– Исажон ака, Ойбек домланинг “Навоий” романидан қарийб 80 йил ўтиб, буюк мутафаккир ва шоир ҳаёт йўлини янги саҳифаларда ёритишга аҳд қилдингиз. Бу салмоқли қадам янги маълумотлар ва ўзига хос бадиий услуб билан ажралиб туриши керак эди. Сиз бу қутлуғ тарихни “тирилтириш” жараёнида қандай манбаларга асосланиб куч ва жасорат топдингиз?

Энг аввало, ушбу асар янгиланаётган ватанимизда амалда қарор топган ижод ва сўз эркинлиги меваси, десак ҳақ гапни айтган бўламиз. Чунки устоз Ойбек ижод қилган давр билан бугунимиз ўртасида ер билан осмонча фарқ бор.

Қисқа давр мобайнида юртимизда миллий адабиётни равнақ топтириш учун кўп ишлар қилинди. Ҳеч бир мамлакатда ўхшаши йўқ муҳташам Адиблар хиёбони барпо этилди, Ёзувчилар уюшмасига янги, ҳавас қилса арзигулик бино қуриб берилди, қалам аҳли учун замонавий оромгоҳлар ташкил қилинди, адиб ва шоирларнинг ижод мактаблари очилди. Ўзбек адабиёти ҳеч бир замонда бундай катта эътибор кўрмаган, десак муболаға бўлмайди.

Яна бир муҳим жиҳат – тилимизга эътибор. Бу хайрли ташаббус ҳам давлатимиз раҳбарига тегишли. Президентимиз “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни ва “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунни имзолаши билан бирга, БМТ Бош Ассамбеяси минбарида тарихда илк бор она тилимизда нутқ сўзлади. Вазирлар Маҳкамасида Маънавият ва давлат тили департаменти тузилди, унинг фаолият мезонлари белгилаб берилди, тегишли қонун ва қонуности ҳужжатлар қабул қилинди.

Бундай эзгу ташаббуслар, мамлакатдаги янгиланишлар ижодкорларни руҳлантириб юборди, албатта. Айни шу илҳомбахш жараёнлар “Алишер Навоий” асарининг дунё юзини кўришига сабаб бўлди.

Сиз сўз юритган манбалар ҳақида гап кетганида дастлабки икки Ренессанс билан боғлиқ мулоҳазаларимни айтишни истайман. Чунки сўз айнан илм-фан, бадиият ва давлат муносабатлари ҳақида кетмоқда.

Биринчи ва иккинчи Ренессанс даврида, агар мамлакат ҳукмдорларининг ҳомийлиги бўлмаса эди, олимлар дарбадарликка маҳкум эдилар. Бу борада улуғ мутафаккир Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва фаолияти мисол бўла олади. Алломанинг ёшлик йиллари африғийлар сулоласи ҳукмдорлиги даврига тўғри келди. Ушбу сулола вакили бўлмиш олим Мансур ибн Ироқ мураббийлигида у дунё фанларини ўрганди, Хоразмнинг ер юзидаги ўрнини аниқлади ва биринчи глобусни ясади. Бу пайтда у ўсмир ёшида эди.

Беруний Журжон ва Табаристон ҳукмдори Кобус ибн Вушмгир ҳомийлигида “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” ва “Сферика” асарини, халифа Маъмун паноҳида жуғрофия ва геометрияга оид тамал асарларини, султон Маҳмуд Ғазнавий паноҳида “Ҳиндистон” рисоласини, Масъуд Ғазнавий ҳомийлигида “Минералогия” ҳамда “Қонуни Масъудий” асарларини яратди.

Азбаройи ушбу ғамхўрликнинг эътирофи ўлароқ, олим ўзининг машҳур “Осорул-боқия” асарининг кириш қисмида бундай ёзади: “Тангри ёрдамига сазовор, неъматлар эгаси бўлган жаноб хожамиз улуғ амир Шамс ал-Маолийнинг – Худо уни доимо қудратли айласин! – олий давлатидан қувват олиб, бутун кучимни йиғиб, гоҳ эшитиш, гоҳ кўриш ва қиёс қилиш орқали, билимим етганича, ушбу нарсаларни баён қилишга бел боғладим. Кейин муборак хизмат либосини кийганлигим ҳам ўша мендан сўралганларни олий тахт эгаси учун исбот этиб беришга, шу билан Шамс ал-Маолийга янгидан хизмат этиб, шону шарафи асрлар ва узоқ замонлар оша келгуси авлодга мендан мерос бўладиган фахр либосларини кийишга, шу асарни ёзишга мени журъатлантирди. Агар Амир – Тангри доимо унинг фикрини юқори қилсин! – бу қулнинг жасоратидан кўз юмиб, узрини қабул этса ва уни шарафласа, иншааллоҳ, тўғри фикр юритган бўлади”.

Қаранг, улуғ мутафаккир ўз китобининг ёзилишига сабабчи бўлган ва ҳомийлик қилган Шамс ал-Маолийни дуо қилиб, “асрлар бўйи мангу яшайдиган” – мангуликка дахлдор китобида унга ўз миннатдорлик билдиряпти. Бугунги кунда мамлакатимизда илм-фанга эътибор қай даражада экани ҳаммага аён. Шулар қаторида ижодга эътибор ҳам юксак даражада. Юртимизда рўёбга чиқаётган улкан ҳаётбахш жараёнлар ва илҳомланишлар натижасида ёзилган “Алишер Навоий” романи юксак баҳоланишининг асосий сабаби ҳам шунда, яъни жамиятимизнинг улуғ бобомизга бўлган улкан ҳурмати ва меҳр-муҳаббатида, деб биламан.

Романнинг ёзилишига келсак, энг янги тадқиқотлар қаторида яна бир қанча манбаларни излаб топишга тўғри келди. Мисол учун, Алишер Навоийнинг Хожа Ҳасан Арҳангий қўлида навкарлик хизматида бўлгани ёки султон Ҳусайн Мирзонинг рақиби Муҳаммад Ёдгор Мирзони ҳибсга олиши воқеаси. Бу ҳақда Хондамир ўзининг “Макорим ул-ахлоқ” ва “Ҳабиб ус-сияр” асарларида хабар беради.

Яна бир улуғ аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома” асарида Хуросоннинг Кобул, Ҳирот ва бошқа шаҳарлари табиати ҳақида муфассал маълумот қолдирган. Мисол учун, султон Абулқосим Бобур 1456 йилда Машҳадга сафар қилади. Бунинг сабаби Ҳирот қишининг совуқ ва Машҳад ҳавосининг илиқлигида бўлган. Буларни Бобур Мирзодан ҳамда бугунги аниқ метеорологик маълумотлардан топса бўлади.

Кўҳна манбаларда Астробод ҳақида маълумот оз. Бироқ ҳазрат Навоий Астрободда узоқ вақт қолишни истамагани ҳам ҳақиқат. Манба кутилмаганда ибн Баттута саёҳатномасидан чиқиб келди. Ибн Баттута Астрободни муфассал тавирлайди, ҳавоси рутубатли ва дардларга сабаб эканини айтади. Шунингдек, у ердаги туз чўли ҳақида маълумот беради. Ушбу чўл ҳозир ҳам бор бўлиб, у Дашти Кевир деб аталар экан.

Яна бири Ҳирот дарёси. Султон Ғазнавий замонасидаёқ шаҳарлар қамали вақтида қалъага кирадиган сувларни тўсиб қўйиш тактикаси бўлгани учун шаҳар дарёдан анча узоқда қурилган.

Умуман, табиат ўзгармаган ва олти юз йил аввалги ўт-ўлан, дов-дарахт, қурту қуш ва жонзотлар ҳалиям ўша-ўша. Айни шу жиҳат асарда тарихийликни тасвирлашда қўл келади. Масалан, ҳазрат Навоийнинг “Тухм ерга кириб, чечак бўлди, Қурт жондин кечиб, ипак бўлди” мисраларидаги лола уруғи ёки ер қурти – ипак қуртини улуғ бобомиз айни Ҳирот боғларида ёки Ҳирируд ирмоқлари соҳилида кўрмаганмикин?

У маҳалда Хуросонда турли қабила ва элатлар яшаган: лурийлар, ғурийлар, пашожийлар, ламғонийлар... Бу элатларнинг баъзилари ҳозир ҳам мавжуд. Масалан, шундай қабилалардан бири ёзни Хуросонда, қишни Пешаворда ўтказади, кўчманчи бу қабила йўл-йўлакай қўшиқ айтиб, тирикчилик қилади. Бундай қоришиқ мамлакатни бошқариш осон бўлмаган, албатта.

Ёхуд қўшин танзимотини айтинг. Ёй ва ўқларнинг турлари, қурол-аслаҳа номлари, қўшин тузилиши, жанг тактикаси ва ҳийлаларининг ўзиёқ бир достон. Бобур Мирзода “зеҳгир” деган сўз қўлланилади, у нима экан десангиз, ёй ипини торганда бармоққа кийиладиган ангишвонасифат мослама экан.

Кечагина баъзи мавзулардаги асарлар нашр этилиши қийин иш эди. Бугун эса қалам аҳли ўзи истаган мавзуда қалам тебратиши ва чоп эттириши мумкин. Мисол учун, жадидлар давридаги мураккаб вазиятлар, мустамлакачиларга қарши аёвсиз кураш олиб борган юрт фидойилари – қўрбошилар ва босмачилар ҳақида асарлар ёки яна бир тақиқланган мавзу – эътиқодлар масаласида ҳам асарлар ёзиляпти ва баҳосини оляпти. Яъни бугуннинг ижодкори тамомила ҳур ва эркин, марҳамат, истаган асарини ёзсин. Халқига, миллатига хизмат қилса бас.

– Истаган асарини ёзсин деймиз-у, адибларимиз яратиши кутилаётган асарлар ёзилганларидан чандон кўплиги ҳам ёдга келади...

– Президентимиз шу йилнинг 12 январь куни Қуролли Кучларимиз ташкил топганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни арафасида Қуролли Кучлар академиясига қилган ташрифи давомида олий ҳарбий билим юртлари, лицей ва коллежларда таълим олаётган ўқувчилар қалбида миллий руҳ, она Ватанга меҳр ва садоқат, адолат туйғусини ҳар томонлама кучайтириш, буюк аждодларимиз, жумладан, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Шоҳрух Мирзо, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби саркардаларимизнинг бой жанг санъатидан кенг фойдаланиш муҳимлигини таъкидлаб ўтди. Хотира ва хотирлаш кунидаги нутқида эса ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон урушидаги жасорати ва фидокорлиги мавзусига тўхталиб, биринчи ўзбек актрисаси Масъума Қориева тақдири ҳақида сўзлади.

31 август куни Шаҳидлар хиёбони зиёрати вақтида: “Биз шу вақтгача тарихнинг ўзимизга ёққан жойларини олиб, ёқмаган томонини яшириб ўтдик. Бировга ёқадими-ёқмайдими, ғуруримизми-армонимизми, муваффақиятми ё хиёнатми – ҳаммасини ҳаққоний ёзиш керак”, деб таъкидлади.

Шундай ёниқ чорловлардан сўнг қалам аҳли қандай қилиб тинч ўтира олсин? Бу борада мен адиб ва шоирларимизни янгидан-янги таъсирчан асарлар яратишга чорлаган бўлардим.

Барча чорловларнинг моҳияти улуғ мақсадга – юртимизда Учинчи Ренессанс пойдевори яратилишига келиб тақалади. Бу, аввало, тафаккур тарзи ўзгаришида намоён бўлади. Мақсадларимизни янада қутлуғ манзилларга йўналтиришимиз керак, қобилият ва билимимизни улуғ ғоялар учун сарфлашимиз керак. Қаранг, Маъмун академиясидаги бир неча олим не-не ишларни амалга оширди. Тарихни оломон эмас, шахслар яратади, тарихларга эса мамлакатда рўй берган улкан воқеа-ҳодисалар асос қилиниб олинади.

Бу ишлар юртимиз кишиларининг ақл ва зако куч-қудратини дунёга тараннум этиши билан бирга, ўта жиддий ва муҳим бир ўрнакни белгилаб беради: инсон деган шарафли номга лойиқ бўлиб, ўзлигини намоён қилиш ва ҳаётда рози-ризолик билан яшаш!

Яна бир мисолни султон Мирзо Улуғбекда кўрамиз. Не-не жангу жадалларда ғалаба қозонган маҳоратли ҳукмдорнинг илм-фанга рағбати фахру ғурурга арзийди. Жаҳон тарихида бундай ҳукмдорлар камдан-кам учрайди.

Демак, Учинчи Ренессанс пойдевори, энг аввало, онгларда яралиши керак. Бунга эса мутафаккир жадид бобомиз Абдулла Авлонийнинг ўтган аср бошидаги вазият ҳақида куйиниб ёзган қуйидаги сўзлари мисол бўла олади:

“Оталаримиз болалариға ўқутмак ва таълим бермак ўрниға, “Ўғлим, энди каттакон йигит бўлдинг, шунча ўқиганинг етар, пул топ!” деб ҳаммоллик қилдиришни яхши кўрурлар.

Ишчиларимиз илм ва ҳунардан маҳрумлиги сабабли бошқа миллатлар илму маърифатлари соясида кунига тўрт-беш сўм ишлаб турган бу замонда кунига уч тангага мардикорликни, ойига ўн беш сўмга қоровулликни, йигирма сўмга фонар ёқишни, ўн сўмга кўнка йўлини тозалашни ва шуларга ўхшаш энг паст ва оғир хизматларни яхши кўрурлар”.

Ёки яна бир маърифатпарвар бобомиз Тўлаган Хўжамёров дейди:

Эй қўлум, пул тутма ҳеч, миллатга ёрдамлашмасанг,

Бўлма хушнуд, эй дилим, миллат ғамин ғамлашмасанг,

Равшан ўлма, эй кўзум, ёшинг тўкуб намлашмасанг,

Фикрим, очилма, агар шеъринг ёзиб ҳамлашмасанг,

Чиқ ичимдан, жоним эй, сан манга ҳамдамлашмасанг.

Шундай муаззам жараён ичида эканмиз, бажариладиган ишлар ва ёзиладиган асарлар жуда кўп эканини кўрамиз.

Алишер Навоий бобомизни қуёш, ижодкорни кўзгу деб фараз қиладиган бўлсак, у ҳақда ёзилган асар ўша қуёшнинг миллионлаб қалблардаги аксларидан биттасигина, холос. У буюк зотнинг ҳар бир асарининг яратилиши, фаолияти, умрининг ҳар бир йили бир романга мавзу бўла олади, албатта.

Ёзувчи сифатида янгиланаётган юртимиз кишиларида яна қандай ўзига хос жараёнларни кузатасиз?

– Яқинда Фарғона вилоятида адабиёт кунлари тантаналари бўлиб ўтди. Шу тантаналар асносида кишиларимизнинг миллий адабиётга бўлган меҳри ва ташналиги намоён бўлди. Ҳа, соғлом фикр ва соғлом адабиётга интилиш кучайибди. Бу, албатта, давлат раҳбарининг беш ташаббуси ва китобхонликни тарғиб қилиш бўйича чорловларининг натижаси.

Айни пайтда бутун мамлакат бўйлаб янгиланиш жараёнлари ҳукм сурмоқда. Қаранг, хизмат кўрсатишда ҳам, ишлаб чиқаришда ҳам янги тизимлар жорий бўлди. Биргина “ягона дарча” ёки давлат хизматлари тизими қанча нарсани ўзгартириб юборди. Хизмат кўрсатиш соҳаси мисли кўрилмаган даражада ўсди. Электрон тўлов тизими кириб келди. Меъморликда катта ўзгаришлар юз берди. Қишлоқ хўжалигида, оғир ва енгил саноатда, тиббиётда, фармацевтикада, таълимда туб янгиланишлар давом этмоқда. Бошқача айтганда, ҳозир юртимизда “нолдан бирни яратиш” жараёни содир бўлмоқда. Ушбу кўламдор вазифа бажарилгач, кейингисига – “бирдан мингни яратиш” босқичига ўтилади. Айни шу босқич Учинчи Ренессанснинг пойдевори бўлади.

Бу шунчалар ҳаётбахш ва теран ғояки, кишини тўлқинлантириб юборади. Ахир гап ўттиз беш миллион кишининг жавҳаридаги яратувчанлик қобилиятини уйғотиш ҳақида бормоқда. Бу шунчалар қудратли кучки, бутун инсоният ақл-заковати етиб борган чегаранинг нарёғига етаклаб бора олади. Ёшларга эътибор ва улардаги истеъдодни рўёбга чиқариш ғояси замирида ҳам шу мақсад турибди.

Шу сабабли “устоз ва ўқувчи” тизимига “ота-она” ҳалқасининг қўшилиши ҳақидаги ғоя ҳам жуда ўринли. Бу мураббийлар, ёшлар ва уларнинг ота-онасининг орзу-умидларини ягона бир мақсад сари етаклайди. Дунё фанларини пухта эгаллашларига йўл очади. Оламда янги фанлар пайдо бўлмоқда ва инсонларни янги уфқлар сари ундамоқда. Гап ўта замонавий ускуналарни ишлата олиш ҳақида сўз бормоқдами ёки келажакда ўшандай ускуналарни яратиш ҳақидами? Мисол учун, сунъий интеллект дунё илм-фани етиб келган энг сўнгги босқичдир. Лекин билим ва малака етарли бўлса, уни ўз болаларимиз бемалол уддалашади.

Бу қизиқарли жараённи кузатар экансиз, беихтиёр ўқиб-ўрганиб, шу борада нималардир қилгингиз келади. Ҳаётга ҳам, ижодга ҳам бирдай тааллуқли ҳолатларга дуч келасиз. Қаранг, сунъий интеллект алгоритмларида “if”, яъни “агар” деган қоида бор. Айтайлик, сунъий интеллектга олмани излаб топиш буйруғи берилди. Унинг шакли, ранги, хусусиятлари хотирага киритилгач, “агар”дан иборат буйруқлар тўплами келади. Интеллект ўша кўрсаткичларга мос келадиган нарсани топмагунча излашда давом этаверади. Ана энди буни ҳаётга татбиқ қилиб кўрайлик-чи. Эҳ-ҳе, мотивациянинг маҳобатини кўряпсизми? “Мақсадга етмагунча изланишда давом эт!” – ўз-ўзидан шиор чиқиб турибди. Инсон закоси яратган ускунаки, шу қоида асосида ишласа, уни яратган зако-чи? Юртимизнинг минглаб ёшлари ана шундай ақлли қурилмаларни яратиш салоҳиятига эга эмасми? “Сенда султонлар хазиналаридагина бўладиган ноёб олтин ханжар бор, наҳотки уни сабзи тўғрашга ишлатсанг?” дейди улуғ мутафаккир Жалолиддин Румий заковат ҳақида сўз юритар экан. У истеъдод фикрни рўёбга чиқариш қудратига эга эмасми? Инсон заковати ҳар доимо тараққиётнинг асоси бўлиб келган. Бор-йўғи бир ускуна шу тамойилга кўра эътиборга сазовор бўлар экан, ҳар бир кишимизнинг жавҳарида махфий турган “зако” деган қудрат рўёбга чиқиши учун нималар қилиш керак?

Яъни, давлатимиз раҳбари айтганидек, яратувчилик хусусиятини уйғотиб олиш керак. Чунки янгиликлар ва кашфиётлар содир бўладиган ягона маскан – фикрловчи кишининг онги. Кун кечириш, пул топиш, яхши яшаш ҳиссини эмас, бунёдкорлик шавқини “таништириб” олсак, қолгани ўз-ўзидан келади.

Адабиётга келсак, у ҳам тарих, фақат ўзига хос тарихдир. Адабиёт илмида “эпик жанрлар” деган тушунча бор, мазкур жанрлар бутун бошли даврни, яъни “эпоха”ни қамраб олади, замон кишиларининг қалбига назар солиб, уни ҳаётда тутиб турган ва келажакка етаклайдиган қудратни таҳлил қилади. Узоқ ва яқин тарихимизда ҳам, бугунимизда ҳам шундай асарларга мавзу бўларли воқеалар етарли. Шу билан бирга, бугуннинг кишиси кечагидан анча фарқ қилади: у энди билим ва маърифатнинг қадрига етадиган, тараққий этган мамлакатлар фуқаролари ноил бўлган эркинликларни ҳис қила бошлаган кишидир. Жамиятда ҳам, тадбиркорликда ҳам, бошқарувда ҳам қандай катта ўзгаришлар рўй берганини барча кўриб-билиб турибди. Айни шу жараёнлар янги Ўзбекистонда яшаётган бугунги кун кишиси ҳақидаги асарларга тамал мавзу бўла олади ва бу борада янгидан-янги эпик асарлар яратилади деб ўйлайман.

 – Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достонида “Лайли ишқин танимда жон қил”, дейди Мажнун Яратганга ёлвориб. Бу ишқ муножоти тасаввуфнинг ёруғ ва абадий ҳикматлари сиз яратган тарихий асарларни ҳам, ўта замонавий битикларингизни ҳам битта умумий яшил ип билан боғлаб туради. Сиз бу мулоҳазамизни қандай изоҳлаган бўлардингиз?

 – Шу ўринда минг марта шукр қиламан: мумтоз адабиётимизнинг асос моҳияти сифатида асрлар бўйи яшаб келган ушбу санъат ҳақида бугун ҳеч қандай чекловларсиз, очиқ-ойдин сўз юритиш мумкин. Бу, албатта, бугун юртимизда қарор топган эркинликлар натижасидир.

Шу ўринда тасаввуф ҳақида яна бир мутафаккир аллома - Абу Райҳон Берунийнинг сўзларини келтириб ўтсам: “Суфийлар ҳаким, яъни ҳикмат эгаларидир. Араб ҳарфида “син” билан ёзилган юнонча “суф” сўзи бизча ҳикмат демакдир, – деб ёзади буюк аллома юнон фалсафасида “софистика” деб номланган, борлиқни билиш ва англаш ҳақидаги фанга ишора қилиб. Беруний бобомиз нигоҳи билан қарасак, ҳазрат Алишер Навоийнинг қанчалар тенгсиз олим экани ойдинлашади.

 Алишер Навоий ҳазратларининг “Лайли ва Мажнун” достони бу борадаги шоҳ асардир. Унинг “калити” у зот битган мисраларда яширинган. “Ёзмоқта бу ишқи жовидона, Мақсудим эмас эди фасона”, яъни: “Бундай ишқ достонини ёзишдан мақсадим афсона айтиш эмас эди”, дейди ҳазрат. Демак, Беруний таърифлаган ва Навоий асарларида тараннум этилган ушбу ҳикмат йўли инсоннинг ибодати ва муножотигина эмас, балки бутун борлиқ ва коинот, унинг яралиши, мавжуд қонуниятлари ва бетакрорлигини идрок этиш фани дейиш мумкин. Бундай тушуниш эса дунёнинг барча фанларига - физика, биология, табобат, фармакология, механика, астрономия, математика ва бошқаларга кенг йўл очиб беради. Буюк аждодларимиз мероси шу нуқтаи назардан, яъни борлиқни билиш ва моҳиятини идрок этиш жиҳатидан тадқиқ қилинса, яна анча-мунча залворли илмий ва бадиий асарлар яратилиши шубҳасиз, албатта. Менинг битикларимга келсак, шундай азим дарё соҳилида турган киши яна нима ҳам қила оларди-ю, бундай буюк шахсиятларга чексиз эҳтиромдан, улар инсониятга тақдим этган тенгсиз хазиналарга улкан ҳайратдан бошқа нимаям қўлидан келарди?

 – 2011 йилда “Қисмат” ҳикоянгиз АҚШнинг Чикаго шаҳрида чоп этиладиган “Lexicon” адабий нашри танловининг, 2015 йилда эса “Боғи Эрам” ҳикоянгиз Туркиянинг Анталия шаҳрида чиқадиган “Güncel Sanat” журнали халқаро танловининг ғолиби бўлди. “Ҳазрати Хизр изидан” асарингиз 2017 йилда Буюк Британияда OCABOOK халқаро форумида ғолиб деб эътироф этилди, “ТODD” ҳикоянгиз эса Россия Федерациясида ўтказилган “Буюк ғалабанинг қаҳрамонлари” танловининг махсус мукофоти билан тақдирланди. Шунингдек, “Адабий Вена” (Австрия), “Сеҳргарлар ҳадяси” (АҚШ), “Органик проза” (Россия) халқаро танловларида ҳам ўз асарларингиз билан иштирок этгансиз. Халқаро анжуманларда адабий танқидчилар ва адиблар ўзбек адабиётининг қайси жиҳатларига кўпроқ эътибор қаратишади? Умуман, жаҳон адабиёти майдонидаги бугунги муҳит ва унинг талабларини қандай баҳолайсиз?

 – Ҳа, бу танловларнинг баъзиларида эътирофга эришиш насиб қилди. Лекин мен бу эътирофларни ўзимнинг эмас, балки шу буюк халқ яратган муҳташам булоқларнинг, яъни ўзбек бадиий тафаккурининг эътирофи деб биламан. Бу маданият бўлмаса, эътироф қайдан бўларди?

 Халқаро танловларнинг асосий жиҳати – тақдим этилган асарларда оригиналликка, яъни бетакрорликка ва креативликка – ижодий ёндашувга кўра баҳо берилади. Чунки бутун дунё янги ғояларни, теварак-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга янгича ёндашувни излайди. Албатта, сўз бу ерда тафаккур тарзи ҳақида бормоқда. Бугун жамиятимиз ҳам шуни истамоқда, бутун ўлка “креативлик” деб бонг урмоқда. Ишлаб чиқаришга, саноатга, хизмат кўрсатишга – барча-барчасига креатив ёндашиш, муаммоларнинг шу кунгача кўрилмаган янги ечимини топиш борасида сўз бормоқда. Айни шундай талаб бадиий асарларга ҳам тааллуқли.

 Эътирофлар ёқимли албатта, лекин дунё билан бўйлашишга чоғланиб, тортиниброқ турган ёш ижодкорларимизга айтган бўлардимки, халқаро танловларда иштирок этишнинг ўзиёқ муҳим. Аввало, қатнашувчи киши дунё халқлари ижодкорларининг турли ифода усуллари ва тушунчаларидан хабардор бўлади. Қолаверса, яқин-яқингача бундай танловларда тўғридан-тўғри иштирок этиш имконимиз йўқ эди. Ўзбек адабиёти кўп йиллар давомида темир тўсиқлар остида яшаб келди. Наинки халқаро тадбирлар, балки яратилажак бадиий асарга ҳам мафкуравий талаблар қўйилгани сир эмас. У тўсиқларни айтсангиз, ҳозирги авлод ҳайрон бўлиб тинглайди. “Бунча йиллик маҳдудлик давридан сўнг турли-туман халқаро танлов қатнашувчилари рўйхатида юртимиз номини ва ижодкорларимиз асарларини кўришнинг ўзиёқ катта гап”, десангиз, нега бундай дейилаётганига лол қолади.

 Лекин барчамизнинг қалбимизда ёруғ бир умид порлаб туради: оламни ўз тафаккури билан лол қолдирган не-не зотларни туҳфа қилган юрт шундай кишиларни нега яна ва яна етиштириб чиқармасин? Давлат мадҳиямиздаги “Улуғ халқ қудрати жўш урган замон” деган чуқур маъноли сўзларнинг моҳияти шунда намоён бўлади: у қудрат сусайиб, заифлашиб қолгани йўқ, балки янги ғайрат-шижоат билан дунёга юзланмоқда.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди