Музокаралар давомида томонлар Британия – Ўзбекистон дўстлик жамияти билан Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ўртасида маданий-гуманитар соҳада ҳамкорликни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Рустамбек Қурбонов Британия томонига 2017 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг мақсад ва вазифалари, унинг миллатлараро тотувликни таъминлаш бўйича давлат сиёсатини тарғиб қилиш, мамлакатда миллатлараро бағрикенгликни сақлаш, жамоат дипломатиясини амалга ошириш, шунингдек, 6 миллиондан ортиқ чет элда яшовчи ватандошлар билан ишлаш бўйича фаолияти тўғрисида маълумот берди.

Британия – Ўзбекистон дўстлик жамияти билан яқин алоқаларни ўрнатишга қизиқиш билдирилди.

Ўз навбатида, Луи Скинсер қўмита билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдириб, дўстлик жамиятининг маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришдаги фаол роли, хусусан, Британия жамоатчилиги учун мунтазам равишда ўтказиладиган маърифий тадбирлар нуқтаи назарини таъкидлади. Жамият ушбу фаолиятни коронавирус пандемияси пайтида ҳам тўхтатмади ва уни онлайн форматда ўтказаётгани қайд этилди.

2020 йил бошидан буён Британия – Ўзбекистон дўстлик жамияти ташаббуси ва Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси кўмагида ўтказилган бундай тадбирларда ўзбек шоири Чўлпоннинг инглиз тилида биринчи бўлиб чоп этилган «Кеча ва Кундуз» романи тақдимоти, Лондон университети коллежи қошидаги Археология институти тадқиқотчиси М.Радивовичнинг Бронза давридаги Марказий Осиёдаги биринчи глобал иқтисодий тармоқ бўйича тақдимот, таниқли ўзбек ошпази ва реставратори Баҳриддин Чустийнинг ўзбек паловини тайёрлаш бўйича онлайн маҳорат дарси ва И.Савицкий номидаги давлат санъат музейининг собиқ раҳбари Мариника Бабаназарованинг музей тарихи, унинг тўпламлари каби тадбирлар ташкил этилди. Ушбу тадбирларнинг аксарияти коронавирусга қарши кураш бўйича Ўзбекистон саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун «Ўзбекистон билан бирдамлик» инсонпарварлик ҳаракати доирасида ўтказилди.

2020 йил кузига қадар жамият сайтида ўзбек икатига  (абрли мато) бағишланган, шунингдек, И.Савицкий номидаги давлат санъат музейи тўпламларида мунтазам онлайн тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Луи Скайнер ўзбек мутахассислари томонидан маърузалар, веб-семинар ва форумлар ташкил этиш, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг ўзбек халқининг маданий хилма-хиллиги ва тарихини очиб беришда фаол иштирок этиш имкониятини юқори баҳолади.

Томонлар икки тузилма ўртасидаги ҳамкорликни давом эттириш, шунингдек, Ўзбекистон билан Буюк Британия ўртасида маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга келишиб олинди.

Музокаралар давомида қўмита билан Британия – Ўзбекистон дўстлик жамияти  ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш тадбири бўлиб ўтди.

Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумда икки мамлакат санъат ва маданият ходимлари иштирокида маданий-гуманитар тадбирлар, ўзаро муҳим саналарга бағишланган миллий байрамлар ва фестивалларни биргаликда тайёрлаш, ўтказиш ва бошқа масалалар кўзда тутилган. Томонлар ушбу ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистон ва Буюк Британия халқларини янада яқинлаштириш, икки томонлама ҳамкорликни янада тизимлаштириш, шунингдек, уни мунтазам ва амалий чоралар билан тўлдиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Луи Скайнер якунида Ўзбекистонни яқинлашиб келаётган миллий байрам — Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 29 йиллиги билан самимий табриклаб, мамлакат ва унинг халқига янада равнақ  тилади.