Дарҳақиқат, бугун турмуш-тарзимиз тубдан ўзгарди, янгича дунёқараш пайдо бўлди. Баъзилар шахс эркинлигини суиистеъмол қилиб, ўз истак-майлини жиловлай олмайдиган, жамоатчиликни назар-писанд қилмайдиган, қонун-қоидаларга риоя қилишни истамайдиган даражага етиб қолдики, бу билан демократик давлатда хоҳлаган гапимни гапираман, хоҳлаган йўлда юраман, ҳар мақомга йўрғалайман, деган тушунчалар пайдо бўлди.
Тўғрироғи, бундай тушунчани бизга ёт бўлган, онгимизни заҳарлашга хизмат қиладиган ғояфурушлардан ўзлаштириш бошланди. Ижтимоий тармоқлар эса айрим ёш авлод вакилларини осонгина ўзига оғдириб, миллийлик, қадриятларимиздан узоқлаштиришга хизмат қиляпти. Чунончи, хорижни қўйинг, ўзимизнинг телеканалларда берилаётган сериаллар, китоб дўконларида сотилаётган хориж адабиётлари, ижтимоий тармоқлардаги фаҳшга ўргатувчи ҳаволалар бундай ёшларнинг қуюшқондан чиқиб кетишига ёрдам бермоқда. Буни кўра-била туриб, ота-оналар, жамоатчилик бефарқ қарамоқда. Наҳотки назорат қиладиган, чора кўрадиган муассасалар йўқ бўлса?
Мурожаатда: “... ёш авлодимизни энг илғор илм ва касб-ҳунарлар билан қуроллантириб, замон билан ҳамнафас, ватанпарварлик ва инсонпарварлик руҳида, ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, уни турли ёт ва бегона таъсирлардан асраш биринчи галдаги вазифамизга айланмоқда”, дейилган. Тўғри, бу каби ишларни амалга ошириш учун кимгадир мажбурият юклаш, кимгадир ҳуқуқ бериш ва айбдорларга нисбатан кескин чоралар кўриш керак. Акс ҳолда, айтилган гап гаплигича қолаверади. Миллатни миллат, давлатни давлат қиладиган маънавиятдир. Ривожланиш бўлган билан ахлоқ бўлмаса, маънавият, қадрият деган тушунчалар аҳамиятини йўқотадиган бўлса, маънавий таназзул, парокандалик бўлиши турган гап.
Тунов куни Наманган вилоятидаги Чиндовул қишлоғида яшовчи кекса отахонлардан бири Юсуф бобо Отаевнинг дуосини олишга боргандим. Гап орасида Юсуф бобо:
— Мен бир минг тўққиз юзу йигирма саккизинчи йилда туғилганман. Айтинг-чи, неча ёшга кирибман? — дея менга савол берди.
— Тўқсон бешга, — дедим.
— Шунча йил давомида бунақа тўкинчилик, хотиржамлик, ободончилик бўлганини кўрганим йўқ. Очарчилик йилларида одамлар “нон, нон, нон”, деб жон берган. Бу кунларнинг қадрига етиш керак, — деди.
Бир дам ўйланиб қолдим. Бу оқсоқол энг қийин замонларни бошидан кечирган инсон сифатида шу гапларни бежиз урғу бериб айтмаётгандир.
Демак, бугунги ёшлар ниманинг эвазига тўкинчилик бўлаётганини билиши шарт!
Айрим ёшлар ўқишга ҳам, меҳнатга ҳам лаёқатсиз. Спорт билан шуғулланмайди. Аммо олифтагарчиликда димоғи осмонда. Ҳовлисини ўт, кўча эшигини тикон босиб ётса-да, парвойи фалак. Бундайлар эртага оч қолса, киндик қони тўкилган муқаддас тупроқни-да сотиб ейишдан тоймайдиган бўлиб қолишига ким кафолат беради? Чунки уларнинг қалбида “ватан ҳисси” деган тушунча йўқ.
Бефарқлик — энг ёмон касаллик ва иллат! Агар бу касаллик оммага юқадиган бўлса, одамизот ҳар қанча олифта бўлмасин, энг бадбўй ботқоқ ичида яшаётганини сезмай қолади. Энг катта қусуримиз — зеб-зийнатлар, ҳашамлар учун бойлигимизни аямаймиз, лекин маънавият ва маърифат учун, қадрият учун сариқ чақа сарфлагимиз келмайди. Бир кор-ҳол юз берса, боримизни сотиб бўлса ҳам уни бартараф қилишга киришамиз. Лекин жиноятчилар тоифасига кирувчи хоин, фирибгар, қотил, ўғри, текинхўр, фоҳишабоз ўз ишини қилиб бўлган бўлади.
Шу ўринда бир таклиф киритмоқчиман. Республика Маънавият ва маърифат маркази таркибида маърифат тарғиботчилари гуруҳи тузилган. Улар вақти-вақти билан вилоятларга хизмат сафари ташкиллаштириб, жойларда ташвиқот ишларини олиб боришади. Мана шундай гуруҳлар вилоят ва туман ҳамда шаҳарлар тизимида тузилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Зеро, бугун маънавий тарғибот ҳар қачонгидан-да кўпроқ керак. Билъакс унинг ўрнини бошқа нарсалар банд этажак!
Муҳиддин ОМАД,
журналист