Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълум қилди.
Маълум қилинишича, 2026 йилда республика бўйлаб 179 та стационар оромгоҳ ва 1242 та мактаб қошидаги соғломлаштириш масканида жами 314 минг 190 нафар боланинг дам олиши режалаштирилган.
Болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида оромгоҳларда 692 нафар йўл-патруль хизмати ходими хизматга жалб этилган.
Шунингдек, оромгоҳларга олиб борувчи 3411,6 километр узунликдаги автомобиль йўллари ҳам кўрикдан ўтказилган.
Аниқланган камчиликлар бўйича масъул ташкилотларга тақдимномалар киритилиб, йўлларга 1297 та янги йўл белгиси ўрнатилган, эски ва яроқсизлари янгиланган.
Бундан ташқари, 244 минг квадрат метрдан ортиқ пиёдалар ўтиш жойига йўл чизиқлари чизилган, 134 минг квадрат метрдан зиёд йўл қисми таъмирланган.
Қайд этилишича, амалдаги тартибга кўра, болалар гуруҳларини оромгоҳларга ташиш Йўл-патруль хизмати ходимлари кузатувида амалга оширилади.
ЙҲХХ ота-оналарга ҳам мурожаат қилиб, ёзги таътил вақтида болаларни қаровсиз қолдирмаслик, уларнинг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишини назорат қилиш ва транспорт бошқарувини вояга етмаганларга топширмасликни сўраган.
Шунингдек, идора иссиқ ҳавода болаларни автомобил ичида ёлғиз қолдирмаслик, йўлни фақат белгиланган жойдан кесиб ўтиш ҳамда велосипед ҳайдаш қоидаларига риоя қилиш зарурлигини эслатган.