Давлатимиз раҳбарининг Бухорога ташрифи давомида  вилоят ҳокими Ботир Зариповга берган илк топшириқлари хорижий тилларга алоҳида эътибор қаратилиши ҳамда бу ерни хорижий тилларни ўргатиш бўйича намунали вилоятлардан бирига айлантириш ҳақида эди. Aйнан шу ташрифдан сўнг хорижий тиллар соҳаси юзасидан Президент қарорлари, Вазирлар маҳкамаси қарор ва бошқа фармонлар бирин-кетин чиқа бошлади.

Мана бугун биз ҳар бир таълим тизимини хорижий тиллар соҳасисиз тасавур қила олмаймиз. Бу нафақат халқ таълими ёки олий таълим, балки нотаълим тизимларда ҳам хорижий тиллар сертификациясини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, "Энг яхши хорижий тил ўқитувчиси" танловида виляотимизнинг 2 нафар инглиз тили ва 1 нафар немис ҳамда француз тили ўқитувчилари 2 босқичли саралаш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, чет элга малака ошириш имкониятига эга бўлдилар. Мана яқинда Вобкент туманидан Шахноза Холова Францияда, Шофиркон туманидан Садоқат Aлламова Германияда нуфузли олий ўқув юртларида малака ошириб қайтдилар. Ҳозирги кунда икки нафар инглиз тили ўқитувчиларимиз Жондор туманидан Олим Шодиев ҳамда Когон туманидан Шавкат Шодиев ҳам чет эл сафарига кетиш арафасида. Бу, эндиликда, битта мутахассислик соҳасини мукаммал ўзлаштирган ўқитувчи учун катта йўллар очилмоқда, имкониятлар берилмоқда, дегани.

"Энг яхши хорижий тил мактаби" танловининг умумий қиймати 5 миллион доллар сифатида баҳоланди. Қувонарлиси, бизнинг вилоятимиз мазкур танловда 2-ўринга лойиқ топилди. Имтиҳон шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида халқаро тил билишни белгиловчи Лингуаскилл тестлари олинди, натижалари қисқа фурсатларда эълон қилинди. Лингуаскил ва шунга ўхшаган қулай тестлар эндиликда пойтахтда эмас, вилоятимизнинг ўзида ҳар ой ўтказилмоқда. Тил ўрганувчиларга қулайлик яратиш учун яна бир неча хил тестлар вилоятнинг ўзида ташкил қилиниб, қабул эълонларини бериб бормоқдамиз.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, хорижий тилларни ўқитишни янада ривожлантиришга шарт-шароит яратиш мақсадида 2021 йилдан буён 1 миллиард сўм пул маблағлари ажратилган бўлиб, мактаблар моддий-техник базасини бойитиш мақсадида самарали сарфланмоқда.

Хорижий тил ўқитувчиларига ҳатто энг кичик деталларигача алоҳида маблағлар беғараз ажратилмоқда. Буларга мисол келтирадиган бўлсак, ҳар бир хорижий тил ўқитувчисига зарур адабиётларни сотиб олишлари учун 1 миллион сўмдан пул маблағлари берилди. Ўқитувчилар халқаро китобларни мутазам ўқиб, ўз билим ва малакарини оширмоқда.

Президентимизнинг тегишли қарорлари билан хорижий тил ўқитувчиларига ҳатто имтиҳон харажатларини қоплаб бериш масаласи илгари сурилган эди. Мана шу яқин кунларда барча сертификатга эга хорижий тил ўқитувчиларининг имтиҳон харажатлари ҳудудий халқ талими тизимидагиларнинг малкасини ошириш маркази томонидан тўлиқ қоплаб берилади.

Вилоят Халқ таълими тизимида 2676 нафар хорижий тил ўқитувчилари фаолият юритиб, улардан 977 нафарида халқаро ва миллий тил билиш сертификатлари мавжуд. Бу 37 фоизни ташкил этади. Олий таълимда эса жами 256 нафар хорижий тил ўқитувчиси, шулардан 178 нафарида сертификат мавжуд, фоиз ҳисобида 74,40 фоизни ташкил этмоқда. 14—30 ёшда бўлган, хорижий тилни билиш сертификатига эга ёшлар эса 1558 нафарни ташкил этади.

Юқорида таъкидлаб ўтилган статистика олий таълим, халқ таълими, профессионал таълим, мактабгача таълим тизимидаги хорижий тиллар соҳасидаги ўзгаришлар, ислоҳотар натижасида таълим сифатига бевосита таъсир қиладиган сертификация 3-4 баравар ошганидан дарак беради. Республика миқёсида эса Бухоро вилояти иккинчи ўринга кўтарилди.

Нозима ХОЛИКОВА,

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги

Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги

Бухоро вилояти вакиллиги раҳбари, доцент