Болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи нафақат оиланинг вазифаси, балки давлат ва жамият олдидаги асосий ваколатлардан, вазифалардан бири саналади. Аммо шу ўринда савол туғилади? Аслида болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари кимдан ва нимадан ҳимоя қилинади? Ким ҳимоя қилади? Айнан болаларнинг қайси ҳуқуқлари ҳимояга муҳтож?

Оилада ва оила орқали вужудга келадиган оилавий муносабатларда оила субъектларининг ўрни ва вазифаси муҳим аҳамиятга эга. Оилавий муносабатларда оила субъектлари: бобо-буви, ота-она ва болалар ўртасидаги муносабатларнинг ўзига хос хусусияти мавжуд. Шунингдек, ота-она ўрнини босувчи шахслар хусусан (фарзандликка олувчилар, васийлар, ҳомийлар) ҳам борки, улар ҳам бевосита болалар ҳуқуқ ва манфаатлари учун бирдек масъул.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасида бежизга ота-она ғамхўрлигининг барча шаклларига имкон берилмаган. Жумладан, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.

Ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар − қонунда белгиланган тартибда болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқини амалга оширувчи ва ота-оналик мажбуриятларини бажарувчи, лекин боланинг ота-онаси бўлмаган шахслар (фарзандликка олувчилар, васийлар ва ҳомийлар). Бу шахсларни қонун ҳужжатларида боланинг ота-онаси билан биргаликда боланинг қонуний вакиллари деб аталади. Шунингдек, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уларга таъминот, тарбия ҳамда таълим бериш, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида васийлик ва ҳомийлик органлари иштирок этадилар. Васийлик ўн тўрт ёшга тўлмаган, ҳомийлик эса ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган болаларга нисбатан белгиланади.

Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси, ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор, суд томонидан амалга оширилади. Вояга етгунча қонунга мувофиқ тўла муомалага лаёқатли деб эътироф этилган (эмансипация) бола ўз ҳуқуқларини, шу жумладан ҳимояга бўлган ҳуқуқини мустақил амалга оширишга ҳамда мажбуриятларини мустақил бажаришга ҳақлидир.

Республикамиз амалиётида эса асосан катта оила (бобо-буви, ота-она ва болалар) ва кичик оила (ота-она ва болалар) таснифи амал қилади. Оилаларни бундай таснифланиши ва уларнинг ҳуқуқий мақомини белгиланиши Оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларини амалиётга тўғри татбиқ этилишини таъминлаш нуқтаи назаридан айнан зарур. Аммо энг эътиборлиси – оиланинг давлат ва жамият олдидаги вазифаси, оила субъектларининг оила олдидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари ва уларни тўғри англаб етиши саналади. Оила бошлиғи бўлган ота-оналарнинг оила олдидаги, жамият олдидаги масъулияти ва вазифаси эсдан чиқар экан, бундай ҳолатда оилавий низолар сони ва турлари ортиб бораверади. Қайғураётган масала шундаки, муаммо оила аъзолари сонида эмас, балки оила субъектларининг ўз оилавий муносабатларига масъулият билан ёндашувида, бобо-бувиларнинг ўсиб келаётган ёшлар тарбияси ва маънавиятига ижобий таъсирида кўринади.

Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни 3-моддасига кўра, бола (болалар) деганда ўн саккиз ёшга тўлгунга (вояга етгунга) қадар бўлган шахс (шахслар) тушунилади. Мазкур Қонунда болаларнинг бир неча тоифалари кўрсатилган, жумладан етим бола — отаси ҳам, онаси ҳам вафот этган ёки улар суд қарорига биноан вафот этган деб эълон қилинган бола; жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган бола — ногиронликни белгилаш учун етарли бўлмаган жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ва (ёки) руҳий нуқсонлари бўлган бола; ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар — юзага келган ҳолатлар сабабли оғир турмуш шароитида қолган, давлат ва жамият томонидан алоҳида ҳимоя қилишга ҳамда қўллаб-қувватлашга муҳтож болалар, хусусан, ногирон болалар; жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар; етим болалар; ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар; ихтисослаштирилган болалар муассасаларида тарбияланаётган болалар; муайян яшаш жойига эга бўлмаган болалар; кам таъминланган оилалардаги болалар; жиноий жавобгарликка тортилган ва жазони ижро этиш муассасаларида турган болалар; зўравонлик ва эксплуатация, қуролли можаролар ва табиий офатлар натижасида жабрланган болалар; ногирон бола — жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ва (ёки) руҳий нуқсонлари бўлганлиги туфайли турмуш фаолияти чекланганлиги муносабати билан ижтимоий ёрдамга, ҳимояга муҳтож ҳамда қонунда белгиланган тартибда ногирон деб топилган бола. Шу билан бирга ижтимоий аҳволи, яшаш тарзи, келиб чиқиш манбаси ва оиласи шаклига кўра, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола − ҳар қандай сабабга кўра ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола (бундан етим бола мустасно); қонуний никоҳда ва никоҳсиз туғилган болалар сифатида таснифланишини ҳам кўриш мумкин. Қандай шароит ва вазият бўлмасин, давлат болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тенглигини кафолатлайди.

Суд амалиёти материаллари таҳлилига кўра, болаларнинг ҳуқуқлари, жумладан, эркинлик, шахсий дахлсизлик, турар жойи дахлсизлиги ва хат-хабарларини сир тутиш ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига ғайриқонуний аралашувлардан ҳимояланиш ҳуқуқи, қонунга асосланмаган ҳолда ушлаб турилиши, ҳибсга олиниши, қамоққа олиниши мумкин эмаслиги ҳуқуқи; ҳар қандай зўравонликдан сақланиш ҳуқуқи белгиланган. Энг асосийси, уларнинг оилада туғилиш, яшаш, ўз ота-онаси кимлигини билиш, таъминот олиш, тарбия олиш, таълим олиш, турли ғамхўрликлардан фойдаланиш, оилада мулкий ва номулкий ҳуқуқларидан фойдаланиш имконияти мустаҳкамланган.

Ҳар бир болага унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Қонун ҳужжатларида боланинг оилавий муҳитга бўлган ҳуқуқи кафолатлари сифатида боланинг ота-онаси бўлмаганда, улар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда ҳамда бола ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бошқа ҳолларда унинг оилада яшаш ҳамда тарбияланиш ҳуқуқи васийлик ва ҳомийлик органи томонидан таъминланади. Бола отаси, онаси, бобоси, бувиси, ака-укалари, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-онасининг никоҳдан ажралиши, никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши ёки ота ва онанинг бошқа-бошқа яшаши боланинг ҳуқуқларига таъсир қилмайди. Ота ва она турли давлатларда яшаган тақдирда ҳам бола улар билан кўришиш ҳуқуқига эга.

Болани қайси ота-онада қолдириш (уларнинг қайси бири билан қайси боласи яшаш учун қолиши) тўғрисидаги низолар – болалар тарбияси билан боғлиқ низолар туркумига хос бўлиб, асосан бундай низолар никоҳдаги, аммо бирга яшамаётган ота-оналар, никоҳдан ажрашган ота-оналар ўртасида вужудга келади. Бундай ҳолатда қуйидаги ҳолатлар юзага келади, хусусан, болаларни ота ёки онада қолдириш, бола (лар)ни бирини отада, иккинчиси ёки бошқаларини онада қолдириш ҳақидаги талаблар вужудга келади. Суд амалиётида бундай низолар алимент ундиришга қадар ёки алимент ундириш ҳақидаги суд қарори чиққандан кейин ёхуд болани тарбиялаётган она ёки ота уни (уларни) қолдириб, бошқа никоҳга кирганда ёхуд хорижий давлатларга кетган ҳолатларда бобо-буви ёки бошқа шахслар қарамоғидан бола (лар)ни улардан олиш мақсадида даъво қўзғатилади.

Бундай ҳолатлар ота-она ўртасида болаларни кимда қолдириш ҳақида келишув (медиатив келишув) бўлмаган ҳолатларда судга тегишли низо вужудга келади.

Суд бошқа-бошқа турадиган ота-оналар ўртасида бўлган уларнинг қайси бири билан қайси боласи яшаш учун қолиши тўғрисидаги низоларни ҳал этишда Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 71-моддасида белгиланган ота ва онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тенглигига асосланган ҳолда, вояга етмаган болаларнинг манфаатларига ва хоҳишларига мос келадиган ҳал қилув қарори қабул қилиши лозим. Бунда суд ота-онадан бирининг моддий-маиший аҳволи устунлигининг ўзи болани унга олиб бериш учун асос бўла оладиган шарт ҳисобланмаслигини назарга олган ҳолда, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, ота-онадан қайси бири болаларига нисбатан кўпроқ ғамхўрлик ва эътибор кўрсатаётганлигини, болаларнинг ёшини ва ота-онадан қайси бирига кўнгил қўйганлигини, ота-онанинг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг маълумот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини эътиборга олади.

Суд 10 ёшга тўлган боланинг ота-онасининг қайси бири билан яшаш истаги борлигини ҳам эътиборга олиши мумкин.

Вояга етмаган болаларнинг ота-онасининг қайси бири билан яшашлиги ҳақидаги низо никоҳдан ажралиш тўғрисидаги даъво билан биргаликда ҳал этилаётган ҳолларда болалар бошқа шахсларнинг тарбиясида эканлиги ҳамда улар болаларни ота-онасига қайтаришга қаршилик кўрсатаётганликлари аниқланса, суд бу низони алоҳида иш юритишга ажратиш тўғрисидаги масалани муҳокама қилиши лозим.

Ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар. Ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Бунда вояга етмаганнинг қайси яшаш манзилида рўйхатдан ўтказилиши эмас, балки бола ота-онанинг қайси бири билан доимий бирга яшаши асосийдир. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади.

Болани кимда қолдириш (қайси ота-онада), болани олиб бериш тўғрисидаги ишларни кўришда суд қуйидаги ҳолатларга эътибор қаратиши керак:

  • боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини;
  • ота-онадан қайси бири болаларига нисбатан кўпроқ ғамхўрлик ва эътибор кўрсатаётганлигини;
  • болаларнинг ёшини ва ота-онадан қайси бирига кўнгил қўйганлигини;
  • ота-онанинг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини;
  • ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни;
  • болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар).
  • боланинг яшаш шароити (унга яратилган шароит) ҳолати;
  • 10 ёшга тўлган боланинг ота-онасининг қайси бири билан яшаш истаги борлигини;
  • васийлик ва ҳомийлик органи хулосасини ҳам эътиборга олиши зарур.
  • Бола(лар)нинг фикрини, уларнинг тарафларга бўлган муносабатини аниқлаш халқ таълими бўлими томонидан болаларнинг яшаш шароитини текшириш вақтида амалга оширилади. Иш ҳолатларига кўра суд томонидан боладан сўраш зарур деб топилса, бундай сўровни боланинг ёшини ва ривожланганлигини эътиборга олиб, педагог (мутахассис) қатнашувида, унга манфаатдор шахслар таъсир этмайдиган вазиятда амалга ошириш лозим.
  • Ота-онадан бирининг моддий-оилавий аҳволи устунлигининг ўзи болани олиб бериш учун асос бўла олмайди.

Боланинг ота-онадан бирига боғлиқлиги сабабларини доимо аниқлаш керак. Агарда у боланинг тарбияси антипедагогик усулларини қўллаши, ота-онадан бирига болани қарши қўйиши, унинг обрўсини сунъий равишда тушуришга путур етказиши, болани ўз томонига оғдириш билан англанса унга танқидий баҳо бериш лозим. Болага кўпроқ ғамхўрлик ва эътибор кўрсатилаётгани тўғри тарбиянинг амалга оширилишининг асосий шартидир.

Агарда оилада бир неча фарзандлар бўлса, уларни ажратиш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки, одатда, улар бир-бирига боғлиқ бўлиб, бир оилани ташкил қиладилар, уларнинг ажратилиши салбий таъсир қилиши мумкин. Низони ҳал қилишда кўп ҳолат боланинг ёшига боғлиқдир. Кичик ёшдаги болалар кўпинча она тарбиясига муҳтож, ўсмирга эса отанинг обрўси кўпроқ керак бўлади. Шу билан бирга боланинг фикри албатта инобатга олинади. Ота-онанинг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини инобатга олишда асосан унинг болага тарбиячилиги, шахсий фазилатлари (адолатлилиги, тўғрисўзлиги, одамийлиги ва ҳ.к.), ота-онанинг иш характери (узоқ хизмат сафарида бўлиш, тунги иш, бўш вақтининг камлиги ва ҳ.к.) оилавий тарбияни қийин аҳволга солиб қўйиши мумкин. Оилада боланинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган шахсларнинг (ўгай ота, ўгай она ва бошқа қариндошлар) нинг бўлиши ҳам боланинг манфаатини ҳимоя қилишга эътиборсиз ҳолат. Ота-онадан бирининг моддий-маиший аҳволи устунлиги билан бола тарбиясининг сифати ўртасида тўғридан-тўғри тобелик мавжуд эмас, шунинг учун ота-онанинг моддий маиший аҳволи асосий аҳамият касб этмайди. Кўп ҳолатда ота-онадан бирининг оғир касаллиги важ қилиб келтирилади. Бунда мутахассисларнинг касалликка дучор бўлган ота (она)нинг фарзандини тарбияси билан шуғуллана олмаслиги ҳақидаги хулосасини олиши лозим. Айрим ҳолатларда фарзанд тарбияси билан ота-оналар эмас, балки уларнинг қариндошлари, кўпинча боланинг бобо-бувиси машғул бўлади. Бу ҳолатда фарзанднинг тарбияси билан шуғулланаётган шу шахсларни ишга жалб қилиш лозим.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам боланинг манфаатлари устунлиги ва унинг келгуси тақдири суд учун энг муҳим омил саналади. Суднинг ҳал қилув қарорида кўрсатилган процессуал ҳаракатлар ижро ишини юритиш босқичида ҳам босқичма-босқич амалга оширилиши лозим. Аммо бу ерда боланинг таъминоти ва унинг яшаш ва таълим олиш манфаатлари, алоҳида яшаётган ота (она) ва алоҳида яшаётган ака-укаси, опа-синглиси ва бошқа яқин қариндошлари билан кўришиб туриш имкониятлари тўлиқ таъминланиши шарт.

Сўнгги йилларда давлатимиз ва жамиятимизда низоларни ҳал қилишнинг муқобил усулларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, медиация процедураси, ҳакамлик судлари, арбитраж судлари ва бошқа усулларни қўллаш орқали низоларни олдини олиш ва бартараф этиш масалалари муҳим аҳамият касб этмоқда.

Болалар манфаатлари билан боғлиқ низоли ишларни судларда ҳал қилишда медиация тартиб-таомилларини қўллаш долзарб аҳамиятга эга. Болалар манфаатлари (тарбияси ва таъминоти) билан боғлиқ айрим низоларни ҳал қилишда қуйидаги таклифлар бериш ўринли:

Биринчидан, медиация – бу низолашувчи тарафлар ўртасида низоларни мустақил, холис (бетараф) бўлган учинчи шахслар (медиаторлар) томонидан иккала тарафга ҳам ўзаро фойдали ҳал қилиш (ўзаро мақбул қарорга келиш) усули саналади. Медиацияни қўллашнинг ўзига хос принциплари ва жорий этиш усуллари мавжуд. Оилавий медиацияда никоҳ муносабатлари (тугалланиши ҳам мумкин бўлган жараён), ота-оналик муносабатлари (бир умр давом этувчи жараён) сифатида қаралади ва шунга биноан таъсирчан медиатив процедуралар ўтказилиши шартлиги низоларни ҳал этишда судга қадар шартли процедура сифатида эътироф этилиши керак.

Иккинчидан, медиатив келишувни никоҳдан ажратиш, оталикни  ихтиёрий белгилаш, эр-хотиннинг мол-мулкини бўлиш, болалар тарбияси ва таъминоти билан боғлиқ айрим низолар, шунингдек болани қайси ота ёки онада қолдириш, бола билан учрашишни таъминлаш,  вояга етмаган болага ёки бошқа  алимент олиш ҳуқуқига эга субъектларга алимент ундириш тўғрисидаги низолар бўйича амалга ошириш самарали натижа беради. Кўпгина хорижий давлатлар (АҚШ, Россия, Финляндия, Австрия, Сингапур, Нидерландия, Дания, Ирландия, Норвегия ва бошқ) қонунчилиги ва амалиётида татбиқ этиб келаётганлиги ҳамда ўзини оқлаётганлиги асос бўлмоқда. Шу муносабат билан кўрсатилган низоларни ҳал қилишда медиация тартиб-таомилларини қўллаш мумкинлиги оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларида кўрсатилиши мақсадга мувофиқ. .

Учинчидан, суд ва бошқа органларга, жумладан медиаторга мурожаат қилувчиларга қулайлик яратиш, кам таъминланган, моддий жиҳатдан қийналган аҳоли (хусусан тарафлар) нинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, бундан ташқари ўзини оклаётган баъзи хорижий давлатлар (Нидерландия, Иркутск ва бошқ.) тажрибаси амалиётини ўрганиш натижалари асосида оилавий низоларни ҳал қилишда, хусусан болалар тарбияси (болани қайси ота-онада қолдириш) билан боғлиқ айрим низолар бўйича медиация муҳокамасини ўтказишда тарафларга бепул (текин) медиация хизматини амалга оширишда муайян имтиёзлар берилиши ( хусусан, медиатив келишув тўловларидан озод этиш) таклиф этилади.

Тўртинчидан, низоларни ҳал қилишда боланинг жисмоний, руҳий ва эмоционал манфаатлари биринчи ўринда бўлиши керак. Ҳар қандай қарор боланинг фаровонлиги ва ривожланишига мос келиши лозим. Медиатив келишув ҳар иккала томонга мақбул қарор бўлиши зарур ва бола манфаатларига тўлиқ мос келиши, ўртадаги низога ечим беришга хизмат қилиши зарур.

Бешинчидан, ота-оналар ўртасидаги, шунингдек болалар манфаатлари билан боғлиқ низоларни судга қадар медиатив процедура орқали ҳал қилишда профессионал медиаторларни жалб этиш низоларни тезкор ва самарали ҳал қилишга ёрдам беради.

 

 Замира Эсанова,

ТДЮУ Фуқаролик процессуал ва иқтисодий процессуал

ҳуқуқи кафедраси профессори,

юридик фанлар доктори