Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Бухоро дала-ўқув майдони янгидан битказилиб, фойдаланишга топширилди. Тадбирда мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, вазирлик масъул офицерлари, округ ҳарбий хизматчилари, бир гуруҳ фахрийлар ва жамоатчилик фаоллари иштирок этди.

Дала-ўқув майдони чинакам маънода аскар академиясидир. Чунки полигонда ҳарбий хизматчи назарий билимларини амалий синовдан ўтказади. Шу боис, Ватан ҳимоячиларининг ҳам маънан, ҳам руҳан, ҳам жисмонан тайёргарлиги ошишида, жанговар шайлигининг ривож топишида полигонларнинг ўрни муҳимдир.

Маросимда сўз олган мудофаа вазири дала-ўқув майдони таъмирланишида жонбозлик кўрсатган ҳарбий хизматчиларга ўзининг самимий миннатдорчилигини билдирди. Шундан сўнг полигон таъмирланишида ўзининг ватанпарварлигини, юртсеварлигини кўрсатган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар мудофаа вазири томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Таъкидлаш керакки, Бухоро умумқўшин полигони замонавий дунё талабларига мос келадиган ўқув синфлари, тиббиёт пункти, ётоқхоналар, ошхона, спорт зали, маданият маркази ҳамда жанговар техникалар ва автомобиллар тураржойлари билан жиҳозланди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти