Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, хусусан она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил амалга оширилмоқда. Мазкур йўналишда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажрибаларни амалиётга жорий этиш ва малакали кадрлар тайёрлаш муҳим аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан, Тошкент шаҳрида ўтказилган I халқаро неонатология конференцияси соҳада муҳим илмий-амалий платформа вазифасини бажарди. Унда 20 дан ортиқ мамлакатдан етакчи мутахассислар иштирок этиб, неонатология ва неонатал жарроҳлик йўналишидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Конференцияда перинатал давр, яъни ҳомиладорликнинг 28 ҳафтасидан бошлаб чақалоқликнинг дастлабки босқичларини қамраб олувчи энг нозик даврда учрайдиган касалликлар, уларнинг замонавий диагностикаси ва даволаш усуллари муҳокама қилинди. Хусусан, ушбу йўналишда жаҳон стандартларига мос ёндашувларни жорий этиш, янги технологияларни татбиқ қилиш ҳамда неонатал ёрдам сифатини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Республика перинатал маркази қошидаги Неонатал хирургия ўқув-даволаш-методик маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Эргашев таъкидлашича, конференция доирасида нафақат назарий муҳокамалар, балки амалий машғулотлар ҳам ташкил этилди. Хусусан, Германиядан ташриф буюрган тажрибали мутахассислар иштирокида чақалоқларда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Бу эса маҳаллий шифокорлар учун муҳим тажриба алмашиш имконини яратди.
Алоҳида қайд этиш жоизки, тадбир доирасида мамлакатимизда амалга оширилган мураккаб жарроҳлик амалиётларидан бири, сиам эгизаклари операцияси натижалари ҳам тақдим этилди. Мазкур операция муддатидан олдин туғилган чақалоқларда муваффақиятли амалга оширилгани ва беморларнинг ҳозирги ҳолати мутахассислар томонидан ижобий баҳоланди.
Конференция давомида маҳаллий ва хорижий мутахассислар ўз тақдимотлари билан иштирок этиб, соҳадаги илғор тажриба ва ёндашувлари билан ўртоқлашдилар.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда она ва бола саломатлигини таъминлаш масаласи нафақат тиббиёт соҳаси, балки давлат тараққиёти ва миллат келажагини белгиловчи устувор йўналишлардан биридир. Зотан, бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар, илғор тажриба ва халқаро ҳамкорликнинг уйғунлиги эртанги авлод саломатлиги ҳамда фаровон ҳаётининг мустаҳкам асосини яратади.