Манзили сари ошиққан пиёда ёки ҳайдовчиларга қулайлик яратиш мақсадида юртимизда йўллар, кўприклар бунёд этиляпти. Айниқса, ички йўллар сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Хўш, бугун олис қишлоқларда йўлсозлик борасида аҳвол қандай, ўзгаришлар қай даражада? Қишда лой, ёзда чанг, ўнқир-чўнқир, қаровсиз йўллар равон бўляптими?

Ўзимизни қизиқтирган ушбу саволларга Бухоро вилоятининг Вобкент тумани мисолида жавоб топишга ҳаракат қилдик.

Вобкентда ишлар қизғин

— Туманимиз маҳаллалари, айниқса, олис қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш, инфратузилмасини яхшилаш, у ерда яшовчи аҳолига қулайлик яратиш ишлари авжида, — дейди Вобкент тумани ҳокими Фарҳод Умаров. — Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилда Вобкент туманида маҳалла ва қишлоқларнинг ички йўллари таъмири борасидаги лойиҳалар учун жами 59,8 миллиард сўм ажратилган. 2022 йил ва 2023 йилнинг июнь ойи якунига қадар туманимизда мавжуд 747 километр ички йўлнинг қарийб 107 километри таъмирланди.

Туманимиздаги кўчалар ва қишлоқ йўлларини таъмирлаш ишлари ёзнинг жазирама кунларида ҳам бир нафас бўлса-да, тўхтагани йўқ. Хусусан, Чўрикалон маҳалласидаги Вағонзияк, Кумушкент маҳалласидаги Ҳалвогарон, Бақалон кўчалари, “Кўлхатиб” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Саркор, Мукайим, Эҳсон, Гулрабод ҳамда Хайрхуш маҳалласининг Навбаҳор ҳудудларида иш қизғин. Ҳозир бу қишлоқлардаги жами 28 километрдан ортиқ ички йўлларда таъмирлаш ишлари кетяпти. Айни кунларда туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси, Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхонаси, “Газли йўл қуриш-таъмирлаш” МЧЖ ишчи-хизматчиларининг қўли қўлига тегаётгани йўқ. Аҳоли талаб ва истаклари асосида Кўлхатиб маҳалласидан Чангарон маҳалласига элтувчи ва Косари маҳалласи ҳудудидан ўтувчи умумфойдаланувдаги йўлнинг 5,7 километри асфальтланди. Кўп йиллардан буён яроқсиз ва таъмирталаб бўлиб ётган бу кўчалар ниҳоят кўркам қиёфага кирмоқда. Жараёнда ўндан ортиқ махсус техника ва транспорт воситаси кучидан фойдаланиляпти. ШунингдекШакаркент маҳалласидаги 7,5 километр йўлни асфальтлашга киришилган. Албатта, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш билан бирга, бу йўл аҳолига қулайлик яратишини инобатга олиб, кўчани тартибга солиш, йўл белгилари ўрнатиш, тунда ёритиш чораларини кўриш ишларига ҳам эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда туманимиздаги барча йўлларнинг равон, текис ва қулайлигини таъминлашга ҳаракат қиляпмиз.

Бу ишлардан, айниқса, қишлоқлар аҳолиси жуда мамнун. Туман ҳокимлиги саъй-ҳаракати билан аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган яна 27 километр йўлни асфальтлашга жадал киришилган. Ҳозир ушбу манзилларда ўндан ортиқ ишчи-мутахассис, махсус техника ва механизм кучидан унумли фойдаланган ҳолда иш олиб бориляпти.

“Йўлларимиз таъминланишига умид ҳам қилмай қўйгандим”

— Тўғрисини айтадиган бўлсам, қачондир қишлоғимизнинг ўйдим-чуқур, қишда лой, ёзда чанг йўллари соз бўлишига умид ҳам қилмай қўйгандим. Нега десангиз, ҳаётимнинг 40 йилдан кўпроғи йўлларда ўтди, — дейди Қипчоқ қишлоғида яшовчи 70 ёшли Файзулло Жўраев. — Касбим ҳайдовчи. Қишлоқдан туманга қатнаб ишлардим. Йўл носозлиги туфайли кўп вақт йўқотардик, манзилга ҳам, ишга ҳам кечикардик. Лой йўлларда соатлаб қолиб кетган вақтларим бўлган. Мана, деярли бир ҳафтада йўлларимиз текисланди. Иш эса куну тун тингани йўқ.

Йўллар ва йўлсозлар

— Сўнгги йилларда йўл инфратузилмасини ривожлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Жамоамиз томонидан бугунги кунга қадар туманимиздаги 935 километрдан зиёд йўлга хизмат кўрсатилиб, унинг 17 километри республика, 918 километри маҳаллий аҳамиятдаги ички йўллардир, — дейди туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари Неъмат Қурбонов. — Ўтган йили “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида 5,5 миллиард сўм эвазига 9,4 километр йўл асфальтланди, 2,5 километр ички йўлга шағал ётқизилди. Туман маркази кўчаларини обод қилиш ва кўркам қиёфага келтириш мақсадида 2022 йили пиёдалар ҳамда велосипед йўлаклари қуришга 3,8 миллиард сўм сарфланди. Бу йил йўл таъмири ишлари ҳажми бултургидан салмоқлироқ. Белгиланган вазифалар, дастурга киритилган режаларни ўз вақтида ва пухта бажаришга бел боғлаган туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ходимлари ҳам айни дамда халқ хизматида. Ҳозир йўлсозлар туманимизнинг Кумушкент маҳалласидаги 6,11 километр йўлнинг 1,5 километрида таъмирлаш ишларини бажармоқда.

Тараққиётни белгиловчи мезон

Йўллар аҳоли турмуш фаровонлиги, юрт тараққиётини белгиловчи мезонлардан бири. Қаерда йўл қуриш, таъмирлаш ишлари кенг қулоч ёзса, ўша жойда замонавий инфратузилма объектлари қад ростлаб, аҳоли ҳаёт тарзи юксалиб бораверади.

Бугун 143 минг киши яшаётган Вобкент туманида аҳолининг кайфияти юқори. Туман маҳаллаларини, айниқса, чекка қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш, инфратузилмасини яхшилаш, у ерда яшовчи аҳолига қулайлик яратиш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлар айни вақтда қизғин паллага кирган. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 февралдаги “Автомобиль йўллари соҳасида очиқлик стандартларини жорий этиш ва соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори йўлсозлик соҳасидаги муаммоларни самарали ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳа, бугун одамлар ўтаётган кунидан рози, тилларидан шукроналик тушмайди. Зеро, замон талабларига жавоб берувчи текис йўллар, аввало, аҳолининг узоғини яқин қилиш, вақти ва маблағини тежаш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга, инсон қадрини юксалтиришга хизмат қилади.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири