Боёвут туман ҳокимлиги расми

Янги масканлар замонавий кўринишда таъмирланиб, тарбияланувчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Хусусан ҳар бир гуруҳда алоҳида овқатланиш жойи, ётоқхона, ҳожатхона ва ювиниш хонаси мавжуд.

Озиқ-овқатлар учун омборхона, гўшт, сут ва мева маҳсулотлари учун алоҳида музлатгич билан таъминланган.

Туман ҳокими, сенатор Дилфуза Уралованинг оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг очилиш маросимида таъкидлашича, туманда 2017 йилда МТМ лар сони 17 тани, тарбияланувчилар сони 2 317 тани ҳамда қамров даражаси 23 фоизни ташкил этган. Соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида 2020 йилга келиб мактабгача таълим ташкилотларининг сони 55 тага, тарбияланувчилар сони 6 462 тага, энг асосийси қамров даражаси 63,6 фоизга етказилди.

Ҳозирги кунга келиб, мактабгача таълим ташкилотларининг сонини 69 тага етказишга эришилди. Уларнинг 32 тасини давлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этса, 2 таси давлат-хусусий шерикчилик асосидаги ва 32 таси оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳисобланади. Қамров эса умумий ҳисобда 69,7 фоизга етди, деб хабар беради Сирдарё вилояти Боёвут тумани ҳокимлиги матбуот хизмати.