Тадбир БМТнинг 1966 йил 16 декабрда қабул қилинган иккита асосий ҳужжати – Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 60 йиллигига, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 30 йиллигига бағишланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси академик Акмал Саидов учрашувни очар экан, даставвал, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида илгари сурилган энг устувор мақсад ва вазифалар ҳамда янги ташаббусларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўзлади.

Кейинги тўққиз йилда жамиятимиз ва давлатимиз Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида катта тараққиёт йўлини босиб ўтди. Шу қисқа даврда халқимиз ва юртимиз тараққиёт пиллапоялари бўйлаб изчил юксалди. Миллий иқтисодиёт қайта шаклланди, қонун устуворлиги таъминланмоқда. Ижтимоий, маърифий ва ҳуқуқий соҳалар муттасил ривожланмоқда. Асосийси, шиддатли ва қамровдор ислоҳотлар ҳаётимизнинг барча соҳаларида ўз самараларини бермоқда.

Мамлакатимизда камбағаллик даражаси 11 фоиздан 6,8 фоизга, ишсизлик даражаси эса 6,8 фоиздан 4,9 фоизга тушди. Ўзбекистон Глобал инновацион индексида 139 та давлат орасида 82-ўриндан 79-ўринни эгаллади. Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган давлатлар сони 144 тадан 164 тага етди.

Мурожаатномада 2026 йилда амалга ошириладиган энг муҳим 6 та устувор йўналишдан иборат истиқбол дастури тақдим этилди. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан мамлакатимизда 2026 йил – “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилинди.

Жорий йил давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт тармоқлари, таълим, илм-фан, тиббиёт, маданият, спорт, экология тизимини – барча-барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Бугунги кунда жамиятимизда турли хил фикр ва қарашлар бўлиши табиий. Бу – демократиянинг бирламчи талаби. Аммо миллати, тили ва динидан қатъи назар, бутун эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир”.

Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси қайта кўриб чиқилмоқда. Амалдаги Стратегияда 100 та, янгиланаётган лойиҳасида эса 451 та мақсад мужассам. Сратегиянинг янги таҳририда, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси кўзда тутилди.

Жорий йилда Ватанимиз мустақиллигининг шонли 35 йиллиги катта байрам қилинади. Шунингдек, Соҳибқирон Амир Темур, Мир Алишер Навоий ҳазратларининг қутлуғ таваллуд айёмлари нишонланади.

Бу йил БМТнинг Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакти ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакти қабул қилинганига 60 йил тўлмоқда. Ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бажарилишига асосий масъул орган – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил топганига эса  30 йил бўлади. Бундай муҳим миллий ва халқаро саналарнинг муносиб нишонланиши ҳам эл-юртимиз ҳаётида катта аҳамият касб этади.

Мулоқот якунида А.Саидов иштирокчиларнинг саволларига атрофлича жавоблар қайтарди.

Учрашув Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва “Интеллектуал” клуби билан ҳамкорликда ташкил этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати