Бир пайтлар дунё тамаддунига пойдевор қўйган алломаларга бешик бўлган заминимиз жаҳон ҳамжамияти кўз ўнгида тобора яшариб, янгиланаётган Ўзбекистон сифатида намоён бўлмоқда. Айниқса, охирги йиллардаги ислоҳотлар ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳасини қамраб олди.

Халқимизнинг, жумладан, ёшларнинг эртанги кунга, келажакка муносабати тубдан ўзгарди. Биргина илм-фан ва таълим соҳасидаги янгиланишлар туфайли ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузи ва мақоми кескин ошди. Илгари касбга йўналтирувчи сўровномаларда ёшлар кўпроқ суд-ҳуқуқ, банк-молия соҳасида ишлаш истагини билдирган бўлса, бугун педагогикага қизиқиш оммавий тус олаётганига гувоҳ бўляпмиз.

Тарихнинг шоҳидлик беришича, муаллим зотига эҳтиром ошган паллаларда ривожланишнинг ўзига хос босқичи — Ренессанс бўй кўрсатган. Унинг пойдеворини қўйган, илм аҳлини қўллаб-қувватлаган инсонлар номи тарих битиктошларига муҳрланган. Бугун халқимиз ана шундай муҳим босқич остонасида турибди. Кейинги тўрт йилда мамлакатимизда 134 та янги мактаб қурилди. 2 минг 965 та умумтаълим муассасаси реконструкция қилиниб, тубдан таъмирланди. Шакл ва мазмун жиҳатидан илгари юртимизда бўлмаган мутлақо янгича, замонавий ўқув даргоҳлари — Президент мактаблари, ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар барпо этилди. Бундай шарт-шароит ва ғамхўрликка жавобан охирги бир ярим йилда иқтидорли ўқувчиларимиз халқаро олимпиадаларда 4 та олтин, 18 та кумуш, 30 та бронза медални қўлга киритди. Таълим муассасаларининг кўплаб битирувчилари чет эллардаги нуфузли олий таълим муассасаларининг грантига муносиб кўрилмоқда.

Куни кеча мамлакатимиздаги умумтаълим муассасаларида ўтказилган сўнгги қўнғироқ тадбирларида бу эътибор яна бир карра бўй кўрсатди. Аввалги йиллардан фарқли равишда бу йил мустақил давлатчилигимиз тарихида илк бор Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакатимиз мактабларини битирувчи ўғил-қизларга дил изҳори, эзгу истаклари битилган табрик йўллади. Давлатимиз раҳбарининг мурожаати байрамона шукуҳ, юқори кайфият улашувчи битирув маросимига ўзига хос мазмун бахш этди. Умумтаълим муассасаларини тамомлаб, қўлига етуклик шаҳодатномаларини олаётган 438 минг нафар ўқувчи билан бирга, таълим соҳасининг барча ходимларини эртанги кунга, янги муваффақиятларга ундади.

Қутлуғ остонада турган ёшларнинг кечинмасини ҳис этиш учун фақат ёшликка қайтишнинг ўзи кифоя қилмайди. Уларга яратилган қулай шарт-шароитдан баҳрамандлик ҳам зарур. Ҳозир илм эгаллаш, касб-ҳунар ўрганиб, келажакка пойдевор қўйиш учун бундай кенг имконият Ўзбекистон ёшларида мавжуд. Бу эътиборга жавобан юрт фарзандларидан ўз олдига юқори мақсадлар қўйиб, вақтини беҳуда ўтказмай, доимо билим ва кўникмасини ошириб бориш, янги касб-ҳунарларни эгаллаш ва энг асосийси, ўз мақсади сари тинмай ҳаракат қилиш талаб этилади.