Пойтахтимиз маркази, Амир Темур музейи орқасидаги хиёбондаги бу арча кучли шамолда жойидан қўпорилиб кетганига тўрт-беш кун бўлди. Хиёбонни айланганда ҳар куни эртага келгунимизча мутасаддилар уни жойига тиклаб қўяр деган умид билан ўтиб кетамиз.

Мутахассислар билан гаплашсак, жойига такласа ҳали ўсиб кетади, дейишди. Чунки арчанинг илдизи ердан бутундай узилмаган. Лекин ҳеч ким унга эътибор ҳам бераётгани йўқ. Балки қовраса, ўтин қилиб ишлатамиз, дейишаётгандир.

Бундан сал олдинроқ Матбуотчилар кўчасида ҳам шундай ҳолат содир бўлди. Етти қаватли бино олдидаги арча шамолда қулаб тушди. Ўз вақтида уни жойига тикласа  ёки бошқа жойга олиб бориб ўтқазса, у ўсиб кетарди. Аммо ҳеч ким эътибор бермади. Қаровсизликдан дарахт аста-секин қоврай бошлади. Кейин кимлардир келди-да уни майдалаб олиб кетди.

Ишончим комилки, суратдаги арча ҳам яна тўрт беш кунда қоврай бошлайди. Шунда уни майдалаб олиб кетадиганлар топилади.

Шаҳарда дарахтлар йиқилса, уларга ким ёрдам бериши керак? Шундай ташкилот борми? Бор бўлса, биз айтган манзилга келиб, шу арчадан хабар олса яхши бўларди. Шундай ҳам бу йилги глобал совуқда кўплаб дарахтларни совуқ уриб кетди. Ҳеч бўлмаса, қолганларни асрашни ўрганайлик.

Бекқул ЭГАМҚУЛОВ