Мутахассислар қайд этишича, инсоният минг йиллардан буён тегирмонни юргизиш ва денгизда елканли кемаларда ҳаракатланиш учун унинг кучидан фойдаланиб келган. Ўрта ва кейинги асрларда Европа мамлакатларида ундан саноат ва қишлоқ хўжалигида кенг миқёсда фойдаланилган. Юртимизда ҳам яқин пайтларгача буғдой, арпа ва бошқа бошоқли экинлар донини ёки майизни ажратиб олишда шамол яқин кўмакчи бўлгани яхши маълум.
Шамолнинг йиллик назарий захираси Ер юзидаги барча энергия ресурсларидан 100 марта ортиқ бўлиб, айни вақтда дунёдаги бу турдаги барча қурилмаларнинг йиллик қуввати 743 гегаваттдан ошади. Эндиликда бу рақам йилига 10–15 фоизга ортиб бориши башарот қилинмоқда.
Маълумки, 1 киловатт электр энергияси ишлаб чиқариш учун 0,3 куб метр табиий газ, ўртача 2,5 килограмм кўмир сарфланади. Кўмир асосида ишлайдиган қуввати 1 мегаваттли станция атмосферага 1 минг 800 тонна углерод ва 13 тонна азот оксидларини чиқаради. 1 мегаватт қувватли шамол генератори эса, 20 йил давомида 29 минг тонна кўмир ёки 92 минг тонна нефтни иқтисод қилади. Шамол генераторларидан олинадиган қувват экологик энг тоза электр энергияси ҳисобланади.
Шу боис, дунё бўйича шамол энергиясидан фойдаланиш катта тезликда ўсмоқда. Агар 2000 йилда дунёдаги барча давлатларда шамолдан 17,4 гегаватт энергия олинган бўлса, бу кўрсаткич 2014 йилда 389,5 гегаваттни ташкил қилди, яъни 14 йил давомида шамолдан электр энергияси олиш 20 баробар ошди. Ундан кейинги даврда эса 353,5 гегаваттдан ортиққа ўсди.
Шамолдан электр қуввати олиш бўйича Хитой дунёда биринчи ўринда туради. Жаҳондаги мазкур энергиянинг қарийб учдан бир қисми унинг улушига тўғри келади. АҚШ, Германия, Испания каби ривожланган давлатлар кейинги ўринларни эгаллайди. Дания 2025 йилда электр энергияга бўлган талабнинг учдан икки қисмини, Буюк Британия 2030 йилга бориб барча эҳтиёжни шамол энергетикаси ҳисобидан қоплашни режалаштирган. Европанинг бошқа давлатларида ҳам мазкур муқобил қувват юқори тезликда ривожланмоқда.
Қолаверса, шамол электр станцияларида ишлаб чиқарилаётган электр энергияси нархи ҳам арзонлашиб боряпти. 2010–2020 йиллар орасида қуруқликдаги шамол электр станциялари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ўртача нархи 56 фоизга арзонлаб, 1 киловатт-соат электр энергияси 8,9 центдан 3,9 центгача пасайган.
1 триллион киловатт-соатга яқин электр қуввати
— Шамолдан электр энергияси олиш учун унинг ўртача йиллик тезлиги секундига 3 метрдан юқори бўлиши керак, — дейди география фанлари бўйича фалсафа доктори Расулжон Мамажонов. — Ундан ҳосил бўлган қувватлар аккумуляторда тўпланади ва сўнг тармоққа узатса бўлади. Тезлиги секундига 3 метрдан камроқ эпкинли шамолдан ҳам кичик қувватдаги электр энергия ҳосил қилиш мумкин, лекин ундан фойдаланиб бўлмайди.
Ўзбекистонда Ер юзасидан 20–30 метрдан 80 метргача баландликда шамолнинг йиллик ўртача тезлиги секундига 4,5 дан 5,5 метргача етади. Буни 2014 йилда Германиянинг “GEONET” ва “Inter-COPA” компаниялари “Ўзбекгидроэнерго” АЖ билан биргаликда олиб борган ўлчаш ва кузатиш ишларида аниқлади. Бу юмушлар 84 метр баландликда бажарилди ва мазкур маълумотлар асосида “GEONET” томонидан Ўзбекистон ҳудудининг шамол ресурслари харитаси тузилди. Унга кўра, шамол секундига 5 метрдан 6,5 гача ва ундан юқори тезликда бўлган ҳудудлар мамлакатимиз умумий майдонининг 70–75 фоизини, секундига 3 дан 5 метргача эсадиган жойлар 20–25 фоизни ва 2,5 дан кам бўлган ҳудудлар 5 фоизга яқин майдонни ташкил этади. Мазкур рақамлар республикамизнинг 95 фоиз ҳудудида шамол энергиясидан фойдаланиш имконияти мавжудлигини англатади.
Иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиб, аҳоли ижтимоий ҳаётининг яхшиланиб бориши энергетика ресурсларига бўлган талабни оширмоқда. Бунда шамол ресурслари харитаси қўл келади. Ушбу харита асосида Энергетика вазирлиги томонидан икки истиқболли ҳудудлар белгиланган. Ана шундан келиб чиққан ҳолда, Навоий, Бухоро, Самарқанд, Жиззах вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси жанубида шамол энергияси салоҳиятини аниқлаш мақсадида тадқиқотлар олиб борилди. Уларнинг ҳар бирида шамол тезлиги ва йўналиши, ҳавонинг зичлиги ва ҳароратини аниқлайдиган ўлчов асбоблари жойлаштирилиб, баландлиги 85 метрли метеорологик устунлар ўрнатилди. Мазкур ўлчов ускуналари йўлдош алоқа тизими воситасида кейинги таҳлил учун маълумотларни серверга онлайн тартибда узатади. Бу маълумотлардан инвестицион лойиҳа тайёрлашда шамол генераторининг энг оптимал бирлик қувватини аниқлаш ва потенциал электр энергия ишлаб чиқаришни ҳисоблашда фойдаланилади.
Маълумотларга қараганда, айни пайтда Ўзбекистондаги қайта тикланувчи энергиянинг йиллик электр қуввати, жумладан, қуёш энергиясиники — 525 дан 760 миллиард киловатт-соатгача етса, шамол энергиясиники — 1 триллион киловатт-соатгача, яъни энг катта манбага эга ҳисобланади.
Бундан бир неча йил олдин тажриба тариқасида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 750 киловатт қувватли шамол қурилмаси тикланган эди. Шундан кейин юртимизнинг турли жойларида айрим фермер хўжаликлари ва компаниялар томонидан шундай қурилмалар қурилган ва улар ишлаб турибди.
Халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда шамол энергетикасидан кенг фойдаланиш бўйича соҳада техник-иқтисодий изланишлар ўтказилиб, “2020–2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергияси билан таъминлаш концепцияси” ишлаб чиқилган. Айни пайтда юртимизда 5 минг мегаватт қувватли шамол электр станциялари (ШЭС)ни қуриш асосий мақсадлардан бири сифатида белгиланмоқда.
Эътиборли томони, Ўзбекистонда ШЭСларини қуриш учун аниқланган ер майдонларидаги шамол потенциали жаҳонда мавжуд шамол электр станцияларининг ўртача кўрсаткичларидан юқори ҳисобланади. Яъни, қувватдан фойдаланиш коэффициенти таққосланганда, мамлакатимиз кўрсаткичи жаҳондаги ўртача меъёрдан 1,5 баробар юқори туради.
Бир киловатт-соат электр энергияси учун 2,57 цент
Беруний ва Қораўзак туманларидаги шамол электр станцияси қурилишига ўтган йил 24 февраль куни тамал тоши қўйилганди. У бир йиллик эмас, кўп йилларга татийдиган лойиҳа сифатида баҳоланаётганининг асослари бор. Чунки, Қорақалпоғистонда ўнлаб йиллар давомида энергетика танқислиги аҳолини қийнаб келди. Ҳудудда ягона бўлган ва бундан 66 йил аввал қурилган Тахиатош иссиқлик электр станцияси ўсиб бораётган эҳтиёжни қондириш учун етарли бўлмай қолди. Шунинг учун ушбу станция 680 миллион доллар эвазига модернизация қилиниб, 560 мегаваттга тенг қувватлар ишга туширилди.
Эндиликда замонавий шамол электр станциясининг барпо этилиши аҳоли, ижтимоий-иқтисодий иншоотларни барқарор электр қуввати билан таъминлаши баробарида, хорижий инвесторлар учун корхона қуриш ёки хизмат кўрсатишда зарур бўлган инфратузилма имкониятларини кенгайтиради. Бинобарин, яқин истиқболда Қорақалпоғистонда 2 минг 500 та янги корхона ташкил этиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини қарийб 2 баробар ошириш режалаштирилган. Бундай мақсадларга эришишда яйдоқ даштлару мовий кенгликларда миллионлаб йиллардан буён эсиб ётган шамолнинг беминнат қуввати ҳам катта куч беради.
Қорақалпоғистонда 100 мегаваттли шамол электр станциясини барпо этиш учун Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг техник кўмагида тендер эълон қилинди ва унга 70 та компания ҳамда консорциум қизиқиш билдирди. Улар орасидан кейинги даврага 20 га яқин талабгор чиқди. Бундан бир йил олдин бўлиб ўтган танловда давлат-хусусий шериклик асосида ишлаб чиқариладиган шамол энергияси учун энг паст тариф — 1 киловатт-соат электр учун 2,56 цент таклиф қилган Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси ғолиб деб топилди.
— “ACWA Power” компанияси 100 мегаватт қувватли янги шамол электр станциясини қуряпти, — дейди Энергетика вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдулла Отабоев. — Станция 2024 йилда фойдаланишга топширилади. У ишга тушгач, йилига 350 миллион киловатт-соат электр қуввати ишлаб чиқариб, 120 мингдан ортиқ хонадонни муқобил энергия билан таъминлайди. Яна бир муҳим жиҳати, станция ишга туширилиши натижасида йилига 106 миллион метр куб табиий газ тежалишига эришилади ҳамда атмосферага 160 минг тонна зарарли чиқинди чиқишининг олди олинади. Ушбу ҳажмдаги тежалган газ билан 35 мингта хонадонни 1 йил давомида табиий газ билан таъминлаш мумкин.
Лойиҳа қиймати 108 миллион долларни ташкил этиб, давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида юз фоиз инвестор томонидан молиялаштирилади. Станцияда 25 та шамол турбинаси ўрнатилади. 20 километр бўлган 220 киловатт кучланишли электр узатиш ҳаво линияси қурилиб, бу қувватлар мамлакат ягона энергетика тизими билан тўлиқ уланади. 100 нафар малакали муҳандис ва техник ходимлар юқори даромадли доимий иш билан таъминланади.
“Биз узоқ йиллик мижозимиз “ACWA Power” компаниясини ва Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистон Республикасидаги 100 МВт қувватга эга шамол электр станцияси қурилишини қўллаб-қувватлашдан фахрланамиз. Оролбўйи минтақаси шамол ва қуёш ресурсларидан фойдаланиш ҳисобига ўз иқтисодиётини тикламоқда”, — деди яқинда Самарқандда ўтказилган Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг йиллик конференциясида мазкур халқаро молиявий муассасанинг Барқарор инфратузилма гуруҳи бошқарувчи директори Нандита Паршад.
Шу ўринда қайд этиб ўтиш жоиз, Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилинган Оролбўйи минтақасида бошланган бу лойиҳа “яшил энергия” ишлаб чиқариш бўйича “биринчи қалдирғоч” ҳисобланади. Келгуси беш йилда бу ҳудудда қуввати қарийб 1 минг 800 мегаватт бўлган яна 3 та шамол станцияси ишга туширилиши кўзда тутилмоқда.
Умуман олганда, бугунги кунга қадар ЕТТБ Ўзбекистонда умумий қуввати 2 минг 700 мегаваттлик қайта тикланадиган энергия қувватлари яратишни молиялаштирди. Шунингдек, мамлакат умумий қуввати 2 минг мегаватт бўлган шамол электр станцияларини қуриш бўйича тендер дастури устида иш олиб бормоқда.
“ACWA Power” компанияси Ўзбекистонда умумий қуввати 2 минг 600 мегаватт бўлган иссиқлик ва шамол электр станцияларини қуришда иштирок этяпти. Хусусан, Бухоро вилоятининг Пешку ва Ғиждувон туманларида ҳар бирининг қуввати 500 мегаваттдан бўлган 2 та шамол электр станцияси барпо этилиб, 2024 йилда ишга тушириши мўлжалланган.
— Ушбу станциялар учун шамол генераторлари махсус машиналарда Хитойдан олиб келинади, — дейди Энергетика вазирлиги етакчи мутахассиси Обиджон Дилмуродов. — Икки станцияда тикланадиган 158 турбина мазкур давлатнинг “Envision” компаниясида тайёрланади. Яқинда Пешку туманида барпо этилаётган станцияда шамол турбинаси учун дастлабки пойдевор қуриб битказилди ва агрегатларни монтаж қилиш ишлари жадал давом эттириляпти.
Икки станция ишга тушгач, йилига 3,6 миллиард киловатт-соат электр қувватлари ҳосил қилинади. Бунинг натижасида йилига1,1 миллиард метр куб табиий газ тежалади ва айни кезда 1 миллион тонна миқдоридаги зарарли моддалар ҳавога чиқишининг олди олинади.
Олимларнинг ҳисоб-китобига кўра, жаҳон иқтисодий ривожланиши боис 2030 йилга бориб электр энергиясига бўлган талаб аср бошидагига нисбатан 50 фоиз ошади ва бу борадаги эҳтиёж 23,27 миллиард тонна шартли ёқилғини ташкил этади. Ўз навбатида, бу атроф-муҳитга етказиладиган зарар янада кучайиб боришидан далолат беради. Мутахассислар мазкур муаммони ҳал этишнинг энг самарали йўли сифатида қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш, бу борада янгидан янги технологияларни жорий этишни тезлаштиришни илгари суришади.
Аслида ҳам кейинги даврда дунёда “яшил энергия”дан фойдаланиш миқёси кенгайиб боряпти. Мисол учун, 2019 йилда жаҳон энергетикаси умумий ҳажмида муқобил қувватлар салмоғи 26,3 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 28,1 фоизга етди. “Ember” таҳлилий марказининг қайд этишича, 2022 йилда Европа Иттифоқига аъзо давлатларда газга қараганда қайта тикланувчи энергия манбаларидан кўпроқ электр қуввати ҳосил қилинган.
— Ўтган йили Европа Иттифоқи тарихда биринчи марта қуёш ва шамолдан газга нисбатан кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқарди ва биз жорий йил яна қайта тикланадиган энергия муҳитини икки баробар оширишга ҳаракат қиламиз, — дейди Еврокомиссия Раиси Урсула фон дер Ляйен. — Биз инновацияларга асосланган ижтимоий иқтисодиётга қадам қўймоқдамиз. Иттифоқ бўйлаб катта ва кичик шаҳарлар гуллаб-яшнаб, ўзларининг барқарор имкониятини бошламоқда. Бу Европа “яшил” битими ва ҳаракатларининг амалий натижасидир.
Маълумотларга қараганда, Шотландия, Исландия, Коста-Рика, Уругвай каби давлатларда умумий энергетика миқдорининг қарийб барчаси, Швеция, Германия, Дания каби мамлакатларда деярли тенг ярми ва ундан кўпроғи муқобил энергия ҳиссасига тўғри келади. Дунёда энг кўп “яшил энергия” ишлаб чиқарадиган Хитой эса, 2025 йилга бориб унинг умумий миқдорини 25 фоизга кўтаришни режалаштирмоқда.
Ўзбекистоннинг бу борадаги режалари ҳам таҳсинга сазовор. Тараққиёт стратегиясида барча соҳаларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ҳамда уларга “Яшил иқтисодиёт” технологияларини фаол жорий этиш белгиланган. Бунда 2026 йилга келиб электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичини қўшимча 30 миллиард киловатт-соатга ошириб, жами 100 миллиард киловатт-соатга, мазкур муддатда қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш эвазига йилига қарийб 3 миллиард метр куб табиий газни тежаш мақсад қилинган. Бундан ташқари, 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш қувватларини 25 минг мегаваттгача ошириш ва унинг улушини ҳозирги 14 фоиздан 40 фоизгача етказиш режа қилинган.
— Жорий йилнинг ўзида умумий қуввати 4 минг 300 мегаватт бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари, шу жумладан, 2 минг 100 мегаваттлик йирик қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилиши мўлжалланган, — дейди Абдулла Отабоев. — Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш, истеъмолчиларни муқобил энергияга ўтказиш ва тежамкор технологияларни жорий қилиш орқали қўшимча 5 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш ва 4,8 миллиард метр куб табиий газни иқтисод қилиш имкони яратилади. Ушбу мақсадларга жами 15,4 миллиард доллар, шундан 13,4 миллиард доллари — давлат-хусусий шериклик лойиҳалари доирасида инвесторлар маблағлари, 1,1 миллиард доллари — тижорат банклари кредитлари, 610 миллион доллар — корхоналарнинг ўз маблағлари, 150 миллион доллари — хорижий молиявий ташкилотлар маблағлари ва 100 миллион доллари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан йўналтирилади.
Бугунги кунда мамлакатимизда муқобил энергетика соҳасида 7,5 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, “яшил” водород ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалар тайёрланмоқда.
Мухтасар айтганда, шамол, қуёш, гидро ва бошқа муқобил энергиялар табиатнинг инсонга инъом этган битмас-туганмас ва экологик тоза ресурслари ҳисобланади. Мутахассислар фикрича, тахминан 100–150 метр баландликдаги шамолнинг энергия қуввати ҳозир дунё бўйича инсонлар ишлатаётган электр энергияси қувватидан 30 маротаба катта экан. Атмосферада 1000–10000 метр баландликда кучли, доимий эсадиган шамоллар бор. Келгусида техникавий тараққиёт улардан ҳам фойдаланиш имкониятини яратишига ҳеч бир шубҳа йўқ. Олимлар айни кунда автомобиль, поезд, самолёт ва бошқа транспорт воситаларига ўрнатилган махсус қурилмалар ёрдамида уларнинг ҳаракатланиши жараёнида юзага келадиган ҳаво қаршилигидан электр энергияси ҳосил қилиш устида изланишлар олиб боряпти. Демак, бу каби технологиялар ҳам кўп вақт ўтмай кечагина орзу бўлиб туюлган шамол электр станциялари каби инсониятга беминнат хизмат қилади.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
иқтисодий шарҳловчи