Куни кеча юртимизнинг барча умумтаълим муассасаларида “Сўнгги қўнғироқ” чалинди. Президентимизнинг мактаблар битирувчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Қўлига етуклик шаҳодатномасини олган ўғил-қизлар орасида олис чўл ҳудудида жойлашган мактабимизнинг 49 нафар битирувчиси ҳам бор.
Қадрдон мактаби, меҳрибон устозлари билан хайрлашиб, мустақил ҳаётга қадам қўяётган фарзандларимиз кўзига боқиб, ҳар биримиз ўзгача ҳис туямиз. Бир он бўлса-да, ёшликнинг қувончли ва ғоят ҳаяжонли дамларини кўнглимиздан ўтказамиз. Чунки бу палла барча битирувчилар қатори биз, ўқитувчи-мураббийлар, ота-оналар учун ҳам унутилмасдир.
Ўтган ўқув йили мактабимизни 78 нафар ўқувчи тамомлаб, 50 нафари олий таълим муассасаларига — 23 нафари давлат гранти, 27 нафари тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган эди. Бу битирувчиларнинг олийгоҳларга қабул қилиниш кўрсаткичи 64 фоиз, демакдир. Айни пайтда қолган 28 битирувчимизнинг 18 нафари техникумларда таҳсил олмоқда. 10 нафари турли соҳаларда ишлаяпти.
Мактабимизда билим бериш билан бирга, касб-ҳунар ўргатиш учун ҳам етарли шароит мавжуд. 2021/2022 ўқув йилида битирувчиларимиздан 23 қиз сартарошлик, уй ҳамширалиги, 26 йигит компьютер саводхонлиги, ҳайдовчилик курслари бўйича ўқиб, сертификатга эга бўлди. Битирувчилардан тўрт нафари IELTS сертификатини қўлга киритди.
Шунингдек, бир ўқувчимиз хорижий олий таълим муассасасининг юртимиздаги филиалига муддатидан илгари ўқишга қабул қилинган бўлса, яна бири АҚШнинг 18 та нуфузли олийгоҳида ўқиш учун 140 минг долларлик грант соҳиби бўлди.
“Сўнгги қўнғироқ” тадбирида Президентимизнинг битирувчиларга табригини мактабимиз жойлашган “Абай” маҳалла фуқаролар йиғини аҳли, битирувчилар, уларнинг ота-оналарига ўқиб етказарканман, ундан уфуриб турган оталарча меҳр, тафтли тилаклар барчамизни бирдек тўлқинлантирди.
Айниқса, Президентимизнинг ёшларга зўр ишонч билан: “Аминман, сизлар ана шундай имкониятлар асосида етук мутахассислар бўлиб, келгусида юртимиздаги замонавий кластерлар, фермер хўжаликлари, ишлаб чиқариш корхоналари, катта-катта қурилишлар, фирма ва компаниялар, давлат ва нодавлат ташкилотлар, маданий ва ижодий жамоаларда иш бошлайсиз ва Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини оширишга албатта, муносиб ҳисса қўшасиз”, деган фикрлари ўқувчиларнинг ғайратига-ғайрат қўшди.
Битирувчиларимиз давлатимиз раҳбарининг табрик якунидаги самимий тилаклари, оталарча сўзларини жону дилдан қабул қилиб, ўзларига катта руҳий қувват олди. Яна бир қувонарли жиҳат: ўғил-қизлар ўқитувчиларга берган таълим-тарбияси учун миннатдорлик билдириб, келгусида олган билимларини оқлаган ҳолда, олий таълим муассасаларига ўқишга киришга ваъда берди. Ишонаманки, уларни келажакда улкан ва масъулиятли марралар кутмоқда.