Сўнгги йилларда мамлакатимиз бўйлаб сайёҳлик масканларининг инфратузилмасини ривожлантириш, янги туристик йўналишлар ва маҳсулотларни жорий қилиб, соҳадаги илғор хорижий тажрибани татбиқ этишга эътибор қаратилмоқда.

Бухоро шаҳридаги М.Иқбол кўчасида “Тунги мобил бозор” фаолиятининг йўлга қўйилиши эса хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар учун ҳудудларда туризм хизматлари турларини ошириш ва шу мақсадда туризм обектларининг инфратузилмасини тубдан яхшилаш, хусусан, улар учун юртимизнинг бой моддий ва номоддий маданий мероси билан яқиндан таништириш имкониятини беради.

Қайд этиш жоизки, маскандаги ҳар бир иншоот Бухоро, Тошкент, Самарқанд, Хоразм, Қашқадарё вилоятларининг рамзий дарвозалари макети кўринишида қурилган. У ерда ўзбек миллий таомларини тайёрлайдиган умумий овқатланиш шохобчалари, сувенирлар сотиладиган дўконлар, ҳунармандчилик расталари – барчаси бу ерга келаётган сайёҳларнинг ҳайратини бир неча карра оширади.

Шунингдек, “Тунги мобил бозор” ўзига хос тематик услубдаги ёритиш мосламалари билан таъминланган.

Миллий услубда барпо қилинган, савдо-сотиқ қилиш учун барча шароит ва имкониятлар йўлга қўйилган маскан шу кунларда Бухоро шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари билан гавжум.