Инновациялар, ихтиролар, ғоялар барчаси хаётимизнинг ажралмас бир қисмига айланмоқда. Шу сабабли, охирги йиллар қизиқарли лойиҳалари билан кўзга ташланаётган ёшлар орамизда кўпчиликни ташкил этаётгани ҳеч кимга сир эмас. Шулардан бири Шохруҳ Бегматовдир. У ўзининг мехатроника соҳасига бўлган қизиқиши билан бир нечта лойиҳаларини тақдим этди ва кўпчиликнинг назарига тушишга улгурди.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда рақамлаштиришни ривожлантириш ва технологияларни ҳаётга тадбиқ этиш, ёшлар орасида мехатроника ва робототехника соҳасини тадбиқ этиш йўлида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Ўтказилаётган қатор танловлар, IT парк, coworking марказлари ташкил этилиши барчаси имкониятлар даражасини кенгайтириш йўлида қилинаётган ишлар, десак муболаға бўлмайди. Айнан мана шундай танловлардан бири сифатида Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий- амалий маркази ҳамда Ёшлар академияси томонидан йил давомида иккинчи бора ташкил этилган “Technoways” технологик ривожланиш марафонинг 2- мавсумини мисол келтиришимиз мумкин.

Ўзининг атрофида иқтидорли инноваторларларни йиғишга сазовор бўлган technoways ёшлар лойиҳаларини ҳаётга жорий этиш ва янада мукаммал даражада келтиришга ҳар томонлама кўмак бермокда. Мусобақанинг қай тарзда бораётгани, ёшларимиз қандай ихтиролар билан иштирок этаётганини билиш мақсадида "Technoways" марафони иштирокчиларидан суҳбат олдик. Лойиҳалар орасида Брайл кейборд эътиборни тортди ва ушбу ихтиро эгаси яъни иқтидорли ёшларимиздан бири Мухаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари  университети Телекоммуникацияда бошқарув тизимларининг аппарат ва дастурий таьминоти кафедраси ассистенти Шохруҳ Бегматов фикрлари билан ўртоқлашдик.

— “Ўрта мактаб ёшида ўқиб юрган кезларимда электроника соҳасига қизиқишим ортиб, кичик ва оддий бўлсада дастлабки лойихаларни яратишни бошланганман. Кундан кунга бу соҳага қизиқишим ортиб боргач, олийгоҳда ўқиб юрган даврларимга бориб дастурланувчи қурилмаларни яратиш ва аста-секин бундай лойиҳаларни татбиқ эта бошладим. “Technoways” марафонига тақдим этаётган лойиҳамга қадар таълим соҳаси, ишлаб чиқариш корхоналари автоматикаси, робототехникага алоқадор ишланмаларни яратганман. Шундай ихтиролардан бири — бу имконияти чекланган шахслар учун ўзбек тилида гапирувчи мобил телефоннинг прототипини яратишга муваффақ бўлганман. Бугун “Technoways” марафонида Брайл кейборд лойихаси билан иштирок этаяпман. Ушбу лойиҳа ҳақида гапирадиган бўлсам, биламизки, жамиятимизда имконияти чекланган инсонлар технологиялардан тўлақонли фойдаланишда бироз қийналишади. Мобил алоқа, компьютер ва бошқа турли ҳозирги замон технологиялари бунга мисол бўла олади. Шуларни эътиборга олиб, кўриш имконияти чекланган инсонлар учун мобил телефондан фойдаланиш учун маҳсус овозли дастурий таъминотлар ишлаб чиқдим. Брайл кейбордлари янгилик эмас, улар аллақон яратилган, аммо сенсор дисплейга матнларни киритиш муаммоси ҳозирги кунгача очиқлигича қолмоқда. Керакли символни овозли хабар ёрдамида аниқлаш, уни киритишда фойдаланувчидан ортиқча вақт талаб этилади, мулоқот алмашинув жараёнининг эса секинлашишига сабаб бўлади. Ушбу Брайл кейборд орқали клавиатура ёрдамида бу жараённи осонлаштириш ва тезлаштириш имконини яратишга ҳаракат қилдим.

Оддий кейбордлар ҳажми жиҳатидан каттароқ, аммо телефонларга яратилаётганда клавиатурадаги барча символлар мобил телефон ўлчамига мослаб лойиҳалаш, тугмаларининг ҳажми кичиклашишига тўғри келди. Ўз навбатида, бундай натижага эришиш учун анча қийинчиликликлар туғдирди, жумладан, кичик тугмалар аниқликнинг йўқолишига сабаб бўлди. Муаммонинг ечими топиш мақсадида символларни тугмалар комбинацияси, яъни Брайл алифбоси ёрдамида кодлаш функциясини қўлладим.

Яратилган 6 нуқтали Брайл комбинациялари сони алифбодаги ҳарфлар ва рақамларни ифодалаш учун етарли сиғимга ва имкониятга эга. Қурилмага қўшимча тарзда пробел, ўчириш тугмалари ҳам комбинация кўринишида киритилган. Бу тугмалар орқали ёзилган сўзларни ўчириш имконияти мавжуд.

Қурилма ҳар қандай мобил тефон қурилмасига стандарт клавиатура сифатида уланиши мумкин. Қурилма ҳар қандай операцион тизимда ишлай олади. Мисол учун: windows, android, iOS ва бошқалар.

Мобил телефонда фойдаланганда қулайлик яратиш учун қурилманинг орқа қисмида магнит тутқичлар жойлаштирилган. Қурилма тўлиқ Ўзбекистон шароитида ишлаб чиқилган ва уни саноат даражасидаги кўринишга келтириш имкониятлари ҳам ишлаб чиқилган” – дейди  Шохрух.

Албатта ёшларимиздаги бундай шижоат ва лойиҳалар тўғрисида эшитганда улар нечоғлик қизиқувчан ва яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланётганидан қувонасан киши. Ўйлаймизки, Ш.Бегматов томонидан яратилган Брайл кейборд лойихаси яхши натижа бериб, мамлакатимиздаги имконияти чекланган инсонлар учун қулай қурилма бўлиб хизмат қилади.

Азиза АСЛАНОВА,

Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази матбуот котиби