Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари сингари Қорақалпоғистон Республикасида ҳам Президент сайловини ўтказувчи сайлов участкаларида овоз бериш жараёнлари бошланди.

Бугун, яъни 9 июль куни эрталаб соат 8:00 да 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссиясида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради. Шу тариқа бугунги сиёсий тадбир, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бошланди.

1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссиялари аъзоларига округ ҳудудидаги барча сайлов участкаларида сайлов бошланганлиги ҳақидаги хабарлар кела бошлади.

Маълумот учун: 1-Қорақалпоғистон сайлов округи ҳудудида жами 983 минг 32 нафар сайловчилар овоз берувчилар рўйхатига киритилган. Шундан 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган овоз берувчилар 350 минг 847 нафарни ташкил қилади.  Ушбу сайлов жараёнида биринчи марта овоз берувчилар 5 минг 689 нафарни ташкил қилса, сайлов куни 143 нафар ёшлар 18 ёшга тўлиб, овоз беришда иштирок қилиши кутилмоқда.