Қай соҳада фаолият юритиши ёки қайси йўналишда таълим олишидан қатъий назар бирор киши йўқки, Ҳазрат Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ғазал ва рубоийларини ёд олмаган, бу икки маънавият сарчашмалари ҳақида ёзилган асарларни севиб мутолаа қилмаган бўлса. Беназир хислатлар эгаси бўлган, шоҳ ва шоир сифатида миллатимизни оламга машҳур этган, юксак маънавият ва маданият, нодир қобилият, ўткир салоҳият эгаси – Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида дунё олимлари, тарихчилар, адабиётшунос, шоиру-ёзувчилар қатор илмий, тарихий, бадиий асарлар ёзишган. Бобур шахсиятини ўзгача меҳр ва ҳурмат билан таърифлашган.

Хусусан, тарихчи олим У.Эрскиннинг: “ Бобур Шарқ мамлакатлари тахтига ярашиб тушган ҳукмдорларнинг ёрқин намояндаларидан биридир. Унинг шахси олижаноб инсон ва улуғ шоҳга мансуб бўлган фазилатлардан таркиб топган...” деган эътирофи, айниқса, Ҳиндистоннинг асл фарзанди Жавоҳарлал Нерунинг “ Бобур дилбар шахс эди. Уйғониш даврининг ажойиб султони, кучли тадбиркор киши бўлиб, санъатни, адабиётни, гўзалликни севар эди... ” дея таърифлаганлари Бобурнинг авлодлари сифатида ҳар биримизга беқиёс ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Бобур нафақат шоҳ ва шоир, моҳир саркарда сифатида, балки, фарзанд тарбияси масаласида ҳам идрокли маърифатпарвар, талабчан устоз мақомидаги ота ҳамдир. Унинг ўғилларига атаб “Мубаййин” ва “Муфассал” китобларини яратгани, фарзандларининг ҳам ижодга, китобхонликка жуда қизиқишлари ва бу борада оталари сингари истеъдодли эканликлари, ўзлари ҳам қалам тебратганлари тарихий асарларда қайд этилган. Биргина, Бобурнинг қизи Гулбаданбегимнинг “Ҳумоюннома” асарини ёзиб қолдиргани бунга мисолдир.

Унинг халқпарварлиги, доимо одамларга яхшилик қилиш мақсадида яшагани, тақдир тақозоси билан  ватанидан йироқда шоҳона ҳаёт кечирсада, ўз туғилган юртини қўмсаб яшагани ҳам барчамиз учун ватанпарварликнинг ёрқин намунасидир.

Шундай экан, ўзининг самимий иқрорлари, улуғ инсоний фазилатлари, чуқур илм-маърифати, юксак маънавият ва маданияти,  қудратли ҳукмдорлик салоҳияти, шоҳлик ва шоирлик маҳорати билан дунёга маълум-у машҳур бўлган аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур билан фахр-ифтихор этиш, муносиб авлод бўлиш бизнинг шарафли бурчимиздир.

Озодбек Назарбеков,

Маданият вазири