“Uzbekistan Airports” АЖ Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий, инвестициявий алоқаларни янада кенгайтириш, ҳаво транспорти имкониятларидан кенг фойдаланиш, туризмни ривожлантириш бўйича белгилаган чора-тадбирлари шу кунларда ўз натижасини намоён қилмоқда.
“Uzbekistan Airports” АЖ ташаббуси билан Бирлашган Араб Амирликларининг «AIR ARABIA Abu-Dabi LLC» авиакомпанияси ва Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ўртасида Битим имзоланди.
Битимга мувофиқ, Шаржа-Тошкент-Шаржа йўналишида мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилади. Бугун соат 19:00да Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига «AIR ARABIA Abu-Dabi LLC» авиакомпаниясининг илк самолёти қўниши кутилмоқда.
Бу билан давлатлар ўртасидаги иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маданий алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига, айниқса сайёҳлик инфратузилмасининг ривожланишига имконият яратилади.
Бу ҳаммаси эмас. Манфаатли музокаралар давом этмоқда. Air Arabia авиакомпанияси эндиликда Абу-Даби-Тошкент-Абу-Даби йўналиши бўйича ҳам юртимизга ўз йўловчиларини ташиши юзасидан келишувлар олиб бориш ниятини билдирди. Бу эса “Uzbekistan Airports” АЖнинг Ўзбекистон ҳаво дарвозалари орқали хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш, парвозлар географиясини янада кенгайтириш борасида олиб бораётган ишларининг самарасидир.
Маълумот учун: Air Arabia Бирлашган Араб Амирликларининг бюджет авиакомпанияси ҳисобланади, яъни тежамкор, ҳамёнбоплиги билан алоҳида нуфузга эга. Бош қароргоҳи Шаржа шаҳрида жойлашган. Йўловчи ташиш бўйича дунёнинг 89 мамлакатига 170 йўналишда парвозларни амалга ошириб келади.
“Uzbekistan Airports” АЖ Ахборот хизмати