларнинг инсон ҳуқуқларига потенциал таъсирини баҳоламаганди”.

“Қайси усуллар иш бераётганини ва қайсилари иш бермаётганини кузатиб бориш муҳим”, деб қўшимча қилди Фолькер Тюрк. “Бироқ, инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан, жавоб аниқ: боланинг манфаатлари барча қарорларнинг марказида бўлиши керак”.

Ҳа, болаларни ижтимоий тармоқларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш бугунги кунда дунё жамоатчилиги эътиборидаги долзарб масалалардан бирига айланди. Баъзи давлатлар қатъий ёш чекловларини жорий қилиш йўлини маъқул қўраётган бўлса, баъзи халқаро ташкилотлар бу муаммони кенг ёндашув асосида ҳал этиш зарурлигини таъкидламоқда. Яъни бу борада энг муҳим жиҳат – бола манфаатларига устуворлик бериш, ижтимоий тармоқлар масъулиятини ошириш ҳамда ота-оналарнинг рақамли саводхонлигини кучайтиришдан иборат бўлиши керак. Уларнинг наздида фақат шу йўл билангина хавфсиз, адолатли рақамли муҳитни шакллантириш мумкин.

Шаҳзод Ғаффоров,

“Yuz.uz” шарҳловчиси