Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида маълум қилинди.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқот ишларининг барча жараёнларини мувофиқлаштириш масалаларига масъул бўлган маслаҳат органи ҳисобланади.

Кенгаш қуйидаги ташкилотларнинг таълим ва илмий-тадқиқотга оид фаолиятини мувофиқлаштиради:

  • Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази;
  • Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази;
  • Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази;
  • Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси;
  • бошқа диний-маърифий муассасалар.

Шунингдек, Конфессиялар ишлари бўйича кенгаш фаолияти такомиллаштирилиб, унинг таркибига сиёсий арбоблар, жамоатчилик фаоллари, диншунос олим ва мутахассислар кузатувчи сифатида киритилади.

Фармонга кўра, Бухоро вилоятида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади.

Буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш ушбу марказнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилди.

У исломшунослик йўналишидаги илмий тадқиқотларни ҳамда дин билан боғлиқ жараёнлар бўйича таҳлилларни амалга оширувчи илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгиланди.