Таъкидланишича, Сайлов қонунчилигини таъминлаш мақсадида Бош прокуратурада салоҳиятли ходимлардан иборат Штаб ташкил этилди.

Бош прокуратурадан 13 нафар, ҳудудий прокуратуралардан 248 нафар ходим билан сайлов қонунчилиги бўйича алоҳида ўқув машғулотлари ўтказилиб, уларнинг малакалари оширилди.

Бу ходимлар прокуратура органларининг барча бўғинларида ташкил этилган 24 соатлик узлуксиз навбатчиликда хизмат қилмоқда.

Барча ҳудудлардаги тезкор-тергов гуруҳлари ўз фаолиятини кучайтирилган ҳолда узлуксиз амалга оширмоқда.

Бугунги сиёсий тадбирнинг, сайловнинг тинч ва осойишта ўтказилиши, жамоат тартибининг сақланиши қатъий назоратга олинган.

Сайлов қонунчилигини бузиш, яъни:

– сайлов комиссияларининг фаолиятига аралашиш, уларнинг қарорларини бажармаслик;

– номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузиш;

– номзодлар, сиёсий партиялар тўғрисида ёлғон маълумотлар тарқатиш;
– ахборот ҳамда ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш;

– сайловни молиялаштириш тартибини бузиш;
– сайлов натижаларини эълон қилиш тартибини бузиш каби ҳаракатлар маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

"Кимнинг-ки, сайлаш ёки сайланиш ҳуқуқлари бузилса ёхуд фуқароларимиз сайлов қонунчилигини бузиш ҳолатларига гувоҳ бўлса, зудлик
билан ҳудудий прокуратура органларига ёки Бош прокуратуранинг 1007 ишонч телефонига мурожаат қилишларини сўраймиз.

Ҳурматли журналистлар ва халқаро кузатувчиларга ҳам алоҳида мурожаат қилмоқчиман!

Прокуратура органлари сайлов жараёнида қонун устуворлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратмоқда ва бунинг учун барча саъй-ҳаракатларни рўёбга чиқармоқда.

Ўз навбатида, буни ҳам истисно этмаслигимиз керак – қонун бузилиши ҳолатлари ҳақидаги ҳамма маълумот ҳам бизгача етиб келмаслиги мумкин. Сизлар бевосита жойларда сайлов участкалари ва округларида вазиятни ўрганиб, сайловчилар, сайлов комиссиялари вакиллари билан мулоқотдасиз.

Агарда, Сизларда қонун бузилиши тўғрисида бирон-бир маълумот мавжуд бўлса, уни Бош прокуратурага тақдим этсангиз, уни зудлик билан ўрганиб, тегишли баҳо берилишини таъминлаш чораларини кўрамиз. Биз бундай ҳамкорликка тайёрмиз," — деди Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев.