Гўё биргина рақам боланинг бутун куни, унинг кайфияти, қизиқиши, қийинчилиги, қувончи ва ҳатто келажак ҳақидаги тасаввурини ифодалай оладигандек.

Аслида эса боланинг ҳаёти журналдаги баҳо устунидан анча катта. Бугун таълим ҳақида жиддий ўйлашга тўғри келадиган энг муҳим масалалардан бири ҳам шу: биз болалардан фақат яхши баҳо олишни кутяпмизми ёки уларни мустақил ҳаётга ҳам тайёрлаяпмизми?

Чунки юқори баҳо – муҳим натижа. Лекин у боланинг бутун имкониятини ифодаламайди. Аъло ўқийдиган, аммо мустақил қарор қабул қилишда қийналадиган ўқувчи ҳам бор. Ўртача баҳо оладиган, лекин муаммони ҳал қилишда, одамлар билан мулоқот қилишда, янги ғоя топишда ёки ўзини намоён этишда кучли болалар ҳам бор. Шу ерда жуда муҳим бир фарқни кўриш керак: баҳо боланинг бугунги натижасини кўрсатади, маслаҳат эса унинг эртанги имкониятини очиши мумкин.

Замонавий мактабнинг вазифаси ҳам айнан шу нуқтада кенгаяди. Энди мактаб фақат билим берувчи жой эмас. У бола ўз қобилиятини англайдиган, хатодан қўрқмайдиган, ўз фикрини ифода этадиган, қарор қабул қилишни ўрганадиган ва келажаги ҳақида ўйлай бошлайдиган муҳит бўлиши керак. Бундай ёндашувда мактаб маслаҳатчисининг ўрни алоҳида аҳамият касб этади.

Маслаҳатчини фақат муаммоли ўқувчилар билан ишлайдиган ёки касб танлаш вақти келганда маслаҳат берадиган ходим сифатида тасаввур қилиш тўғри эмас. Яхши маслаҳатчи муаммо пайдо бўлгандан кейин эмас, муаммо пайдо бўлишидан олдин ишлайди. У боланинг қайси фанга қизиқишини, нимани яхши бажаришини, қаерда ўзини эркин ҳис қилишини, қайси ҳолатларда ўзига ишончи пасайишини ва нимадан руҳланишини кўришга ҳаракат қилади.

Бунинг учун унга бола билан гаплашишнинг ўзи етарли эмас. Ўқитувчининг кузатуви, ота-онанинг фикри, боланинг ўз хоҳишлари, ўқиш натижалари, тўгарак ва лойиҳалардаги иштироки, жамоадаги муносабати каби турли маълумотлар бир-бири билан боғланиши керак. Шунда бола ҳақида фақат «яхши ўқийди» ёки «дарси паст» деган умумий хулоса эмас, унинг ривожланиш манзараси пайдо бўлади.Бу жуда муҳим. Чунки баъзан биз боладаги кучли томонни унинг камчилиги ортида кўрмай қоламиз. Синфда кўп савол берадиган болани «тинч ўтирмайди» деймиз. Расм чизишга қизиққан болани «дарсга эътибор бермайди» деб баҳолаймиз. Одамлар билан тез тил топишадиган ўқувчини «кўп гапиради» деб қабул қиламиз. Ҳолбуки, тўғри йўналтирилса, шу хусусиятларнинг ҳар бири келажакда муҳим қобилиятга айланиши мумкин.

Албатта, ҳар бир қизиқиш касбга айланмайди. Ҳар бир қобилият ҳам автоматик равишда муваффақият келтирмайди. Қобилият билим, меҳнат, интизом ва тажриба билан қўшилгандагина натижа беради. Аммо қобилиятни биринчи бўлиб кўриш ва уни ривожлантириш учун шароит яратиш мактабнинг муҳим вазифаси. Бу ҳақда ўйлар эканман, ўтган йили Нагояга малака ошириш учун бориб келган укам, юридик фанлар доктори, профессор Икром Эргашев айтган бир гап эсимга тушади. У Япония таълим тизими ҳақида гапира туриб, «У ерда таълимнинг асосида ишонч бор», деганди. Аввалига бу оддий гапдек туюлади. Кейинроқ ўйлаб қарасам, унинг замирида жуда катта маъно бор экан. Нагояда у кўрган таълим муҳитида ўқитувчининг ўз фаолиятини ўзи баҳолаши, талабаларнинг фикрини ўрганиши ва шу фикрлар асосида ўз ишини такомиллаштиришига катта аҳамият берилган. Бу ёндашув менга мактаб маслаҳатчисининг вазифаси ҳақида ҳам ўйлашга туртки берди. Балки биз ҳам мактабда боладан фақат натижа талаб қилишдан кўра, унинг фикрини эшитиш, танловини тушуниш ва ўз йўлини топишига кўмаклашишга кўпроқ эътибор беришимиз керакдир.

Бугунги дунёда бу масала янада долзарб. Чунки бола танлайдиган касблар, меҳнат бозори ва талаб қилинадиган кўникмалар тез ўзгармоқда. Шунинг учун «қайси касб энг яхши?» деган саволдан кўра «менинг қобилиятларим қайси йўналишларда кўпроқ намоён бўлади?» деган савол муҳимроқ бўлиб бормоқда.

Шу сабабли касбга йўналтиришни битирувчи синфда ўтказиладиган бир марталик тадбирга айлантириш етарли эмас. Касбий йўналтириш боланинг ўзини англашидан бошланади. Бола «Мен ким бўламан?» деган саволдан олдин «Мен нимани яхши қиламан?», «Нимага қизиқаман?», «Қандай муҳитда ўзимни яхши ҳис қиламан?», «Қандай муаммоларни ҳал қилиш менга ёқади?» деган саволларга жавоб излаши керак. Маслаҳатчининг вазифаси эса унга тайёр касбни танлаб бериш эмас. Унинг вазифаси – болага ўз танловини онгли равишда қилишга ёрдам бериш. Ота-она фарзанди учун энг яхшисини хоҳлайди. Бу табиий. Аммо баъзан катталарнинг орзуси билан боланинг қизиқиши ўртасида фарқ пайдо бўлади. «Шифокор бўл», «юрист бўл», «иқтисодчи бўл», «шу университетга кир» деган тавсиялар яхши ниятдан айтилган бўлиши мумкин. Лекин боланинг ўзи бу йўлни хоҳлайдими? Фарзанд учун йўл танлаб бериш осон. Уни ўз йўлини топишга ўргатиш эса анча қийин. Маслаҳатчининг энг нозик вазифаларидан бири ҳам шу ерда намоён бўлади. У ота-она билан бола ўртасида қарор қабул қилувчи эмас, мулоқотни тўғри йўлга қўювчи воситачи бўлиши керак. Унинг фикрини эшитиш, унинг нимага қизиқишини сўраш, келажак ҳақидаги тасаввурини билиш керак. Баъзан катталар бола ҳақида кўп гапиради, аммо боланинг ўзидан кам сўрайди.

«Нега бу фанни ёқтирмайсан?»

«Қайси ишни қилиш сенга ёқади?»

«Ўзингда қайси қобилият бор деб ўйлайсан?»

«Агар хато қилишдан қўрқмаганингда, нимани синаб кўрган бўлар эдинг?» Бундай саволлар оддий кўринса-да, улар болани ўзини англашга олиб боради. Бунинг учун маслаҳатчининг иши ҳам фақат суҳбат билан чекланмаслиги керак. У боланинг ривожланишидаги кичик ўзгаришларни ҳам кўра билиши зарур. Масалан, аввал синфда гапиришдан қўрққан бола бугун ўз фикрини эркин айта бошладими? Илгари қийин вазифадан воз кечган ўқувчи энди уни охиригача бажаришга ҳаракат қиляптими? Бирор фанга қизиқиши пайдо бўлдими? Келажакдаги мақсади аниқлашдими?

Бизнинг таълим тизимимизда баъзан бола ҳақида гап кетганда унинг камчилиги биринчи бўлиб тилга олинади: «дарси ёмон», «интизоми қийин», «фаол эмас», «эътиборсиз». Лекин «У нимани яхши қилади?» деган савол баъзан кейинроқ берилади. Ваҳоланки, тарбия ва таълимнинг энг яхши нуқтаси кўпинча боланинг кучли томонидан бошланади.

Агар бола расм чизишни яхши кўрса, буни «дарсдан чалғиш» деб эмас, унинг ижодий қобилиятини ривожлантириш имконияти деб қараш мумкин. Агар у одамлар билан тез тил топишса, бу оддий «сергаплик» эмас, келажакда коммуникация талаб қиладиган соҳалар учун муҳим қобилият бўлиши мумкин. Агар у доимо «нега?» деб сўрайверса, балки бу шунчаки безовталик эмас, қизиқувчанликдир. Шу билан бирга, болани фақат «қизиқиши»га қараб баҳолаш ҳам етарли эмас. Қизиқиш меҳнат билан синовдан ўтиши керак. Қобилият интизом билан мустаҳкамланиши керак. Орзу эса аниқ мақсад ва ҳаракатга айланиши лозим.

Маслаҳатчининг вазифаси  боланинг орзусини инкор этиш ҳам, уни асоссиз равишда рағбатлантириш ҳам эмас; орзу билан реал имконият ўртасида тўғри кўприк қуришдир.

Маслаҳатчи психологнинг вазифасини эгалламайди, ўқитувчининг ишини такрорламайди. Унинг ўзига хос ўрни – таълим, шахсий ривожланиш ва келажак режаларини бир-бири билан боғлаш. Агар болага махсус психологик ёрдам зарур бўлса, тегишли мутахассисга мурожаат қилиш керак. Агар академик қийинчилик мавжуд бўлса, ўқитувчи билан ҳамкорлик зарур. Агар касбий йўналишда ноаниқлик бўлса, болага турли таълим йўналишлари ва касблар ҳақида холис маълумот бериш керак. Шунда маслаҳатчи мактабдаги турли имкониятларни бир нуқтага боғлаб турадиган шахсга айланади. Бугун болаларимиз ҳар қачонгидан кўра кўпроқ ахборот ичида яшаяпти. Интернет орқали истаган касби ҳақида маълумот топиши мумкин. Аммо маълумотнинг кўпайиши танловнинг осонлашганини англатмайди. Аксинча, имкониятлар кўпайгани сари адашиб қолиш эҳтимоли ҳам ортади. Шу сабабли болага «нима танлаш»ни айтишдан кўра, «қандай танлаш»ни ўргатиш муҳимроқ.

Бугун биз мактаб муваффақиятини кўпинча юқори натижалар, олимпиада ғолиблари, имтиҳон баллари ва университетга кирган ўқувчилар сони билан ўлчаймиз. Булар, шубҳасиз, муҳим кўрсаткичлар. Лекин уларнинг ёнига яна бир саволни қўшиш вақти келди:

Бу мактабда қанча бола ўз қобилиятини англаб етди?

Қанча ўқувчи ўз фикрини эркин айтишни ўрганди?

Қанчаси хатодан қўрқмай қўйди?

Қанчаси ўз келажаги ҳақида онгли қарор қабул қилишга яқинлашди?

Қанчаси «мендан нима кутишяпти?» деган саволдан «мен нимани хоҳлайман ва бунинг учун нима қилишим керак?» деган саволга ўтди? Менимча, мактабнинг ҳақиқий қиймати ана шу саволларга берилган жавобларда ҳам намоён бўлади. Чунки мактабнинг вазифаси болани фақат имтиҳонга тайёрлаш эмас уни ҳаётга тайёрлашдир.

Имтиҳон бир кун тугайди. Баҳо бир рақам бўлиб қолади. Аттестат эса бир ҳужжат. Аммо инсоннинг ҳаёти ундан кейин давом этади. У касб танлайди. Хато қилади. Қайта ўрганади. Қийин қарорлар қабул қилади. Янги одамлар билан ишлайди. Ўзгариб бораётган дунёга мослашади. Шунинг учун бугун мактабни тугатаётган боланинг қўлида фақат яхши баҳо эмас, ўзига ишонч, мустақил фикр, масъулият, қизиқувчанлик ва ўз йўлини танлаш қобилияти ҳам бўлиши керак.

Балки замонавий мактаб учун энг муҳим ўзгариш ҳам шу ердан бошланар: фарзандимиздан фақат «Бугун неча баҳо олдинг?» деб сўраш ўрнига, баъзан «Бугун ўзинг ҳақингда нимани билиб олдинг?» деб ҳам сўрайлик. Чунки баҳо боланинг бугунги натижасини ўлчайди. Аммо унинг келажагини унинг ўзини англаши, ҳаракати ва танлови белгилайди. Ва ҳар бир боланинг ортида ҳали очилмаган бир имконият бор. Уни кўриш, унга ишониш ва тўғри йўналтириш замонавий мактабнинг энг катта вазифаларидан биридир.

С. Эргашева,
Тошкент шаҳри Бектемир тумани
345-сонли умумий ўрта таълим мактаби маслаҳатчиси