Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан янги таҳрирда қабул қилинган “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари, молиявий кўрсаткичлари ҳамда суғурта соҳасида қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида маълумот берилди.
Жумладан, 2021 йил якуни бўйича йиғилган суғурта мукофотлари ҳажми Республика ялпи ички маҳсулотнинг 0,5 фоизини ташкил этиб, аҳоли жон бошига суғурта мукофотлари ўрта ҳисобда 105,8 минг сўмдан (9,8 АҚШ долл.) тўғри келди. Бугунги кунда Ўзбекистонда жами 42 та суғурта компанияси мавжуд бўлиб, уларнинг: 34 таси – умумий суғурта ва 8 таси – ҳаёт суғуртаси соҳаларида фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, маҳаллий суғурта бозорида 5 та суғурта брокери ҳамда 5 та малака сертификатига эга актуарий ўз хизматларини кўрсатмоқда.
2021 йил якунига кўра Ўзбекистон суғурта бозорининг молиявий кўрсатгичлари қуйидагича:
-
- суғурта компанияларининг жами устав капитали – 1,6 трлн. сўмни;
- йиғилган суғурта мукофотлари – 3,7 трлн. сўмни;
- тўланган суғурта тўловлари – 1,2 трлн. сўмни;
- суғурта компанияларининг инвестициялари – 3,8 трлн. сўмни;
- суғурта бозорида тузилган шартномалар сони – 7,6 млн. дона ташкил этди.
Якунланган 2021 йилда Агентлик томонидан норма ижодкорлиги бўйича салмоқли ишлар амалга оширилган бўлиб, 4 та ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.
Хусусан, янги таҳрирдаги “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонун 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси ривожланишининг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 августдаги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ва қабул қилинган.
Ушбу қонун ишлаб чиқилишидан асосий мақсад - тўғридан-тўғри ҳаракат қоидаларини қонун даражасида белгилаш ва суғурта фаолияти соҳасидаги муносабатларни бошқаришнинг ягона механизмини яратиш ҳисобланади.
“Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонун суғурта соҳасида тажрибадан ўтган миллий амалиёт ва халқаро тамойилларга асосланган бўлиб, 10 та боб ва 72 та моддани ўз ичига олади. Қонун Президент томонидан 2021 йил 23 ноябрда имзоланди ҳамда расмий эълон қилинган кундан 3 ой ўтгач 2022 йил 25 февралдан бошлаб кучга кирди.