Аҳолининг ҳуқуқларини таъминлаш ва қулай шароит яратиш мақсадида судлар, адвокатура, суд-тиббий экспертизанинг ҳам марказлашган тунги навбатчилигини ташкил этиш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш топширилди.

Илғор тажриба асосида аҳоли гавжум жойларда дрон ёрдамида патруллик кузатуви йўлга қўйилади.

Чилонзор тумани ички ишлар ходимлари соҳаси ва ҳудудидан қатъи назар, фуқаро мурожаатини қабул қилади, кўчада формали ходимга қилинган мурожаат «102»га хабар берган билан тенг бўлади.

Тумандаги барча 55 та маҳалладаги профилактика инспекторининг хизмат хонаси эшиги у билан тезкор боғланиш учун алоқа тугмаси билан жиҳозланади. Яъни профилактика инспектори қаерда бўлмасин, аҳоли уни қўл телефони ва планшетига туну кун боғланиши мумкин бўлади.

Профилактика инспектори учун замонавий, халққа ёқадиган кўринишда формани тайёрлаш топширилди. Инспекторларнинг иши рақамлаштирилади, «овозли тушунтириш хати» олиш амалиёти йўлга қўйилади.

Шунингдек, туман ички ишлар тергов бўлимида материалларни кўриб чиқадиган терговга қадар текширув гуруҳлари тузилади.

Бундан буён профилактика инспекторига KPI қўйишда протокол тузиш мезон бўлмайди.

«Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонун ҳам жуда декларатив ёзилгани, ҳақиқий ҳолат асосида амалда ишлайдиган янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни ҳам профилактикага йўналтирган ва таъсирчанлигини оширган ҳолда янгилаш муҳимлиги таъкидланди.