Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилаётган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси вакиллари иштирок этишди.

“Президентимизнинг Бўстонлиқ туманида алоҳида бошқарув тизимини жорий қилиш тўғрисидаги фармонида биринчи навбатда туманда чиқинди ташлаш ва уни қайта ишлаш билан боғлиқ вазият кескин танқид қилинди. Шундан келиб чиқиб, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан бирга махсус дастур ишлаб чиққан. Унга кўра, қўшимча равишда 11 алоҳида чиқинди йиғиш пункти ташкил қилинади ҳамда 10 та янги машина билан таъминланади. Бу Бўстонлиқ тумани ҳудудини чиқиндилардан тўлиқ тозалаш йўлида хизмат қилади. Шу билан бирга, алоҳида чиқиндиларни йиғиш бўйича йирик полигон ташкил қилинмоқда”, - деди Бўстонлиқ тумани ҳокими Жўрабек Ахмедов. 

Ўзбекистон Президентининг “Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6053-фармонида қайд этилишича, Бўстонлиқ туманининг асосий қисми дам олиш рекреацион ҳудуд бўлишига қарамасдан, чиқиндиларни қайта ишлаш, атроф-муҳит ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ҳолати қониқарсиз даражага келиб қолган. 

Таъкидлаш жоизки, Бўстонлиқ туманида турли дам олиш масканлари ва дала ҳовлилари кўп бўлиб, бу ерга ташриф буюрувчи меҳмонларнинг аксарияти Тошкент шаҳри, туман ҳудудлари ва бошқа вилоятларда истиқомат қилади. Уларнинг баъзилари атроф-муҳит тозалигига эътибор қаратишмайди, чиқиндиларни дуч келган жойга ташлашади, “Тоза ҳудуд” билан шартнома тузишдан қочишади, бунинг натижасида эса диққатга сазовор жойлар ҳамда уларнинг атрофидаги манзара ёқимсиз ҳолатга келади. Экология, табиатни муҳофаза қилиш ва чиқиндиларни қайта ишлашга доир қонун-қоидаларга ҳар бир инсон риоя қилиши лозим. Бу ўша инсоннинг ўзи ва атрофдагиларга бўлган ҳурматидан далолат беради. 

Маълум қилинишича, талабларга риоя қилмаган кишилар Экоинспекция томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан жисмоний ва юридик шахслар томонидан чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаганларга нисбатан жарималар қўлланилади. Ҳозирда аҳоли ва меҳмонлар орасида шу йўналишдаги тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Туристик объектлар ҳудудига чиқинди ташлайдиган урналар қўйилмоқда.  

Бўстонлиқ туманидаги экологик акция 2020 йилнинг якунига қадар давом эттирилади.