Авваллари “депутат” деганда одамлар кўз ўнгида мажлисларда қўл кўтариб, қўл тушириб ўтирган шахс сифатида гавдаланган бўлса, бугун ҳар бир депутат ўз олдига катта ишларни мақсад ва вазифа сифатида қўйган. Зиммасидаги масъулиятни дилдан ҳис этиб халқ орасида иш олиб бораётир.
Президентимизнинг “Депутатга ишонч — халққа ишонч” деган сўзлари депутатлар обрўсини ошириб, уларнинг халқ орасида алоҳида ўрни борлигини кўрсатиб берди. Энди депутат хонада ўтириб эмас, халқ орасида юриб, ўзи белгилаб олган йўл харитаси асосида иш тутмоқда.
Депутатларнинг “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилганлар қанчалик ҳаққоний танланганини ўрганаётганини мисол сифатида келтириш мумкин.
Энг муҳими, одамларимизда шукроналик ҳиссини сезиш қийин эмас. Куни кеча кириб борган хонадонимиз эгаси 6 нафар фарзанди борлигини айтади. “Катта томорқамиз бор, ўша ерда ишлаймиз. Бозордан бирор нарса сотиб олмаймиз, ҳаммасини ўзимиз етиштирамиз. Кийим-кечак демасак, гўшт, тухум ҳам ўзимиздан чиқади, товуқ гўшти, қўй гўшти билан қозонимиз қайнайди. Бир тарафда карам, бодринг, булғор қалампири, у тарафда қовун, тарвуз, ҳандалак етиштиряпмиз. Иссиқхонамизда буларнинг эртапишар навлари билан бирга цитрус мевалар ҳам мавжуд. Хуллас, меҳнат қилган роҳатини кўради. Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатни айтиб ўтмоқчиман: фарзандлар тарбиясида меҳнатнинг ўрни катта. Болаларнинг бўш вақти йўқ, қўшимча машғулотлар учун ҳам вақт ажратишади. Жисмоний меҳнат ақлий меҳнатга катта ёрдам эканини амалда кўряпмиз”, дейди.
Навбатдаги хонадон эгаси янги уйга кўчиш тараддудида…
— Биласизми, 63 йил яшабман 4 хонали уйда, вақти келибди — бузилишга тушди. Роҳатижон уйда яшаш мумкин экан-ку, ҳозир эски уйим бузиляпти, ўрнига янги уй берилди. Иссиқ-совуқ сув, ошхона, ванна, канализация — ҳаммаси бадастир. Аёл сифатида яшаш билан яшашнинг фарқи борлигини тушундим, — дейди 63 ёшли онахон. — Ҳокимимиз келиб “Онахон, нима хизмат?” деганида, “Болам, айт, тезроқ янги уйимга ўтай, ўша айтганларидай балкон дегич жойдан шаҳримиз кўркамлигини кузатиб, бир пиёла иссиқ чойдан ичиб, тепадан кузатиш завқли экан-да, дейин, дедим. Яқинда кўчиб чиққан дугонамнинг уйига борсам, қайтгим келмай қолди, ҳамма шароити ичида, иқлимга мослаштирилган, уй деворларини силаб-силаб қўйдим.
Ҳа бунақанги гапларни эшитган кишида ишлаш завқи ошади.
Аммо “беш қўл баробар эмас”, деганлари рост экан. Шундоққина ёнимиздан ўтиб кетаётиб бизга мурожаат қилган аёл “Бизникига ҳам ўтинглар, беш нафар болам бор, шароитим оғир”, деб қолди.
Кирдик, ҳовли бир аҳволда. Темир-терсакларнинг бетартиблиги, ювиқсиз сочиқ, йиғилмаган ўрин-тўшаклар, синиб-сочилиб ётган болалар ўйинчоқлари бизни ҳайрон қолдирди.
— Онахон, кечирасиз, катта фарзандингиз неча ёшда? — деб сўрадим.
— Уч ўғлим ишсиз, қизларим невараларим билан уйда, бир болам мактаб ўқувчиси, шунга моддий ёрдам берсин маҳалла…
— Нега ишсиз? — деб сўрадим яна.
— Катта ўғлимнинг тоби йўқ, кейингиси киракаш эди, мошинасини олдириб қўйган.
— Нега?
— Сал ичган экан, яна билмасам…
Хуллас, бу каби ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Аммо депутатларнинг уйма-уй юриши давом этар экан, кўпроқ аёлларнинг кайфияти, гаплари, ҳаётга муносабатини ўрганиб, ҳайрон қолади киши: нега бугунги аёллар сабр-матонатини йўқотишди? Нега ўзини ўтга-чўққа уриб, тарбияни унутиб қўйишди?!
Яқинда “Меҳнаткаш депутат”, “Халқпарвар депутат” ва “Адолатли депутат” каби мақомларнинг берилиши депутатларга қаратилаётган эътибор ва эътирофнинг самараси бўлди.
Президентимизнинг “Ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмасак, ўзимиз ўзимизни алдамасак, ҳалол-пок бўлиб меҳнат қилсак, мен аминман, кўзлаган барча марраларимизга албатта етамиз. Бу борада мен аввало кўп синовлардан ёруғ юз билан ўтган олижаноб халқимизнинг мустаҳкам иродаси ва бунёдкорлик салоҳиятига ишонаман”, деган гаплари биз, депутатлар учун дастуруламал ҳисобланади.
Дилбар НОРМУРОДОВА,
Халқ депутатлари Термиз шаҳар кенгаши депутати,
“Адолатли депутат” номинацияси соҳибаси