Бугунги кунга қадар 530 минг нафардан ортиқ ўқувчи 1-синфга қабул қилинди, деб хабар беради Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати.
Таъкидланишича, ота-оналарга қулайлик яратиш ва қабул жараёнларини тартибли ташкил этиш мақсадида 1-синфга қабул 2 босқичда, яъни 31 июлга қадар маҳаллий ҳокимлик қарорлари билан бириктирилган микроҳудуд доирасида, 1 августдан сўнг эса микроҳудуддан ташқари ҳудудлар бўйича амалга оширилиши белгиланган.
Мактабга қабул 25 та шаҳар ва туманлардаги 816 та умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул жараёнлари электрон шаклда (my.maktab.uz), қолган ҳудудларда эса белгиланган тартибда анъанавий шаклда, яъни бевосита мактабда амалга оширилмоқда.
1-синфга қабул жараёни билан боғлиқ ота-оналарнинг мурожаатларини кўриб чиқиш учун Халқ таълими вазирлигида Call-марказ ташкил этилган ва унга шу кунга қадар 7 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Мурожаатлар мутахассислар томонидан ўрганилиб, қисқа муддатларда ҳал этилмоқда.
Вазирлик ота-оналарга "Таълим тўғрисида"ги қонун талабига мувофиқ, 1-синфга улар 7 ёшга тўладиган йилда қабул қилиниши ҳамда электрон қабул жараёнлари юзасидан саволлари билан Вазирликнинг Сall-маркази 71-203-07-04 га қўнғироқ қилиб, мурожаат этишлари мумкинлигини эслатди.