Бугун, 1 март куни Бухоро тумани, “Шейхонча” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган ушбу маҳорат мактаби фойдаланишга топширилди.

— Деҳчабеги қишлоғида қайта қурилган “Отчопар” базаси ўтган аср саксонинчи йилларида қурилган бўлиб, қарийб 13 гектар майдонни эгаллаган ҳудудда отчопар мактаби фаолияти йўлга қўйилган, – дейди маҳорат мактаби раҳбари Фарҳод Саъдуллаев. — Кейинчалик бу мажмуа ёш иқтидор эгаларини кашф қилиш мақсадида Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тасарруфига ўтказилган. Бунда 2 нафар юқори малакали чавандоз–мураббий томонидан 40 нафар ёш спортчи–чавандоз тарбияланаётган бўлса, уларнинг 10 нафари умидли қизлардир.

“Отчопар” иншооти «Спорт объектлари инфратузилмасини ривожлантириш бўйича инжиниринг компанияси» давлат унитар корхонаси буюртмасига кўра 2021 йил давлат Инвестиция дастурига киритилган бўлиб, уни талаб даражасида барпо этиш учун ўтган йили июль ойидан буён умумий қиймати 5 миллиард сўм маблағ ажратилган. Машғулотлар ва мусобақалар ўтказиладиган йирик ёзги манеж барпо этилиб, унда томошабинлар учун 600 ўринли айвон ва бошқа қулайликлар муҳайё қилинган. Бундан ташқари, мажмуада мураббийлар хонаси, 40 бош йилқига мўлжалланган отхона, емхона, озуқа омбори ва бошқа иншоотлар ҳам қурилган.  

Эндиликда чавандозлар маҳорат мактаби фаолияти самарадорлиги бўйича рейтинг тизими жорий қилинади ҳамда унинг натижаларига қараб раҳбарият, йўриқчи-услубчилар, тренерлар ва бошқа ходимлар маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан ҳар йили базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантириб борилади. Бунда рейтинг кўрсаткичларини шакллантиришда Чавандозлар мактаблари фаолиятига давлат буюртмасига асосан тайёрланган разрядли ва унвонли спортчилар, республика ва халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар, олимпия захиралари коллежлари ҳамда от спорти бўйича Республика олий спорт маҳорати мактабига қабул қилинган ўқувчилар сони ҳам инобатга олинади.

Тадбирда мазкур Чавандозлар маҳорат мактаби юртимизда от спорти шунқорлари, маҳоратли спортчилар ва халқаро миқёсида тан олинган Ғайрат Назаров, Александр Мартинов, Искандар Йўлдошев сингари етук чавандозларларга муносиб издошлар  етиштириб чиқаришда муҳим восита бўлишига ишонч билдирилди.

Тантанали маросимдан сўнг ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари, чавандозлар пойга мусобақалари намойиш қилинди. 

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

"Янги Ўзбекистон" мухбири