Учрашувда Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятлари ҳокимлари ҳам иштирок этдилар.

Учрашувнинг асосий мавзуси ушбу ҳудудларда инвестициявий ва ташқи савдо фаолиятини рағбатлантиришнинг янги тизимини жорий этиш, ҳудудий инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш механизмлари ва лойиҳаларни бошқаришнинг инновацион усуллари билан боғлиқ масалалар бўлди.

Иштирокчилар учун янги тизимнинг асосий жиҳатлари ва хусусиятларини очиб берувчи тақдимот ўтказилди. Шунингдек, тадбирда тизим имкониятларидан жойларда амалий фойдаланиш, вилоят, туман ва шаҳарларнинг иқтисодий салоҳиятини таҳлил қилиш усулларини қўллаш, маҳаллалар даражасида «ўсиш нуқталари»ни аниқлаш ва улар асосида сердаромад ва юқори технологик инвестициявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, инвесторларни жалб қилиш ва ишга туширилаётган корхоналар фаолиятини мониторинг қилиш бўйича тушунтиришлар берилди.

Ҳудудларидаги «Лойиҳа гуруҳлари» фаолиятининг тамойиллари ҳам очиб берилди. Таъкидландики, «лойиҳа гуруҳлари»нинг мақсади инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни тўлиқ қўллаб - қувватлаш ва уларнинг ташаббускорларини амалий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, тармоқлараро ва ички ҳамкорликни йўлга қўйиш ва саноат салоҳиятини юксалтиришдан иборат.

Бу масалалар юқоридаги вилоятларнинг туман ва шаҳарлари мисолида кўриб чиқилди. Маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари янги механизмларни жорий этиш бўйича тўплаган тажриба алмашдилар ва муайян ҳолатлардан фойдаланиб, ўз фаолияти давомида юзага келган муаммоли масалаларни муҳокама қилдилар. Кўтарилган масалалар вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари иштирокида кўриб чиқилиб, уларни ечиш алгоритмларини ишлаб чиқиш ва уларнинг ижросини жадал тарзда таъминлаш топширилди.

Тадбиркорлар ва тижорат банклари ўртасидаги ўзаро муносабатларга алоҳида эътибор қаратилди. Инвестиция лойиҳалари ташаббускорларини қўллаб-қувватлаш борасида банк ходимларининг ишлаш тамойилларни қайта кўриб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун молиявий маблағ ажратиш билан боғлиқ муаммоларга алоҳида эътибор қаратиш ва юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни ҳал қилишга кўмаклашиш мақсадида хусусий сектор вакиллари билан яқиндан алоқа ўрнатиш топширилди.

Йиғилиш якунида Вазирликнинг ушбу ҳудудлардаги туман ва шаҳар бўлинмалари ходимлари маҳаллий тадбиркорлар билан ишлаш давомида орттирилган кўникмалардан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча кўрсатмалар олдилар, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.