Бугун Қозоғистонда ўтаётган спорт курашлари бўйича Осиё чемпионати ўз якунига етади. Мусобақанинг сўнгги кунида эркин кураш бўйича навбатдаги 5 вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар аниқланади. Унда гиламга чиқадиган юртдошларимиз ҳамда уларнинг илк рақиблари билан танишинг:

-61 кг: Сардор Рўзимов – Иброҳим Гузан (Яман) 
-74 кг: Жафар Чулибоев – Адилет Жапаркулов (Қирғизистон) 
-86 кг: Бобур Исломов – Довлетмурат Оразгилижов (Туркманистон) 
-92 кг: Ажинияз Сапарниязов – Вумин Жанг (Жанубий Корея) 
-125 кг: Сардорбек Холматов – Ехюн Жун (Жанубий Корея) / Музаффар Жаппуев (Қирғизистон)

Эслатиб ўтамиз, кеча бўлиб ўтган баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси 2 та кумуш ва 1 та бронза медалларига сазовор бўлди.

Хусусан, -70 кг вазн тоифасининг финалида гиламга чиққан Зафарбек Отахонов қозоғистонлик Санжар Досановга 0:2, -79 кг тоифасининг ҳал қилувчи баҳсида эса Бекзод Абдураҳмонов бошқа бир қозоғистонлик атлет Болат Сакаевга 4:7 ҳисобида имкониятни бой берди. Шу тариқа, ҳар икки полвонимиз мазкур қитъа биринчилигини кумуш медаль билан якунлашди.

Чемпионатда терма жамоамиз ҳисобига ёзилган яна бир бронза медалига Махсуд Вейсалов муаллифлик қилди. - 97 кг вазнда учинчи ўрин учун баҳс олиб борган ҳамюртимиз ҳиндистонлик Дипак Дипакдан 12:9 ҳисобида устидан келди.