Заводнинг ишлаб чиқариш объектлари иш жойларида ёнувчи газлар, шунингдек, хавфли заҳарли газларни автоматик узлуксиз назорат қилиш учун газ-аналитик тизимлари билан жиҳозланган.

Хусусан, корхонадаги Асосий ишлаб чиқариш цехининг 1-, 2-, 3- ва 4-сонли технологик блокларида «General Monitors» корхонасида ишлаб чиқарилган заҳарли газларни аниқловчи 41 тўпламдаги газ анализаторлари, ёнувчи газларни аниқловчи 80 дона газ анализаторлари, «Det-Troniks» компаниясининг ҳаводаги водород миқдорини ўловчи 12 дона датчиклари фойдаланиляпти. Узоқ вақт ишлаши туфайли 41та газ анализаторлари ва 32 та газ анализаторлари хавфсизлик талабларига жавоб бермай қолган эди.

Уч ой давомида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи мутахассислари томонидан ушбу қурилмаларни алмаштириш ишлари олиб борилди. «Honeywell» компаниясининг «XNX®- Universal Gas Transmitter» русумидаги замонавий газ анализаторлари ўрнатилди.

Шунингдек, заводдаги Хомашё ва тайёр маҳсулотлар цехининг тўрт титулидаги эскирган «СТМ-10» сигнализаторлари «Honeywell» компаниясининг «XNX®- Universal Gas Transmitter» русумидаги 63 та замонавий универсал газ анализаторлари ўрнатилиб, ишга туширилди.

Ўрнатишдан сўнг, ҳар бир асбоб фойдаланиш талабларига жавоб беришига ишонч ҳосил қилиш учун синовдан ўтказилди, деб хабар беради «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати «Бухоро НҚИЗ» МЧЖ маълумотига таяниб.

Феруза Жўраева тайёрлади.