Оқибат кўз ўнгимизда. Йўқ-йўқ, фақат кўз ўнгимизда эмас, ўзимиз, фарзандларимиз, невараларимиз жисмидаги дардларда, демак, танимиздаги оғриқларда намоён бўлмоқда.

Гап исботи билан. Экологиядаги салбий ўзгаришлар сабаб касалликлар ёшариб бормоқда. Биргина суяк емирилиши ёки онкологик касалликларни олайлик. Мутахассислар айтишича, бу каби касалликлар авваллари 50-60 ёшдан кейин кузатилган. Ҳозир 18 ёшли йигитда суяк емирилиши бошланганини кўп эшитиб қоламиз...

Тоғлардаги булоқлар қуриб боряпти. ­Дарёлар суви тортилган. Тоза ҳаводан нафас олиш ҳам муаммога айланмоқда. Абадий музликлар кўз ўнгимизда эриётганига нима дейсиз?!  

Гапирсак гап кўп. Бугун инсоният олдида эса битта савол кўндаланг турибди: атроф-муҳит ифлосланишини, табиатни қандай асраб қоламиз?

Ҳозир бутун дунё шу аччиқ савол қаршисида лолу ҳайрон. Тўғри, фаол ва жиддий ҳаракатлар бўляпти. Аммо қайта тикланиш, мувозанатни аввалги ўзанига тушириш биз кутгандек эмас. Шу боис, барчамиз, ҳукумат даражасида, халқ назорати даражасида бу муаммога ҳаёт-мамот масаласи сифатида қарашни бир зум ҳам тўхтатмаслигимиз зарур.

Янги Ўзбекистон сиёсатида иқлим ўзгаришлари, экологик инқироз ва табиатни асраш масаласига жуда жиддий эътибор қаратилаётганинг боиси шунда.

Келинг, эндиги гапни йил номи билан давом эттирайлик. Президентимиз ташаббуси билан 2025 йил мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”, деб эълон қилинди. “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида йилимиз номи ва мақсадлари билан боғлиқ ўта муҳим чора-тадбирлар тақвими белгиланган.

Ҳозир улардан айримларини санасак.

Жумладан, жорий йилги давлат дастурида:

  • биринчи — маҳаллаларнинг экологик қиёфасини яхшилаш, кўчаларда яшиллик даражасини ошириш, экологик жиҳатдан қулай ва фаровон яшаш муҳитини шакллантириш;
  • иккинчи — аҳолининг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш;
  • учинчи — табиий ресурсларни тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлаш;
  • тўртинчи — ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, кўпайтириш ва кейинги авлодга етказиш ҳамда биологик хилма-хилликни сақлаш;
  • бешинчи — “яшил иқтисодиёт” тамойилларини кенг жорий қилиш, иқтисодиётни иқлим ўзгаришига мослаштиришга қаратилган лойиҳаларни барқарор молиялаштириш каби масалалар ўрин олган.

Ҳа, албатта, бундай чора-тадбирлар ўз самарасини бериши табиий. Лекин, юқорида таъкидлаганимиздек, иқлим ўзгаришларига қарши курашишда доим янги-янги йўлларни қидираверишимиз зарур.

Президентимиз куни кеча имзолаган “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон, “Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор табиатни асраш йўлида барчамизга янги мақсад ва режалар, янгича тафаккур улашиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Эндиликда тизимда энг муҳим қандай ­ўзгаришлар бўлади?

Биринчидан, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилади. Қўмита бевосита Президентга ҳисобдор бўлади, ҳар қандай давлат органларидан мустақил фаолият юритади, уларнинг мансабдор шахсларига қўмита ишига аралашиш тақиқланади.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг алоҳида ташкил этилиши ва ташкилот мустақил фаолият юритиши айни муддао. Боиси, шундоқ ҳам жиддий хавфга айланаётган иқлим ўзгаришлари, ­атроф-муҳитга, яшиллик оламига бўлаётган тажовузларнинг олдини олиш сўроқ остида қолаётган, бу борада турли кўзбўямачиликлар, кўриб кўрмасликка олишлар, табиатга нисбатан жиноий ҳаракатларни легаллаштириш каби ҳолатлар тез-тез учраб турган бир шароитда мазкур қўмитанинг мустақил фаолият юритиши мақсадга мувофиқдир. Бу билан ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олишда таъсирчан чоралар кўриш механизми таъминланиши мақсад қилинган.

Эндиги масала янги ташкил этилган ­қўмита ўз олдига қўйилган мақсад ва вазифаларни сўзсиз ва виждонан таъминлашда қолади, холос.

Иккинчидан, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Давлат экологик назорат инспекцияси — Экополиция ташкил этилади.

Бу амалиёт кўплаб ривожланган давлатларда қўлланилиб, яхши самара бериб келмоқда. Масалан, АҚШ, Германия, Россия ва Европа давлатларида “яшил хавфсизлик кучлари” сифатида фаолият юритадиган мазкур тизим ўзларининг фаол ҳаракатлари билан атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашда қўл келмоқда.

Энди Ўзбекистонда ҳам иш бошлаётган экополиция ҳаракати ҳар биримизни ­ҳушёрлик ва огоҳликка чорлаб келиши билан таъсир кўрсатса, бу фақат биз ва келажак авлодларимиз учун фойдадан бошқа нарса эмас.

Учинчидан, Экология қўмитасининг ҳудудий ва туман (шаҳар) бўлимлари маҳаллий ҳокимликлар тузилмасига кирмайди ва ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, қўмита олдида ҳисобдор бўлади.

Бу ўзгариш ҳам экологик барқарорликни таъминлашда катта аҳамиятга эга. Чунки айни пайтга қадар экологик ҳуқуқбузарликлар, айтайлик, дарахт кесилиши билан боғлиқ ҳолатларнинг бир учи кўпинча ҳудудий ҳокимликларга бориб тақаларди. Табиийки, унга чора кўришга масъул ташкилот ҳокимлик тизимида бўлгани учун “ёпиқ қозон ёпиқлигича” қолаверарди.

Энди ундай бўлмайди. Зеро, фармон ва ­қарор билан белгиланган вазифалар, шу асосда йўлга қўйиладиган янги тизимлар мавжуд муаммоларнинг олдини олиш, экологик ­назорат ва жамоатчилик фаоллигини оширишни қўллаб-қувватлашни назарда тутади.

Президентимиз таъкидлаганидек, “Бизнинг вазифамиз — келажак авлодлар барқарор, хавфсиз ва фаровон дунёда яшаши учун барча чора-тадбирларни кўриш”дир.

Тўртинчидан, Вазирлар ­Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ­ҳокимликларга дарахт ва буталарни кесиш ва кўчиришни назарда тутувчи ҳар қандай шаклдаги ҳужжатни қабул қилиш қатъиян тақиқланди.

Бу жуда муҳим ва юртдошларимизнинг ҳақли эътирозларига адолатли жавоб бўлган қарор эканини таъкидлашни истардик. Демак, эндиликда дарахтларни кесиш учун парда ортидаги ҳаракатларга чек қўйилади.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Яқинда ижтимоий тармоқларда пойтахтимизда табиатга нисбатан нафратли ҳаракатга кўзимиз тушди. Кўп қаватли объектлардан бирида дарахтларни қасддан йўқотиш учун уларга бўёқ сепилаётган тасвирлар тарқалди.

Очиғи, уларга нима дейишга ҳам ҳайронсан киши. Бундай ҳаракат ва мақсадни ҳеч бир баҳона билан оқлаб бўлмайди ахир. Демоқчимизки, дарахтларни кесишга давлат бошқаруви органлари рухсатини бекор қилиш яхши, албатта. Аммо уларни қасддан йўқотишга бўлган уринишлардан сақланишимиз керак бўлади.

Бешинчидан, 2026 йил 1 апрелдан маҳалла аҳлининг камида 10 фоизи розилик билдирган тақдирда, маҳалла ҳудудидаги дарахтли ер майдонини олиб қўйиш ва бошқа мақсадлар учун ажратишга тақиқ киритилади. Бу тақиқ кадастр базасида ҳам акс этади.

Биз юқорида халқ назорати ҳақида гапирган эдик. Бунда катта умуммиллий бирдамлик ҳаракати бор.

Гап шундаки, кейинги йилларда мамлакатимизда ижтимоий бирлашув ҳодисаси кузатилмоқда. Бу, айтайлик, жамоавий спорт — футболда эришаётган натижаларимизда, аҳоли ўз ҳудудини обод қилишга бўлган интилишлари — “Очиқ бюджет” платформаси ҳаракатларида, қабул қилинаётган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга нисбатан билдирилаётган фикрлар, жамоавий муҳокамалар ва ҳоказоларда кўзга ташланмоқда.

Энди атроф-муҳитни асраш йўлида ҳам бирлашиш учун ҳуқуқий асос яратилмоқда. Бир дарахтни кесиш халқ билан муҳокама қилинади, уларнинг розилиги олинади, розилик берилмаса, демак, бу дарахт яна гуллаб-ўсаверади.

Табиат инсон туйғулари ва меҳрли онг билан тирик. Инсоният руҳи ҳам табиат руҳи билан уйғун. Ҳар иккиси бир-биридан айро яшай олмайди. Тириклик ва ҳаётийлик, дунёвий тақдирлар давомийлиги шу фалсафа моҳияти билан таъминланади. Шундай экан, биз бугун дарахтларни кесиш, атроф-муҳитга зарар етказиб, муваққат фойда олиш йўлларини эмас, табиат билан биргаликда тараққий этиш мақсадларини кўзлаб яшашимиз керак бўлади.

Давлатимиз раҳбарининг “Инсон, жамият, иқтисодиёт ва табиатнинг уйғун равишда ривожланиши — аждодларимиздан мерос қадриятдир. Шу маънода, умумий мақсадимиз атроф-муҳитни асраб-авайлаш, биохилма-хилликни сақлаш, инсон ҳаётининг табиат билан уйғунлигини таъминлашдир”, дегани гаплари замирида ҳам ана шу ҳаётий ҳақиқатни англаймиз.

Демак, бугун бизнинг олдимизда табиат мусаффолигини таъминлаш билан боғлиқ инсоний вазифалар турибди. Уларни виждонан амалга ошириш бугунги ва эртанги ҳаётимиз, келажак авлодларимиз олдидаги қарзимиздир. Президентимиз куни кеча имзолаган фармон ва қарор ана шу мақсад ва вазифалар йўлида барчамиз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Салим ДОНИЁРОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

 2025 йил 20 ноябрь, 241-сон