Бу ҳақда Reuters хабар берди.
София бунга инфляция, бюджет тақчиллиги, узоқ муддатли қарз олиш харажатлари ва валюта курси барқарорлиги билан боғлиқ барча расмий шартларни бажарганидан сўнг эришди. Болгариянинг еврони қабул қилиши билан бу валютадан фойдаланадиган европаликлар сони 350 миллиондан ошади.
Бироқ, болгарлар ўртасида левдан воз кечиш бўйича якдиллик йўқ. Бизнес умуман олганда олдиндаги ўзгаришларни қўллаб-қувватламоқда. Шу билан бирга, баъзилар Европа Иттифоқи таназзул ва парчаланиш сари кетмоқда, яъни еврони қабул қилиш фойдадан кўра кўпроқ муаммолар келтиради, деб ҳисоблайди.
Баъзи сиёсий таҳлилчиларнинг таъкидлашича, еврони илгари суриш кампанияси заиф кечди ва кекса одамларнинг, айниқса чекка ҳудудларда мослашиш қийин кечади. Қолаверса, ўтиш жараёни барқарор ҳукуматнинг йўқлиги туфайли мураккаблашиши мумкин.
Ўтиб бораётган жорий йилнинг февраль ойи охирида Болгарияда левни сақлаб қолиш бўйича референдум ўтказиш учун имзолар тўпланган эди. Ташаббус Болгариянинг “Уйғониш” мухолифат партияси томонидан илгари сурилган. Партия вакилларининг таъкидлашича, болгарларнинг тахминан 80 фоизи левни сақлаб қолишни хоҳлайди, чунки евронинг киритилиши оддий фуқаролар эмас, балки фақат кичик элита учун фойдали бўлади, деб хабар берди lenta.ru.