Президентимизнинг яқинда эълон қилинган қарорида давлатимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамини муносиб нишонлаш чора-тадбирлари белгилаб берилди. Бу йилги тантаналар янги Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт даражаси, шон-шуҳратига мос тарзда “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” шиори остида ўтказилади.
Мустақиллик байрамидан сал аввалроқ эса биз, қурувчилар ўз касб байрамимизни нишонлаймиз. Гап шундаки, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 августдаги фармонига биноан, ҳар йили август ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни деб эълон қилинган.
Мақолани бежиз бу икки ҳужжат билан бошламадик. Бинобарин, ҳозирги кунда янги Ўзбекистондаги изчил ислоҳотлар туфайли қурилиш соҳаси ҳам тараққиётнинг янги босқичига кўтарилмоқда. Амалга оширилаётган ишлар самараси ижтимоий ҳаётимиздаги улкан ўзгаришлар, хусусан, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари асосида янгиланаётган ҳудудлар қиёфасида, “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этилишида, одамларнинг ўз уйига эга бўлиш жараёнидаги қувончларида акс этмоқда.
Халқимизнинг ҳаёт сифати ва даражасини оширишга бевосита хизмат қиладиган соҳа вакиллари сифатида қурувчиларнинг замонавий бино ва иншоотларни барпо этишдаги, шаҳару қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш борасидаги фаол иштирокини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Замонавийлик ва хавфсизлик — қурилишда бош мезон
Бугун қурилиш-бунёдкорлик ишлари мамлакат иқтисодиётининг жадал суръатлар билан ривожланиб келаётган соҳаларидан бирига айланди. Республика бўйича жами қурилиш ишлари ҳажми 2017 йилда 35 триллион сўмни, 2018 йилда 51 триллион сўмни, 2019 йилда 71 триллион сўмни, 2020 йилда 88 триллион сўмни, 2021 йилда 108 триллион сўмни ва 2022 йилда 131 триллион сўмни ташкил этгани фикримизнинг яққол тасдиғидир.
Сўнгги йилларда қурилиш соҳасини ислоҳ қилиш бўйича Президентнинг 27 та ҳужжати ва ҳукуматнинг 24 та қарори қабул қилингани эса ушбу йўналишдаги ишлар ҳар томонлама мукаммал бўлишига замин яратган бўлса, Шаҳарсозлик кодекси янги таҳрирда қабул қилиниши ишларни янги замон талабларига мослаштиришга хизмат қилди.
Шунингдек, 2021-2025 йилларда қурилиш тармоғини модернизация қилиш ва инновацион ривожлантириш бўйича стратегия ва йўл харитаси тасдиқланди. Муҳими, ушбу ҳужжатлар доирасида қатор чора-тадбирлар ва ислоҳотлар амалга оширилиб, муайян натижаларга эришилди. Бу нималарда кўринади?
Аввало, таъкидлаш керакки, ўтган олти йил давомида шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари бўйича жами 1 минг 370 та шаҳарсозлик ҳужжати, жумладан, 202 та шаҳар ва шаҳарчанинг, 1 минг 168 та қишлоқ маҳалла фуқаролар йиғинининг бош режаси билан биргаликда батафсил режалаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилди.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида аҳволи оғир 1 минг 944 та маҳалланинг бош режа схемалари тайёрланди.
Йил охиригача яна 225 та шаҳарсозлик ҳужжати, жумладан, 11 та шаҳар ва 50 та шаҳарча бош режаси, 42 ҳудуднинг мастер режаси ҳамда 122 та қишлоқнинг бош режасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Шунингдек, республикада биринчи маротаба жойлаштиришнинг бош схемаларини тузиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бунинг учун эса малакали ва тажрибали кадрлар зарур. Шу боис, тизимдаги бош лойиҳа институтларига шаҳарсозлик соҳасида фаолият юритган хорижлик тажрибали мутахассислар маслаҳатчи сифатида жалб қилинмоқда.
Олти йил ичида қурилиш соҳасига оид 537 та техник норматив ҳужжат ишлаб чиқилиб, эскилари янгиланди. Биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга оид 10 та норматив ҳужжат Европа стандартлари асосида такомиллаштирилди.
Жорий йилнинг ўзида 2023 йилда қурилиш соҳасига оид талабларни соддалаштириш мақсадида шаҳарсозлик нормаларининг:
- 44 таси ўзаро уйғунлаштирилади;
- 36 таси смета-ресурс нормаларига бирлаштирилади;
- 30 таси техник регламентлар тоифасига;
- 76 таси маълумотнома тоифасига;
- 46 таси смета-ресурс нормалари тоифасига ўтказилади.
Замонавий нормалар ва технологияларни татбиқ қилиш мақсадида илғор хорижий давлатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, сейсмика ва зилзилага оид норматив ҳужжатлар бўйича Япония, ёнғин хавфсизлигига оид норматив ҳужжатлар бўйича АҚШ, қурилиш нормаларини геология, табиий-иқлим ҳамда сейсмик хусусиятларни инобатга олган ҳолда хорижий нормалар билан уйғунлаштириш бўйича жанубий кореялик эксперт-консультантлар жалб этилган.
Мамлакатимизда Европа Иттифоқи (ЕС), Буюк Британия (ВS), Хитой (GB, CJ, JC, JG), Жанубий Корея (КВС), Россия (СНиП, СП), АҚШ (IBC) ва Япониянинг (JIS) қурилиш соҳасидаги техник норматив ҳужжатлари қўлланилмоқда. Буларнинг бари соҳа учун жуда зарур ва долзарб бўлган йўналишлардир. Чунки иморатни қуриб ташлайвериш мумкин. Лекин унда зилзилабардошлик, ёнғин хавфсизлиги каби масалаларга эътибор қаратилмас экан, бино одамлар учун мустаҳкам уй эмас, оддий бошпана бўлиб қолиши мумкин. Замонавий талаблар бунга йўл қўймайди.
Лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш жараёни тўлиқ шаффоф электрон тизимга ўтди. Ҳозир мазкур ишлар вазирлик ҳузуридаги “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” маркази томонидан амалга ошириб келинмоқда.
Экспертиза органларига қоғоз ҳужжатлар тўпламини тақдим этиш амалиётидан тўлиқ воз кечилди. Экспертизага лойиҳа-смета ҳужжатлари онлайн топширилмоқда.
Бугунга қадар жами 111 мингга яқин объект лойиҳаси ушбу тизим орқали экспертизадан ўтказилди. Натижада ушбу объектлар бўйича 20,5 триллион сўмга яқин маблағ тежаб қолинди.
Шунингдек, экспертиза йўналишида фаолият юритувчи юридик шахсларга гувоҳнома бериш орқали тизимда рақобат муҳити яратилди. Объектларнинг мураккаблик тоифасидан келиб чиқиб экспертиза хулосаси бериш тизими табақалаштирилди. Табақалашган тоифадаги лойиҳаларга хулоса бериш учун экспертиза ташкилотлари электрон рейтинги йўлга қўйилди.
Эксперт мутахассисларни аттестациядан ўтказиш ва мураккаблик тоифаси бўйича лойиҳаларга табақалашган ҳолда хулосалар бериш механизми яратилди.
Лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда “ҳажм” услубидан фойдаланиш амалиёти жорий қилинмоқда. Бунда хорижий мамлакатларнинг ушбу йўналишда амалга оширган ишлари, татбиқ этилган меъёрий ҳужжатлари, янги технологиялари ва эришган ютуқлари ўрганиб чиқилди.
Эксперимент тариқасида 2024 йил дастурига киритилган айрим ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектларида “ҳажм” услубини қўллаш режалаштирилган. Эксперимент натижаси бўйича бу услубини қурилишнинг бошқа соҳаларига қўллаш ҳамда қурилиш объектларининг умумий сонида “ҳажм” услуби улушини 2025 йилда 50 фоизгача етказиш кўзда тутилган.
Соҳада “Қурилиш назорати” ахборот тизими жорий қилиниб, назорат жараёнлари автоматлаштирилгани айни муддао бўлмоқда. Ушбу тизим орқали 2022 йилда 30 мингдан ортиқ объект назоратга олинди. Бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш мақсадида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидан ташқари қатор электрон онлайн платформалар ишга туширилди. “Қурилиш сифати назорати”, “Лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизаси”, “Мақсадли дастурлар мониторинг тизими”, “Огоҳ фуқаро”, “Геопортал”, “Қурилиш материаллари классификатори” тизимлари шулар сирасидандир.
Қурилиш соҳасида давлат хизматлари рақамлаштирилди. Натижада бугунги кунда бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш, бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотлар қуришни лойиҳалаштиришга рухсатнома бериш, лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш, қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун объектни рўйхатдан ўтказиш, қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш, кўчмас мулк бузилишга тушган ёки тушмагани тўғрисида маълумотнома бериш каби хизматлар шундай амалга ошириб келинмоқда. Натижада ўтган йили ушбу тизим орқали 228 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлса, 148 мингдан ортиғи қаноатлантирилган, 80 мингтаси ўрнатилган тартибда рад этилган. Жорий йилда келиб тушган 83 мингдан ортиқ мурожаатнинг 52 мингдан зиёди қаноатлантирилди, 25 мингтаси ўрнатилган тартибда рад этилди, 5 минг 900 таси кўриб чиқилмоқда.
Қурувчилик катта масъулият талаб қиладиган касб. Ҳар ким ҳам қурилиш ишлари билан шуғулланавермайди. Тизимдаги электрон рейтинг ва тендер ҳақиқий ҳамда тажрибали пудрат ташкилотларини аниқлашда қўл келмоқда. Хусусан, рейтинг электрон платформасида қурилиш-пудрат ва лойиҳа ташкилотлари рейтинги тегишли давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган. Шу орқали уларнинг маълумотлари ҳамда соҳадаги рейтинги шакллантирилади. Ҳозирги кунда ушбу рейтингга 19 мингдан ортиқ қурилиш-пудрат ташкилоти киритилган. Лойиҳа ташкилотлари рейтинги тизимида эса жами 1 минг 900 дан ортиқ лойиҳа ташкилоти мавжуд.
Тендер электрон платформаси туфайли қурилиш соҳасида электрон тендер жараёнларида инсон омили тўлиқ бартараф этилди. Тизим ташкилотлар рейтинги ва уларнинг тижорат таклифини автоматик равишда баҳолаган ҳолда ижрочи ташкилотни аниқлайди. Қолаверса, бу тизим турли қоғозбозликлар, харажатларнинг ҳам олдини олади. У орқали 2022 йилда 7 минг 57 та объект бўйича тендер ўтказилиб, 748 миллиард сўм маблағ иқтисод қилингани шундан далолат беради. Жорий йилда эса 656 та лойиҳа ташкилоти ва 509 та қурилиш-пудрат ташкилотига тендер ўтказилиб, 149,5 миллиард сўм тежалди.
Аҳолини уй-жой билан таъминлаш — асосий мақсад
Сўнгги олти йилда мамлакатимиз аҳолиси 5 миллион 500 минг нафарга кўпайиб, 36 миллиондан ошди. Шаҳарларимиз ҳам кенгайиб, тобора замонавийлашиб бормоқда. Бу эса уй-жойга эҳтиёжни ҳам оширади, албатта. Юртимизда жадал тус олаётган қурилиш ишлари, турар жойлар барпо этилишидан кўзланган мақсад ҳам ана шу талабни қондиришдир.
2017 йилдан буён республика бўйича 326 мингта янги турар жой фойдаланишга топширилди, бу даврда уй-жой билан таъминлаш аҳоли жон бошига 18 фоиз кўпайди.
Охирги уч йилда банклар томонидан 210 минг оилага 33 триллион сўм ипотека кредитлари ажратилган. Эҳтиёжманд 73 минг оилага бошланғич бадал ва фоиз тўловлари учун 1,3 триллион сўм субсидия берилган. Булар кичик рақамлар эмас, албатта. Бунинг ортида, аввало, инсонпарвар давлатда “инсон қадри учун” тамойили асосида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ётибди. Шундай саъй-ҳаракатлар туфайли нафақат янги уй-жойлар, ижтимоий объектлар қад ростлаяпти, балки шаҳару қишлоқларимиз инфратузилмаси замонавийлашиб, қўшимча тармоқлар имконияти ҳам ортмоқда.
Соҳага бозор тамойиллари жорий қилиниши натижасида юзлаб хусусий буюртмачи компаниялар шаклланди. Йиғма темир-бетонли кўп қаватли уйлар қурувчи 11 та йирик кластер пайдо бўлди. Тадбиркорларга шароит яратилгани туфайли цемент, газоблок, кафель, керамогранит ишлаб чиқариш кўпайиб, нархи анча арзонлашди. Пироваридида ўтган йили 60 минг хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилди. 31 та ҳудудда “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилишига киришилди.
Умуман, жорий йилда уй-жой қуриш ҳажмини 1,5 баробар ошириб, 90 минг хонадонга етказиш режалаштирилган.
Орзудаги манзил — “Янги Ўзбекистон” массивлари
Инсон манфаати устун қўйилган бундай ижтимоий сиёсат изчиллик касб этаётгани билан янада аҳамиятлидир. Хусусан, Президентимизнинг 2023 йил 13 апрелдаги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган манзилли рўйхатга кўра, республика бўйича жами 90 минг 923 та хонадондан иборат 2 012 та уй қурилиши белгилаб олинди. Шундан 14 та ҳудуддаги 38 та “Янги Ўзбекистон” массивида 30 минг 639 та хонадондан иборат 837 та уй барпо этилади.
Ўтган йил дастурига асосан, “Янги Ўзбекистон” массивларидаги қурилиши белгиланган, йилдан йилга ўтувчи 532 та уйнинг 111 таси (21 фоиз) фойдаланишга топширилди. 2023 йил дастурига асосан, шундай массивларда янгидан қуриладиган 305 та уйнинг 288 таси аукционга чиқарилиб, 218 таси сотилган ҳамда пудрат ташкилотлари аниқланди. Қолган 70 таси бўйича савдолар давом этмоқда.
Шунингдек, 172 та уй-жойга ишлаб чиқилган лойиҳа –смета ҳужжатлари экспертизадан ўтказилиб, ижобий хулосалар олинди. 153 та уй-жой қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекциясидан рўйхатдан ўтказилиб, қурилиш-монтаж ишларини бошлашга рухсатнома олинди.
Бугунги кун ҳолатига кўра, “Янги Ўзбекистон” массивларида 126 та уй-жой (3 минг 994 та хонадон) фойдаланишга топширилди. Яъни, шунча одам ўз орзуидаги уйга, манзилга эга бўлди.
Шунингдек, дастурга кўра, уй-жойга талаб юқори бошқа ҳудудларда хусусий тадбиркорлар томонидан қурилаётган 60 минг 284 та хонадондан иборат 1 минг 175 та уй-жойнинг 1008 таси (5 минг 47 та хонадон)да қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Янги массивларда муҳандислик тармоқларига улаш ишлари ҳам жадал кечмоқда.
Давлатимиз раҳбари шу йил апрель ойида “Янги Ўзбекистон” массивларида уй-жой қурилиши ва 2023 йил учун ипотека дастурини амалга ошириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида ушбу йўналишдаги ишларни янада ривожлантириш юзасидан қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Масалан, кўпроқ аҳолини қамраб олиш мақсадида расмий даромади етарли бўлмаган аҳолига ҳам ипотека кредити олиш имкони яратилишини таъкидлади. Уларнинг тўлов қобилиятини аниқлашда банк картасидаги айланма, ижара, коммунал ва бошқа харажатларга тўланган пуллари ҳам ҳисобга олинишини қайд этди.
Дастлабки бадални кўпроқ тўлаган фуқаролар банкдан арзонроқ кредит олиш имкониятига эга бўлади. Субсидияга ажратилган маблағларни тезроқ ишлатиш учун субсидия хабарномасининг амал қилиш муддати 12 ойдан 4 ойга туширилади. Шу билан бирга, бу ойлар давомида сертификатидан фойдаланмаган фуқароларга субсидия олиш учун яна қайта мурожаат қилиш ҳуқуқи берилади.
Аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлашга қаратилган яна бир лойиҳа — “Менинг биринчи уйим” дастури доирасида вазирлик ҳузурида махсус уй-жой компанияси ташкил этиладиган бўлди. Бунинг учун Тошкент вилояти Зангиота туманидан 36 гектар ер ажратилиб, 58 та кўп қаватли уй, ижтимоий муассасалар, кўнгилочар масканлар қурилади. Бунда тадбиркорларга савдо ва тижорат майдонларини бозор нархида сотиш орқали уй-жойлар нархини арзонлаштиришга эришилади.
Ўша видеоселектор йиғилишида қурилиш соҳасига тааллуқли яна кўплаб бошқа масалалар ҳам ўртага ташланди. Қурилиш таннархини пасайтириш учун ёғоч, фанера, ёғочли опалубка ва ойнани импорт қилишда 2025 йилга қадар божхона божи бекор қилиниши, юқори маркали цемент бўйича божхона божи имтиёзи яна бир йилга узайтирилгани шулар жумласидандир. Қаранг, биргина цемент бўйича қўлланиладиган имтиёз туфайли уй-жой қуриш таннархи 5 фоизгача арзонлашади.
Қурилишларни ҳудуд инфратузилмаси қувватига олиб бориш, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, иморатларни сейсмик жиҳатдан стандартларга мос барпо этиш масалалари ҳам кенг муҳокама этилди.
Бугунги кунда тизимда амалга оширилаётган ишлар ана шу вазифалар ижросига қаратилган. Зеро, қурилишлар самараси қад кўтараётган биною иншоотлар қаторида одамларнинг кайфияти, ҳаёт тарзида ҳам ўз аксини топади. Қолаверса, қурилиш индустриясининг иқтисодиёт таркибида тутган ўрни жуда юқори. Шу жиҳатдан олганда, бугунги кунда Ўзбекистонда қурилиш соҳасида олиб борилаётган ишлар, хизматлар миллий иқтисодиётни мустаҳкамловчи таянч нуқта сифатида ижтимоий йўналишдаги долзарб вазифаларга ечим топишда муҳим восита бўлаётгани билан эътиборга моликдир. Яъни, қурилишлар янги Ўзбекистонда янгича ҳаёт тарзини юзага чиқармоқда.
Қурилиш иқтисодиётнинг барча тармоқлари моддий-техник базасини яратишда, аҳолининг шинам уй, ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмаси хизматлари, шунингдек, маданий дам олишга бўлган эҳтиёжларини қондиришда муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда мамлакатимиз қурилиш соҳасидаги сиёсати, бу борада амалга оширилаётган лойиҳа ва ишлар айни шу мақсадларга хизмат қилаётгани билан алоҳида ажралиб туради.
Ботир ЗОКИРОВ,
Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва
уй-жой коммунал хўжалиги вазири