Муаллифлик ҳуқуқининг ўзлаштириб олинганлик (плагиат) ҳолати бўйича Aдлия вазирлигига навбатдаги мурожаат келиб тушди.

Мурожаат асосида вазирлик томонидан Бухоро давлат университети мусиқа фани ўқитувчиси Б. М. “Мусиқа тарихи (Чет ел мусиқаси)” номли ўқув қўлланмасида фуқаро A.Тригуловага тегишли бўлган “Хорижий мусиқа адабиёти” асаридан жами 155 саҳифадаги матнлар кўчириб олингани ҳамда фуқаролик муомаласига киритилгани аниқланди.

Қонун бузилиш ҳолати юзасидан вазирлик томонидан фуқаро A.Тригулова манфаатида фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судига муаллифлик ҳуқуқи бузилганлиги учун товон пули ундириш бўйича даъво аризаси билан мурожаат қилинди.

Суд қарорига кўра жавобгар Б.М.га муаллифлик ҳуқуқини бузиш орқали чоп этилган “Мусиқа тарихи (Чет ел мусиқаси)” номли ўқув қўлланмаларини ўз ҳисобидан фуқаролик муомаласидан чиқариб ташлаш мажбурияти юклатилди. Шунингдек, қарорда жавобгардан даъвогар A.Тригулова фойдасига базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари — 30.000.000 сўм миқдорида товон пули ҳамда 8.000.000 сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланган.

Маълумот учун, қонунчиликда муаллиф асаридан рухсатсиз фойдаланиш натижасида етказилган зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан минг бараваригача товон тўланиши белгиланган.