Тошкент давлат шарқшунослик университетида “Буддизм обидалари — зиёрат туризмини ривожлантиришнинг янги йўналиши” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Анжуманда университетда давлат илмий дастурлари доирасида бажарилаётган “Республикамиз ҳудудларидаги буддизм обидалари турмаршрутларининг 3D моделларини яратиш” инновацион лойиҳа натижалари муҳокама қилинди.

Конференцияда туризмнинг янги йўналишларини Ўзбекистонда ривожлантиришнинг илмий-назарий жиҳатлари, буддавийлик тарихи ва бу борадаги тадқиқотлар, Ўзбекистондаги буддавийлик обидалари ва зиёрат туризмини ташкил қилишнинг жаҳон тажрибаси ва ундан республикамизда фойдаланиш имкониятлари, шунингдек, халқаро туризм бозорига интеграциянинг аҳамиятини очиб беришга оид масалалар атрофлича кўриб чиқилди.

2020 йил ёзда ўз ишини бошлаган “Республикамиз ҳудудларидаги буддизм обидалари турмаршрутларининг 3D моделларини яратиш” инновацион лойиҳасининг умумий маблағи 2 миллиард сўм бўлиб, ўтган 1 йил ичида мазкур лойиҳа доирасида бир қанча илмий тадқиқот ишлари амалга оширилди. Навбатдаги босқич лойиҳанинг бевосита амалиётга татбиқ этиладиган жиҳатларини ишлаб чиқишга қаратилган.

2 йил давомида Тошкент давлат шарқшунослик университети профессор-ўқитувчилари томонидан амалга оширилган илмий тадқиқот ишлари натижасида 97 та монография, 63 та дарслик ва 183 та ўқув ва услубий қўлланма чоп этилган. Шунингдек, хорижий журналлар, жумладан, юқори рейтингларга кирувчи илмий нашрларда 361 та ҳамда республика журналларида 392 та мақолалар нашр этилган. Булардан ташқари ахборот-коммуникация технологияларига оид дастурлар, муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинган турли материаллар учун 7 та гувоҳномалар олинган.

Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Г.Рихсиева анжуманнинг очилиш маросимида соҳанинг таниқли олимлари ва экспертлари ушбу тадбирда иштирок этаётганига чуқур миннатдорчилик изҳор этиб, Ўзбекистонда турли учрашув, конференция ва кўргазмаларни ташкил этиш орқали сайёҳлар оқимини кўпайтиришга катта эътибор қаратилаётганини қайд этди. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда зиёрат туризми сегментини ривожлантириш ва унинг туристик хизматлар экспортидаги улушини ошириш бўйича қатор ишлар амалга оширилаётгани ҳақида атрофлича маълумот берди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда туризм хизматлари таркибини диверсификация қилиш ва туризмнинг янги йўналишларини ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар олиб борилиши зарурлигини таъкидлади.