Жорий йилда Тошкент вилоятидаги умумтаълим мактаблари ҳамда касб-ҳунар коллежларини 52 мингдан зиёд битирувчилар тамомлаган, шундан 40 мингга яқин ўқувчи-ёшлар олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган.
Вилоятдаги мавжуд 5 та олий таълим муассасаларига 2020-2021 ўқув йили учун 7 825 нафар (4 650 таси кундузги, 2 725 таси сиртқи ва 450 таси кечки) талаба қабул қилиш режаси белгиланган. Шунингдек, бу йил хотин-қизлар учун ҳам алоҳида грантлар ажратилди. Шунга асосан вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасига вилоят бўйича жами 1 714 нафар хотин-қиз ҳужжат топширган бўлиб, комиссия томонидан ҳужжатлар Низом асосида ўрганилган ва уларнинг 1 142 нафарига тавсиялар берилди.

Хусусан, Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС” Олмалиқ филиалида ҳам қабул параметрлари асосида, абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш 2020 йилнинг 20 июнидан 31 июлга қадар амалга оширилди. 1 309 та ҳужжатлар масофавий қабул қилинди (онлайн).

Кириш имтиҳонлари эса ёзма равишда “Математика”, “Физика”, “Информатика” (“Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш” таълим йўналиши учун) ва “Рус тили” фанлари бўйича уч кун давомида 20-22 август кунлари соат 17:00 да “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖга қарашли “Металлург” спорт мажмуасининг стадионида ўтказилади.

Имтиҳонларни шаффоф ва объектив ўтиши филиал профессор-ўқитувчилари, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ нинг Ёшлар иттифоқи вакилларидан иборат кузатувчилар томонидан назорат қилинади. Бу бўйича уларга зарурий кўрсатмалар берилган.

Кириш имтиҳонлари бўлиб ўтадиган “Металлург” стадионида “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ, шаҳар ҳокимияти, ИИБ, ССБ иштирокида тайёргарлик ишлари олиб борилди. Жумладан, ўйингоҳда абитуриентлар кириш жойлари дезинфекция тунеллари билан бирга, керакли жиҳозлар, видеокузатув ускуналари, ёритиш мосламалари ҳам ўрнатилди.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига қабул бўйича “Мактабгача ва бошланғич таълимда жисмоний тарбия ва спорт” ва “Спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича)” бакалавриат таълим йўналишларида касбий (ижодий) имтиҳонларни ҳудудлар кесимида ўтказиш муддатлари ҳам тасдиқланди.
Унга кўра, касбий (ижодий) имтиҳонлар жорий йилнинг 3 сентябридан 18 сентябргача Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида (университет биносида) бўлиб ўтади.