Муаллифнинг қайд этишича, қадим қорабайирлар ҳақида сўз кетганда, афсуслар билан таъкидлаш керак, бўй-басти, феъл-атвори ва бошқа хусусиятларини халқ оғзаки ижоди намуналаридан ўрганамиз. Мавжуд археологик топилма, қолдиқлар ёки бошқа турдаги далиллар қорабайир отига дахли йўқ халқлар томонидан битилган. Шунинг учун йилқининг тарихий зотига мансуб мазкур отлар тўғрисидаги кўҳна манбалар бир бутун эмас. Шу боис, уларнинг ўтмишини, минг йиллар ортидаги селекция ишларини тўкис ҳис қила олмаймиз. Бунда ўзига хос сабаблар бор. Биринчидан, аждодларимиз улкан муҳорабалар тақдирини ҳал қилган арғумоқлар селекциясини бировга айтмаган. Иккинчидан, сирини ёзишни қатъий ман қилган. Натижада ўрта асрларда ҳукмдор аждодларимизнинг йилқичилари «элбоши» дейилиб, тождордан кейинги одам ҳисобланган...

Пол Надар Париждан 1890 йилнинг 18 августида йўлга тушиб, Шарқий экспрессда Истанбулга етиб келади. Кавказни Тибилиси ва Боку орқали кесиб ўтиб, (ўша пайтлардаги Хива хонлиги ҳудуди) ҳозирги Туркманистон йўли билан Ўзбекистон ҳудудига ўтади. Икки ой давомида аввал поездда, сўнг отда йўл юради. Сафар чоғида тарихий обидалар, тоғлар, дарёлар, бозорлар ва кўчманчилар ҳаёт тарзини объективига муҳрлайди. Қизиғи шундаки, Надар тасвирга олган кўплаб иморатлар – масжид, мадраса ва бошқа обидалар ўша пайтлар бузиб вайрон қилинган эди. Ҳозирги кунда аксарияти таъмирланиб, гўзал қадамжоларга айлантирилган. Шу жиҳатдан унинг суратлари XIX аср манзаралари бўйича тарихий «ҳужжат» вазифасини ўтайди.

Дейлик, Бухорога ташрифида Саид Абдулаҳадхон билан учрашиб, амирнинг портретини олади. Амир миннатдорчилик тариқасида тоза қонли қорабайир отини тортиқ қилади.

Йўл-йўлакай Бухоро атрофларидаги кўпкаридан сюжет тайёрлайди.

Надар суратлари орасида кўплаб от расмлари бор. Асосан қорабайир зотли йилқилар акс этган. Масалан, Чоржўй беги миниб турган от ёки рус генерали Анненковнинг оти шулар жумласидан.

Эслатма: Пол Надар 1856 йил машҳур француз фотографи Гаспар-Феликс Турнашон оиласида дунёга келган. ХХ асрнинг буюк шоир, ёзувчи, актёр ва сиёсатчилари портретларидан иборат фотогалерея яратган. Тошкентда бўлиб ўтадиган «Бутунжаҳон кўргазмаси» да иштирок этиш мақсадида 1890 йил Туркия ва Туркистонга узоқ сафар қилган.

Саёҳати давомида олган суратлари жаҳон фотографияси тарихидаги дастлабки «йирик ҳисобот»дир.