Президентимиз шу муносабат билан ўз фикрларини билдириб, ”Сўнгги беш йилда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларимиз самарасини бериб, “Cotton Campaign” куни-кеча Ўзбекистонни “қора рўйхати”дан чиқарди. Бу ҳам биз учун жуда катта имконият, янги бозорлар дегани. Бунинг ҳисобига истеъмол маҳсулотларининг хом-ашёсини олиб келиб, уларни қайта ишлаш орқали қўшимча 1,5 млрд долларлик маҳсулотни бемалол экспорт қилса бўлади”, — деди.
Ўтмиш сабоқлари
1924 йилда Ўзбекистон ташкил этилгандан бошлаб, собиқ иттифоқнинг асосий пахта етиштирувчи базасига айлантирилди. Янгидан-янги ерлар ўзлаштирилди, кимсасиз чўллар кенг пахта майдонларига айлантирилди, ариқ ва каналлар қазилди, дренажлар тизими вужудга келтирилди. Пахтани қайта ишлаш, терим ва йигирув машиналари, тозалаш ускуналари, кимёвий ўғитлар етказиб берувчи заводлар учун қишлоқ хўжалиги техникаси ва машиналари ишлаб чиқарадиган саноат корхоналари вужудга келди ва иш ўринлари яратилди.
Бироқ, пахта етиштиришга эътиборнинг ҳаддан ташқари ортиб кетиши натижасида экологик муаммолар, мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг салбий оқибатлари юзага чиқди. Ўзбекистон иқтисодиёти деярли фақат пахта етиштиришга йўналтирилгани туфайли мустақилликка эришилгач катта муаммолар гирдобида қолди. Истиқлолнинг илк йилидан тортиб 2016 йилгача бўлган даврда эски тузум мероси бўлган инсон меҳнатидан мажбурий фойдаланишга узил-кесил нуқта қўйилмади. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йилдаги катта сиёсий иродаси туфайли пахта етиштиришда мажбурий меҳнатдан фойдаланиш батамом тўхтатилди.
Пахта экишдан тортиб, то уни йиғим-терим мавсумига қадар “7 дан 70 ёшгача” шиори билан далаларда кун ўтказганимиз ҳамон ёдимизда. Айниқса, қишлоқ аҳолиси қорли-қировли кунларда ҳам “ҳеч бир чаноқда пахта қолмасин” деган шиор остида соғлиғи, ҳаловатидан воз кечиб, оқ пахтанинг қора меҳнатидан бўшамади. Болаларнинг пахта теришига оддий ҳол сифатида қараш шаклланиб қолди.
Бир эслайлик, бирон бир ҳужжат ёки ишингиз тушиб мутасадди ташкилотга борсангиз маълумотномаларни тайёрлаб берадиган ёки сизни муаммоингизни ҳал қилишга масъул бўлган ходимни пахта даласидан топар эдик. Ишингиз битиши учун пахта даласига чиқиб, ўша ходим иш жойига олиб келинар ва яна пахта даласига олиб бориб қўйилар эди. Камига ўша ходимга пахта теришига кўмаклашишга ҳам тўғри келадиган вазиятлар бўларди. Негаки, унинг йўқотган вақти пахта нормасини бажаришига имкон бермасди-да.
Умуман олганда, “Пахта – миллий бойлигимиз”, “Пахта ҳаммамизни боқади” деган даъватлар тинмай қулоғимизга қуйилди. Бозор иқтисодиётига асосланган давлатларда миллий бойлик деган тушунчанинг ўзи йўқ. Хусусий мулк деган тушунча бор, холос. Капиталистик мамлакатлар тажрибасидан маълумки, деҳқон ерга ўзи хоҳлаган маҳсулотни экади, ўзи парваришлайди, ўзи йиғиштириб олади ва ўзи сотади. Давлатга фақат солиқ тўлайди. Биз эса, энг самарасиз йўлни танладик, тўғрироғи танлатишди. Таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини қурбон қилдик.
Ўша даврда ёппасига амалга оширилган пахта компанияси натижасида педагоглар, талабалар, ўқувчилар синфхона ва аудиторияларни, тиббиёт ходимлари шифохоналарни тарк этди. Тан олиш керак, айни шу соҳалар ўша давр асоратлари натижасида фалаж ҳолга келди. Улар пахта соноатини ривожлантиришнинг илмий асосланган йўлидан эмас, пахта далаларидаги трактор изларининг ортидан юрди. Бугун биз таълим соҳасида ҳам, иқтисодиётнинг турли тармоқларида ҳам малакали мутахассисларга муҳтожлик сезаётганимиз бор гап. Замонавий ва сифатли пахта териш машиналари устида бош қотириши керак бўлган бўлажак муҳандисларнинг ақлу заковотидан эмас, пахта териш учун “олтин қўллари” дан фойдаланилди...
Ура-урачилик натижасида етиштирган пахтамизни хомашё сифатида арзимас чақага сотдик. Натижа нима бўлди? Кундалик озиқ-овқат товарларидан тортиб, пахтадан тайёрланган маҳсулотларгача импорт қилдик. Иқтисодиётнинг ривожланиши, аввало, халқ манфаатларига хизмат қилиши кераклиги унутилди. Пахта терими ва чопиқ даврида бозорлар беркитилгани, тўйлар, аза маросимларга таъқиқ қўйилгани, муассаса ва ташкилотлар ёпилгани, йўлларда ҳаракатлар тўхтатилганини ёши каттароқ бўлган кишилар яхши эслайди. Пахта хомашёсининг дунё бозорида бугунги нархи 1990 йилги нархдан деярли фарқ қилмайди. Ҳамма нарсанинг қиймати бир неча баробар ошган ўтган давр мобайнида пахта нархи ўзгаришсиз қолаётгани биз йилдан-йилга ундан зарар кўраётганимизни англатади. Қиймат яратадиган ақл-заковот эгаларини далага чиқаришнинг оқибатларини бугун бирдек жабрини тортаяпмиз.
Шукрким, пахтани деб ҳамма нарсадан кечиладиган замонлар ўтди. Бугун ҳар ким ўз ишини қиладиган давр келди.
Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имиджи тобора яхшиланиб бормоқда
Ўзбекистон ташқи сиёсатида БМТ органлари ва институтлари, глобал ва минтақавий иқтисодий, молиявий ва гуманитар ташкилотлардаги фаолиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу борада ратификация қилинган халқаро конвенциялар ижросини таъминлашга эришмоқда.
Мамлакатимиз 1992 йил март ойида Халқаро меҳнат ташкилоти аъзо бўлиб, ҳозирга қадар мазкур ташкилотнинг 14 та конвенциясини ратификация қилган. Бугун юртимизда ушбу конвенцяларда белгиланган ҳар қандай шаклдаги зўраки ёки мажбурий меҳнат қўлланишини ҳамда зўраки ёки мажбурий меҳнатга жалб қилишни бартараф этиш бўйича мажбуриятлар ижроси тўла таъминланяпти, дея оламиз.
Нафақат пахта терими билан боғлиқ ҳолат, балки бошқа ҳар қандай соҳада ҳам мажбурий меҳнатдан фойдаланишга нисбатан қатъий позиция белгилаб олинди ва унинг ижроси изчил бажариляпти. Аниқ позиция мавжуд, унинг ижросини таъминлашга масъул бўлганлар, турли даражадаги ҳудуд раҳбарларининг жавобгарлиги белгиланган. Бу масаладаги муносабатлар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор билан тартибга солинади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, айрим ҳудудий раҳбарлар томонидан бюджет ташкилотлари ходимларини ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб қилиш шаклида меҳнат қонунчилиги нормаларини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар кузатилганлиги, мансабдор шахсларнинг хизмат мавқеини суистеъмол қилиши, ходимларини қўрқитиш, уларга нисбатан ҳақоратли сўзлар ва ҳаттоки, куч ишлатиш ҳолатлари ҳам қайд этилганлиги мазкур қарорнинг қабул қилинишига асосий омил бўлди.
Иш берувчи томонидан вояга етмаганларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлиши қонунчилигимизда қатъий белгилаб қўйилди.
Ушбу кўрилган чора-тадбирлар ва қатъий позиция туфайли Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон 2021 йилги пахта етиштириш ва йиғим-терим мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам беришга муваффақ бўлганини эълон қилди.
Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоботида ижобий натижалар акс этди
Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистонда пахта йиғим-терими мониторинги маълумотларига кўра, республикамизда ҳар йили пахта йиғим-теримига қарийб икки миллион киши жалб қилинади. Мамлакатда пахта етиштириш соҳасини ислоҳ қилиш жараёни бошланганидан буён ўтган етти йил мобайнида икки миллионга яқин бола болалар меҳнатидан, ярим миллион катта ёшдагилар мажбурий меҳнатдан озод қилинган.
Ташкилот ўтган йили мониторингни ўтказиш жараёнида қарийб ўн бир минг теримчи билан суҳбат ўтказиб, пахта теримига жалб қилинганларнинг 99 фоизи ихтиёрий равишда ишлаганини қайд этди. Уларнинг аксарияти 2020 йилдан бери терим жараёнида меҳнат шароитлари, хусусан, транспорт, озиқ-овқат, ичимлик суви, гигиена талаблари билан боғлиқ вазият яхшиланганини маълум қилишган. Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳолининг қарийб 12,5 фоизи пахта йиғим-теримида иштирок этган, уларнинг аксарияти — қишлоқ аҳолиси. Теримчиларнинг учдан икки қисмини хотин-қизлар ташкил этади.
Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Гай Райдер сўзларига кўра, 7 йиллик ҳамкорликдан сўнг, ушбу ҳисобот ўзбек пахтаси болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан ҳоли бўлганини кўрсатади. Шунингдек у бугунги кунда Ўзбекистон “қўшимча қиймат занжири бўйича юқори босқичга кўтарилиш мақсадини амалга ошириш” ҳамда тўқимачилик соҳасида миллионлаб иш ўринларини яратиш имкониятига эга эканлигини алоҳида қайд этди.
Ўзбекистоннинг пахта етиштиришда давлат буюртмаси тизимини бекор қилиниши ҳам болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга чек қўйишда муҳим қадам бўлди.
Ислоҳотлар бозор иқтисодиёти қарор топишига йўналтирилган
Пахта етиштириш ҳақида гап кетганда нафақат меҳнат тақсимоти, балки ундан олинадиган фойда тақсимоти ҳам ижобий тенденцияни бермас эди. Президентимизнинг 2020 йил 6 мартдаги “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори аграр соҳада узоқ йиллар давомида сақланиб келаётган стереотипларни тубдан ўзгартирди. Ушбу ҳужжатга асосан, сўнгги юз йилликда деҳқонларнинг оёғига тушов бўлиб келган пахта бўйича давлат буюртмаси бекор қилинди, соҳага бутунлай янгича ёндашувлар киритилиб, амалий ҳаракатларга йўл очилди.
Шу билан бирга, бу тарихий ўзгаришлар давлатнинг тармоққа аралашувини камайтиради. Натижада режа ортидан қувиш, қўшиб ёзишлар, ажратилаётган ресурслардан мақсадсиз фойдаланиш ёки одамларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш каби ҳолатларга ўрин қолмайди.
Пахта хомашёси етиштириш, харид қилиш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш ҳамда ушбу йўналишда фермер хўжаликлари ҳамда кластерлар манфаатдорлигини оширишнинг янги механизмлари аниқ белгилаб олинди. Жумладан, 2020 йил ҳосилидан бошлаб, давлат томонидан пахта хомашёси ишлаб чиқариш ва сотиш режасини, харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилди. Натижада 2021 йилдан бошлаб барча экин майдонларидаги юз фоиз хомашё пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластер ташкилотлари томонидан етиштирилишига эришилди.
Айтиш жоизки, юртимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган кластер тизими охирги уч йилликнинг энг муҳим ўзгаришларидан бири бўлди. Эътиборлиси, бу янгича ёндашув қисқа муддат ичида аграр соҳани жадал ривожлантиришнинг локомотивига айланди.
Сўнгги йиллардаги маълумотларни таҳлил қиладиган бўлсак, соҳада мунтазам иш билан таъминланганлар сони 1,9 баробарга ўсди. 2016 йилда 183 минг иш ўринлари бўлган бўлса, ҳозирги кунда бу кўрсаткич 400 мингдан ошди. 2016—2020 йилларда ҳудудларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида умумий қиймати 2 263,1 миллион доллар бўлган 288 та лойиҳа амалга оширилди ва 53 977 янги иш ўринлари ҳамда 993,7 миллион доллар экспорт салоҳияти яратилди. Бугунги кунда соҳада 7 мингдан зиёд корхона фаолият кўрсатиб келмоқда. Тармоқ корхоналарининг 2016 йилдаги ишлаб чиқариш ҳажми 12,6 триллион сўмга тенг бўлса, 2020 йилнинг якуни билан ишлаб чиқариш ҳажми 3,4 баробарга ўсиб, 44 триллион сўмни ташкил этди.
Пахта нархи қандай белгиланади? ишлаб чиқарувчилар қанча даромад қилишини олдиндан билиши мумкинми?
Бугунги фермер ўзи етиштираётган пахта хомашёсининг нархини чигит экмасдан олдин билади. Яъни, жаҳон бозори таҳлилидан келиб чиқиб, ҳар йили 1 декабрга қадар келгуси йил ҳосили учун кутилаётган минимал нархлар эълон қилиб борилади. Бозорлардаги нархлар ўзгарса, ҳар чоракда унга тузатишлар киритилиши мумкин. Шунга қараб фермер агротехник тадбирларни бажаради, фаолиятида юқори технологияларни қўллашга мойиллиги ортади. Масалан, суғоришда инновацион технологияларни жорий қилган фермер хўжаликлари юқори даромад олишяпти. Яъни, 11,5 минг гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш тизимини қўллаган фермерларнинг ҳеч бири 40 центнердан кам ҳосил олгани йўқ. Ҳаттоки, бу кўрсаткич 70 центнерга ҳам етди.
Умуман олганда, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида янги давр бошланди. Жорий этилаётган замонавий механизмлар аграр соҳадаги унумдорлик, демакки, манфаатдорлик, тармоқда меҳнат қилаётган инсонларнинг турмушига ёруғлик, фаровонлик олиб кириши, шубҳасиз.
Сўнгги йилларда амалга оширилган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар орасида геополитик нуқтаи назардан олганда, энг муваффақиятлиси пахта далаларида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан воз кечиш бӯлди. Олиб борилган ислоҳотлар ва татбиқ этилган чора-тадбирлар натижасида пахта толаси хомашё сифатида фақатгина ички бозорда сотиляпти. Бу, ўз навбатида, тӯқимачилик саноатини ривожлантиришга хизмат қилиб, аҳолини иш билан таъминлашга катта улуш қўшаяпти. Маълумотларга эътибор қиладиган бўлсак, мазкур соҳага ихтисослашган етти минг ишлаб чиқариш корхонасида 200 мингдан ортиқ киши доимий иш билан таъминланган.
Ҳисоб-китобларга кӯра, пахтамизга қӯйилган бойкотнинг олиб ташланиши тӯқимачилик саноати маҳсулотлари экспортининг икки бараварга ошишини таъминлайди. Бу нарса жуда кӯп янги иш жойларининг вужудга келишига замин яратади, албатта.
Бугун Ўзбекистонда тараққиётнинг янги босқичи бошланди. Илм-фанни ривожлантириш, замонавий билимга эга ва мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бунинг замирида ички ва ташқи меҳнат бозорида рақобат қила оладиган, етарли малака орқали тараққиётни таъминлашга қодир авлод вакилларини вояга етказиш мақсадлари ётибди.
Нодир ЖУМАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
иқтисод фанлари доктори, профессор